Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Камбағалликдан фаровонлик сари” одимламоқдамиз
13:08 / 2025-10-23

Сирдарё вилоятида аҳолини камбағалликдан чиқариш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш ва ҳар бир оилани фаол ҳаётга йўналтириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Бу чора-тадбирлар “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида янги босқичга кўтарилиб, жойларда аниқ натижаларни бермоқда.

Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида вилоятдаги 221 та маҳаллада фаолият юритаётган ҳоким ёрдамчилари томонидан 16,8 мингта оила (66,6 минг нафар аҳоли) “камбағал оилалар реестри”га киритилди. Амалга оширилган чоралар натижасида 8,2 минг киши ишга жойлаштирилди, 7,6 минг фуқаро тадбиркорликка жалб қилинди, 2 минг оилага кредит ва субсидия маблағлари ажратилди, 391 нафар фуқаро касб-ҳунарга ўқитилди. Натижада 7,2 мингта оила (28,3 минг нафар аҳоли) камбағаллик ҳолатидан чиқарилди. Ҳозирда 9,6 мингта оила (38,4 минг нафар аҳоли) ушбу рўйхатда қолмоқда.

– Дастур доирасида аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш билан бир қаторда, инфратузилмани ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратилмоқда, – дейди Сирдарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармасининг бошлиғи Абдурауф Таджиев. – Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш мақсадида 44 та сув таъминоти оғир бўлган маҳаллада 56,8 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструксия ишлари бажарилди. 18,6 километр канал ва 31,2 километр лотоклар янгиланди, 5,1 километр коллекторлар тозаланди, 2 та мелиоратив қудуқ, 17 та насос агрегати ва 27 та суғориш қудуғи ўрнатилди. Натижада 24 минг 260 та хонадондаги 4 минг гектар ер майдони сув билан таъминланиб, аҳолининг қўшимча даромад топиш имконияти кенгайди.

Бу ишлар давлат ва жамоат ташкилотлари, “маҳалла еттилиги”, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тижорат банкларининг ҳамкорлиги орқали амалга оширилмоқда. вилоят ва туман даражасидаги  раҳбарларга 5 тадан оғир аҳволдаги оила бириктирилиб, улар камбағалчиликдан чиқариш бўйича индивидуал режа асосида иш олиб борилмоқда. Маҳаллаларда одамларнинг салоҳиятини аниқлаш, томорқадан даромад олиш, касб-ҳунар ўрганиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш ёки ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатиш тизими шаклланди. Болаларнинг таълим муассасаларига бориши, тиббий хизматлардан фойдаланиши ва соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш масалалари ҳам доимий назоратда турибди.

– Биласизми, мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш сиёсати моддий ёрдам билан чекланиб қолмайди. Асосий мақсад — инсоннинг меҳнат фаоллигини ошириш, ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш, тадбиркорлик ва таълим орқали фаровон ҳаёт сари илгарилашини таъминлашдир. Бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида” ги фармони ҳамда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида амалга оширилмоқда, – дейди бошқарма бошлиғи.

Бугунги кунда Сирдарё вилоятида дастур ижроси доимий мониторинг қилиб борилмоқда. Ҳар бир ҳоким ёрдамчиси ойига камида икки марта ўз ҳудудидаги оилалар билан учрашиб, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини таҳлил этади, муаммоларни жойида ҳал қилади. Вилоят ва туман ҳокимликлари ҳамда ижтимоий ҳимоя бошқармалари ўртасида ахборот алмашинуви тизими йўлга қўйилгани натижасида ҳар бир оиланинг иқтисодий фаоллиги ва даромад манбалари устидан аниқ таҳлиллар олиб борилмоқда.

– Аслида, камбағалликни қисқартириш фақат давлат ёрдами билан эмас, балки инсоннинг ўз кучига ишончи, меҳнати ва ташаббуси билан боғлиқ, – дейди Абдурауф Таджиев. – Сирдарёда амалга оширилаётган бу дастур ана шу фалсафага асосланган ҳолда, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашдан фаол ҳаёт сари йўналтиришга хизмат қилмоқда. Ҳар бир оиладаги фаровонлик меҳнат, бирдамлик ва тизимли иш натижасидир.

Ғулом Примов, ЎзА