Фармон ва ижро
Мамлакатимизда инсон қадрини улуғлашга қаратилган изчил сиёсат натижасида камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилиб, меҳнат бозорини ислоҳ қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш, одамларнинг турмуш шароитини яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг 2024 йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Наманган вилоятида аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, кичик бизнесни ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни фаровонлигини яхшилаш, даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиш мақсадида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Аҳолига ижарага берилган экин ерларида экспортбоп мева ва сабзавотлар етиштиришни йўлга қўйиш мақсадида тижорат банклари ҳамда камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимлари томонидан “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида жами 809 гектар майдонда 76 та намунали лойиҳани амалга ошириш белгиланган бўлиб, шундан ўтган йил ҳисобидан 32 контурда 362 гектар майдонда лойиҳалар бажарилган.
Ҳозирга қадар ер майдонларида картошка, қовун, тарвуз, маккажўхори, помидор, кунгабоқар, пиёз, мош, ловия, булғор қалампири сингари мева-сабзавот етиштириш натижасида, 5 минг 400 дан зиёд фуқароларнинг кооперация асосида бандлиги таъминланди.
Масалан, Тўрақўрғон тумани Қодиробод маҳалласида туман камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимининг амалий кўмагида 95 нафар фуқаро томонидан ижара асосида ажратилган 10 гектар ер майдонида юқори даромадли қулупнай маҳсулоти экилди.
Бир мавсумда мавжуд ер майдонидан икки марта ҳосил олиш ҳисобига 160 тонна ялпи ҳосил етиштириш режалаштирилган. Жами даромад эса 2 миллиард 88 миллион сўмга етиши кутилмоқда. Шунда ҳар бир кишига ўртача соф даромад 27,4 миллион сўмга тўғри келиши мумкин.

Норин тумани Пастки Чўжа маҳалласида “Агробанк” билан биргаликда 40 нафар фуқарога ижара асосида ер ажратилиб, 10 гектар майдонда биринчи экинга юқори даромадли “аризона” навли картошка экилган бўлса, такрорий экинга эса маккажўхори экиш режалаштирилган. Бунда 400 тонна картошка ҳосил олиш ҳисобига жами 1,4 миллиард даромад кўриш режалаштирилган.
Аҳолини фаровонлигини ошириш борасида Наманган тумани вилоятда қолган ҳудудларга намуна бўлаётган туман эканлиги таҳсинга молик. Қайд этиш жоизки, дастурни бажариш бўйича ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режасига асосан кам таъминланган тумандаги 470 оила вилоятдаги корхона, ташкилот ва муассасаларнинг 95 нафар раҳбарига бириктирилган. Масъул мутасаддилар эса барча оила вакиллари билан учрашган ҳолда, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастурига асосан Энергетика вазирлиги Наманган туманига бириктирилган бўлиб, тумандаги оғир тоифадаги маҳалла танлаб олинган. Ушбу ҳудудларда 18 миллиард сўмлик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш орқали камбағалликдан чиқариш чоралари белгиланган. Вакил томонидан танлаб олинган маҳаллалардаги 20 хонадонга тикув дастгоҳлари, 10 хонадонга қуёш панеллари ўрнатилди ва 10 хонадонга сиҳатгоҳларга йўлланмалар берилди.
“Сайхунобод” тажрибаси асосида Наманган туманида микролойиҳаларни амалга ошириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди. Жорий йил давомида, ҳар бир маҳалладан 40 тадан жами 4 минг 600 иш ўринли 2 минг 120 микролойиҳа ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Масалан, “Асадбек ғишт саноати” масъулияти чекланган жамият томонидан қайта ишлаш корхонаси музлатгичли омбор, маҳсулотларни қуритиш ускуналари ўрнатилган бўлиб, ўзига яқин бўлган Саховат, Намуна, Қўшчинор, Наврўз, Равнақ, Қўқон қишлоқ, Урганжи, Бешкапа каби маҳаллалар бириктириб чиқилди. Эндиликда томорқадан фойдаланмаган фуқарони ер солиғини уч бараварга ошириш, томорқасидан самарали фойдаланиб яхши даромад олган фуқарони ер солиғи икки баробар камайтирилади.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, бугунги кунда ишсизлар сони 3 минг 600 нафар бўлиб, ишсизлик даражаси 5,1 фоизни ташкил этмоқда. Ҳисоб китобларга кўра, йил якунлари билан ишсизлик даражасини 4,1 фоизга тушириш режалаштирилган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири.