Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағаллик – жамият учун долзарб муаммо
19:12 / 2023-05-18

Пойтахтимиздаги “Hilton” меҳмонхонасида “Камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни татбиқ этиш” II Халқаро форуми бўлиб ўтмоқда.

Форумда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Бехзод Мусаев камбағаллик жамият учун долзарб муаммо эканини  таъкидлади.  

Қайд этилганидек, мамлакатимизда илк маротаба минимал истеъмол харажатлари асосида камбағаллик чегараси ва даражаси қонунчилик ҳужжатлари асосида жорий этилди. Ҳудудларда ўтказилган тадқиқот ва ўрганишлар асосида камбағал оилалар сони аниқланди. Шу билан бирга ижтимоий ёрдамга муҳтож оилалар сони шакллантирилиб, ижтимоий ҳимоя ягона реестри жорий этилди. Бир неча йил ичида шакллантирилган ахборот базаларига киритилган муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар миқдори 4 баробарга кўпайди.  

 – Камбағал оила ва фуқароларни аниқлаб олганимиздан кейин, камбағалликдан чиқариш бўйича асосий 9 та йўналиш белгилаб олинди, – деди Б.Мусаев. – Ҳар бир маҳаллада аҳоли бандлигини таъминлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлган ҳоким ёрдамчилари институти жорий этилди. Бу билан амалга оширилаётган ишларимизнинг аниқ манзилга етиб боришига механизм яратилди. Шуни ҳам айтиш жоиз, ҳоким ёрдамчилари ёрдамида 1,4 миллион нафар ишсиз аҳоли доимий ва мавсумий иш жойларига эга бўлди. 200 минг аҳоли касбга ўқитилди. 420 мингга яқин камбағал аҳолига узоқ муддатли ижарага ерлар берилди. Бу йилдан эса камбағалликни қисқартириш бўйича янги босқични бошламоқчимиз. Мамлакатимизда охирги 7 йилда қулай бизнес муҳити натижасида 100 минглаб муваффақиятли тадбиркорлик синфи пайдо бўлди.  

[gallery-11935]

Форумда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров ўтган даврда камбағалликни қисқартириш борасида эришилган натижалар ва давлатимизнинг бу борада амалга оширган ишлари тўғрисида маълумот берди.  

–  Ўзбекистонда камбағаллик даражаси муттасил равишда камайиб боряпти, – дейди бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров. – Камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизгача камайди. Бугунги кунга келиб 2 млн. одам ижтимоий нафақа оляпти. Бу камбағалликка қарши курашнинг самарали йўли бўлиши мумкин, аммо ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан камбағалликни қисқартиришга эриша олмаймиз. Жаҳон банки билан биргаликда ҳамкорлигимизнинг энг катта йўналиши инсон капиталини ривожлантириш ҳисобланади. Биринчи ўринда, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларида тадбиркорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратмоқдамиз. Шунингдек, қишлоқ ҳудудларида саноатни ҳамда  инфраструктурани ривожлантириш мақсад қилинган.  

Форум доирасида ҳамкорликка оид бир қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.  

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА