Камбағалликни қисқартириш — фақат статистик кўрсаткичлар ёки ҳисоботлар билан ўлчанадиган жараён эмас. Бу, аввало, ҳар бир маҳалладаги оилалар турмуши, инсоннинг ўз меҳнати орқали барқарор даромад топа олиши билан боғлиқ масаладир. Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 23 январь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида камбағаллик ва ишсизликка қарши курашда маҳалланинг ўрни ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, маҳаллаларни аниқ ихтисослаштириш, томорқадан унумли фойдаланиш, аҳолини сув, уруғ-кўчат ва бозор билан узвий боғлаш орқали қисқа вақт ичида салмоқли натижаларга эришиш мумкин. Бугунги кунда республика бўйича 903 та “оғир” маҳаллада катта ҳажмда томорқа ва ижара ерлари мавжуд бўлиб, улар тўғри бошқарилса, минглаб оилалар учун барқарор даромад манбаига айланиши мумкин.
Бу ёндашувнинг амалий ифодасини Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги Андижон маҳалласи мисолида яққол кўриш мумкин. Жумладан, чекка ва “оғир” тоифага киритилган маҳаллаларда аҳолини иш билан таъминлашда айнан томорқачилик, деҳқончилик ва оилавий тадбиркорликка таянилмоқда. Энг муҳими, йирик саноат корхоналари мавжуд бўлмаган, туманнинг энг чекка ҳудуди ҳисобланган мазкур маҳаллада ер аҳоли учун энг ишончли имконият манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.
– Маҳалламизда 1 минг 170 та хонадонда 6 минг 750 нафар аҳоли истиқомат қилади, – дейди "Андижон" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Абдусалим Абдусалимов. – Йирик ишлаб чиқариш ёки саноат корхоналарининг мавжуд эмаслиги узоқ йиллар давомида ишсизлик ва даромад етишмаслигининг асосий сабабларидан бири бўлиб келган. Бироқ маҳалламиз қўлида муҳим ресурс — 70,4 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Айни пайтда айнан шу имконият маҳалланинг иқтисодий таянчига айланмоқда.
Маҳаллада аҳоли асосан қишлоқ хўжалиги билан шуғулланади. Жумладан, 32 нафар фуқаро иссиқхона хўжалиги орқали йил давомида барқарор даромад олаётган бўлса, 400 нафар аҳоли чорвачиликни оилавий бизнес даражасига кўтарган. Шунингдек, 50 нафар фуқаро кичик бизнес, 28 нафари хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритмоқда. Қолган аҳоли эса деҳқончилик ва мавсумий меҳнат ҳисобига рўзғор тебратмоқда.
– Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликлари улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ёшлар бандлигини таъминлаш ва даромадини оширишда муҳим аҳамият касб этди, – дейди ҳоким ёрдамчиси Шерзод Тўраев. – Ушбу қарор асосида маҳалламиз ҳудудидаги фермер хўжаликларига қарашли 36,5 гектар ер майдони 730 нафар ёшга 50 сотихдан ажратилиб, қовун, тарвуз, ошқовоқ, сабзавот, мош ва ловия экишга йўналтирилди. Молиявий имконияти чекланган ёшларга тижорат банклари орқали имтиёзли кредитлар берилди. Бу эса уларнинг бандлигини таъминлаш баробарида оилаларининг моддий фаровонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Шу маҳаллалик Усмонжон Эшонқулов ўтган йили ажратилган 50 сотих ерда “Оби Наввот” навли қовун етиштирган бўлса, Эркин Эшбоев 50 сотих ерда “Оқ уруғ” навли қовун, шунингдек, буғдойдан бўшаган 5 гектар ерга иккинчи экин сифатида мош экди. Натижада 50 сотих ердан 30–55 миллион сўмгача, қўшимча экин ҳисобидан эса яна қўшимча даромад олинди.
– Ер ажратилиши, банк кредити ҳамда маҳаллий мутахассислар ва агрономларнинг амалий ёрдами туфайли бундай натижаларга эришдик, – дейди лойиҳа иштирокчиси Фурқат Баймиев. – Бир мавсумда 50 миллион сўмгача даромад олдик.
Тўғрисини айтганда, Андижон маҳалласи вилоят ва туман марказларидан узоқлиги сабабли узоқ йиллар давомида айрим инфратузилма масалаларида эътибордан четда қолган. Хусусан, йўл, канализация, кўп қаватли уйларнинг эскиргани каби муаммолар мавжуд эди. Яқинда вилоят ҳокимининг ташрифи чоғида ушбу муаммолар ўрганилиб, маҳаллани “оғир” тоифадан чиқариш, аҳоли даромадини ошириш ва муносиб шарт-шароит яратиш бўйича манзилли дастур қабул қилинди ҳамда 10 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши белгиланди.
– Ҳоким ташрифидан сўнг кўчалар тозаланди, тунги ёритиш чироқлари ва 360 даражали кузатув камералари ўрнатилмоқда. Бу эса маҳаллани хавфсиз ва обод ҳудудга айлантирмоқда, – дейди маҳалла раиси.
Маҳаллада томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бўш турган томорқалардан унумли фойдаланиш, бир йилда икки-уч марта ҳосил олиш амалиёти йўлга қўйилган. Кеч кузда саримсоқ ва исмалоқ экилган томорқалар эрта баҳорда қўшимча даромад манбаига айланмоқда.
Иссиқхона хўжалигини ташкил этган Холбек Турсунбоев тажрибаси бу йўналишнинг самарадорлигини яққол кўрсатиб берди. Илк 2 сотих ерда бошланган иссиқхона хўжалиги бугун 9 сотихга кенгайди.
[gallery-27370]
– Иссиқхона хўжалигини ташкил этиш бўйича ижтимоий тармоқларда берилган мутахассислар маслаҳати мен учун ниҳоятда қўл келди. Дастлаб, 2017 йилда фаолиятимни бошлаганман,– дейди у. – Бир мавсумда уч маротаба ҳосил оляпман. Кеч кузда саримсоқ ёки пиёз, март ойида бодринг экиб, ундан бўшаган иссиқхонага июль ойида яна қайта бодринг экиб, даромад олдим. Бунинг ҳисобидан нафақат ўзим, балки оила аъзоларим ҳам иш билан таъминланган. Қувонарлиси, уй-рўзғор фаровонлиги айнан иссиқхона хўжалиги ортидан таъминланмоқда.
Айни пайтда маҳаллада иссиқхона билан шуғулланувчи оилалар сони 32 тага етди. Келгусида ушбу йўналишни янада оммалаштириш, аҳоли даромадини ошириш ва камбағалчиликни қисқартириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.
– Яқин кунларда иссиқхоначиликка қизиққан оилаларни жамлаб, бу борада катта тажрибага эга Сирдарё туманидаги Қуёш маҳалласига, шунингдек, бананчилик йўналишида ютуқларга эришаётган Сурхондарё вилоятига тажриба алмашиш мақсадида ташриф буюришни режалаштирганмиз. Бунинг учун туман ҳокимлиги транспорт масаласида кўмак берса, режаларимиз амалга ошади, – дейди ҳоким ёрдамчиси.
Кичик бизнес ҳам босқичма-босқич ривожланмоқда. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастури доирасида Дилноза Имомовага ажратилган 50 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига маҳаллада қандолат маҳсулотлари ва тез тайёр бўладиган таомлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ҳамда 4 та иш ўрни яратилди.
– Айни пайтда аҳоли талабидан келиб чиққан ҳолда 10–15 турдаги пишириқ маҳсулотлари ишлаб чиқаряпман. Шунингдек, истеъмолчилар маҳсулотларни шу ернинг ўзида истеъмол қилиши учун кичик тамаддихона ҳам очдим. Яратилган иш ўринларида иш ҳақи мавсумга қараб ўзгариб боради: ёз ойларида 5–6 миллион сўм, қиш ойларида эса 3–4 миллион сўм атрофида. Олинган фойда ҳисобидан Nexia-3 автомашинаси харид қилдим. Насиб қилса, фаолиятимни янада кенгайтириб, қолипли нон ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчиман. Бунинг учун қўшимча 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиш ниятидаман, – дейди тадбиркор.
Андижон маҳалласида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги, аввало, “маҳалла еттилиги” фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. Ер ажратишдан тортиб, сув таъминоти, уруғ-кўчат билан таъминлаш, агротехник маслаҳатлар ҳамда маҳсулотни сотишгача бўлган бутун жараён тизимли йўлга қўйилган.
Бугун Андижон маҳалласида шаклланаётган тажриба камбағалликка қарши курашнинг амалий модели сифатида аҳамият касб этмоқда. Чунки бу ерда асосий эътибор шунчаки ёрдам беришга эмас, балки инсонни ўз меҳнати орқали барқарор даромад топишга ўргатишга қаратилган. Айнан шу ёндашув камбағалликни барқарор қисқартиришнинг энг ишончли йўли ҳисобланади.
Ғулом Примов, Анваржон Сайидкулов (видео) ЎзА