Нурафшон шаҳрида Тошкент вилоят ҳокими Зойир Мирзаев, сектор раҳбарлари, давлат ва жамоат ташкилотлар мутахассислари иштирокида “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури бўйича жойларда масъуллар томонидан бажарилган ишлар таҳлилига бағишланган йиғилиш ўтказди.
Унда масъулларга бириктирилган камбағал оила билан индивидуал шуғулланиш, улар барқарор даромадга киргунча фаол равишда иш олиб бориш шартлиги таъкидланди.

Йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори Мансурбек Оллоёров иштирок этиб, камбағал оилалар реестрини шакллантириш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, орзу-умидларидан келиб чиққан ҳолда, истиқболдаги режаларни тузиш, махсус электрон платформа орқали бу тажрибани қайд этиб бориш лозим эканлигини атрофлича тушунтирди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги мутахассислари платформани қандай тўлдириш, камбағал оилалар реестрини адолатли, ҳаққоний юритиш бўйича иш олиб бориш тартибини видеоселекторда иштирок этган “Маҳалла еттилиги”га кўрсатиб, батафсил тушунтирилди. Тошкент вилоятида тўпланган ва самара келтирган ижобий тажриба келгусида республика миқёсида камбағалликка қарши кураш жабҳасига татбиқ этилиши мўлжалланмоқда.

Йил бошида вилоятда жами аҳолининг 10,2 фоизини камбағал оилалар ташкил этган бўлса, саъй-ҳаракатлар натижасида йил якунида бу борадаги кўрсаткични 7 фоизга тушириш кутилмоқда. Бошқача айтганда, ҳозир ҳудудда 63 минг 9 та камбағаллик даражасидаги оилалар мавжуд. Уларнинг ҳар бири билан индивидуал тартибда иш олиб борилмоқда.
Эндиликда, вилоятда раҳбарлар ҳафтанинг жума кунида ўзига бириктирилган камбағал оилаларда бўлиб, улар билан суҳбатлашади. Берилган имтиёз ва имкониятларни тушунтиради. “Камбағалликдан фаровонлик сари” давлат дастурида белгиланган еттита йўналишда, яъни, турмуш тарзи, ижтимоий тафаккурини яхшилаш, ривожлантириш борасида биргаликда иш олиб боради.

Масалан, ўтган ҳафта 4 октябрь куни ўтказилган “Камбағал оилада бир кеча” акцияси доирасида 220 нафар вилоят бошқармалари ва туман, шаҳарлар сектор раҳбарлари қатнашгани катта ижобий самара берди. Хусусан, 456 нафар фуқаро ишга жойлашган, яна 367 та оиланинг фарзандлари турли тўгаракларга жалб қилинди.
Йиғилиш якунида мутасадди раҳбарларнинг ахбороти тингланди ва келгусидаги қилиниши лозим бўлган режалар келишиб олинди.
А.Мусаев,ЎзА.