Ширин шаҳрида камбағаллик ва ишсизликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда. Бу ҳақда шаҳар ҳокими Дилфуза Камбаровага тақдим этилган махсус тақдимотда маълум қилинди.
Тақдимотга кўра, 2025 йил давомида шаҳарда 2 минг 865 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланиб, белгиланган режа 105 фоизга бажарилган. Жумладан, инвестиция лойиҳалари ҳисобига 494 та, қурилиш соҳаси орқали 228 та янги иш ўрни яратилган. Тижорат банклари кўмагида 2 минг 142 нафар фуқаро иш билан таъминланиб, уларга жами 12,5 млрд сўм миқдорида кредит ажратилган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида шаҳарда камбағаллик даражаси йил бошидаги 5,7 фоиздан йил якунига келиб 3,8 фоизга туширилган. Ҳисобот даврида 234 та оилани камбағалликдан чиқариш мақсадида 902 нафар оила аъзоси турли хизматлар билан қамраб олиниб, уларни барқарор даромадли қилиш бўйича манзилли ишлар олиб борилган. Хусусан, 98 нафар фуқаро доимий иш ўрнига жойлаштирилган, 180 нафари тадбиркорликка жалб этилган, 31 нафари касб-ҳунарга ўқитилган. Молиявий қўллаб-қувватлаш доирасида эса 1,9 млрд сўм кредит ва ссудалар ажратилган.

2026 йилга мўлжалланган режаларга кўра, шаҳарда 3 минг 485 нафар аҳолининг бандлигини таъминлаш, шу жумладан 806 та доимий иш ўрни яратиш, 1 минг 778 нафар фуқаронинг даромадини ошириш ҳамда 901 та иш ўрнини “соя” иқтисодиётидан чиқариш кўзда тутилган.
Тақдимот якунида шаҳар ҳокими Дилфуза Камбарова белгиланган кўрсаткичларга сўзсиз эришиш, ҳар бир оила билан манзилли ишлаш ва амалга оширилаётган чора-тадбирлар самарадорлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири