Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликдан чиқаришда саломатлик муҳим
09:04 / 2024-09-24

Давлатимиз раҳбари шу йил 11 сентябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида бундан буён камбағалликни қисқартириш умуммиллий ҳаракатга айланиши, бўғиндаги раҳбарларнинг кундалик иши оилаларни камбағалликдан олиб чиқиш бўлиши кераклигини таъкидлаганди.

Йиғилишда белгилаб берилган топшириклар асосида Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали ходимлари аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича намунали ҳудудга айлантирилаётган Қўшработ туманида аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказмоқда.  

– Аввало, кам даромадли оилалар турмуш шароитини ўрганиб, уларни камбағалликдан чиқариш чора-тадбирлари бўйича ўрганишлар жараёнида аниқланган соғлигидан шикоят қилган фуқаролар рўйхати шакллантирилмоқда, – дейди Республика ихтисослашган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази Самарқанд филиали бош врачи Гулзода Негматова. – Сўнгра бу фуқаролар ходимларимиз томонидан кўрикдан ўтказилиб, даволаш, ташхислаш ва скрининг тадбирлари олиб борилмоқда. Жумладан, Мустақиллик маҳалласида 40 ёшдан ошган аҳоли ўртасида скрининг тадбирлари ўтказилди ва касаллик аниқланган фуқароларни даволаш чоралари кўрилди.

68-умумтаълим мактабида болалар ўртасида эндокрин касалликларни эрта аниқлаш мақсадида ташкил этилган кўрикда 270 нафар ўқувчининг 31 нафарида турли эндокрин касалликлар аниқланиб, зарур тавсиялар берилди.

Тиббиёт бирлашмасининг жарроҳлик бўлимида филиал жарроҳлари томонидан икки нафар фуқарода қалқонсимон безнинг юқори технологик жарроҳлик амалиёти муваффаққиятли бажарилди ва туман тиббиёт бирлашмаси жарроҳларига маҳорат дарси ўтказилди.

Эндокрин касалликлар билан касалланган ўндан ортиқ беморлар айни пайтда филиалда даволанмоқда.

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири