Жиззах вилояти экология, атроф муҳит муҳофазаси ва иқлим ўзгариш бошқармаси раҳбари Эркин Холматов томонидан камбағаллик рўйхатига киритилган 5 та оиланинг яшаш шароити ўрганилди.
Президентимизнинг жорий йил 23 сентябрдаги “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, ҳудудларда аҳоли турмуш шарт-шароитини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш дастурларининг натижадорлигига эришишда янгича ёндашув ва тўпланган миллий тажрибани қўллаш чора-тадбирларини янада юқори босқичга олиб чиқиш мақсадида бир қатор вазифалар белгилаб берилган.

Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти органлари камбағал оилалар билан мунтазам тўғридан-тўғри алоқа ўрнатиши, бирдамликда ҳаракат қилиши ҳамда раҳбарларни камбағал оилаларга бириктириш, уларнинг муаммоларини биргаликда ечиш ана шундай вазифалардан бири ҳисобланади.

Белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Жиззах вилояти экология, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси раҳбари Эркин Холматов томонидан Пахтакор туманида камбағаллик рўйхатига киритилган 5 та оиланинг яшаш шароитлари ўрганилди. Оила аъзолари билан яқиндан мулоқот қилиниб, уларнинг муаммолари тингланди.

“Тошкент” МФЙ ҳудудида яшовчи Ғулом Олимов ва унинг рафиқаси Нилуфар Олимовалар тумандаги “ЕKOSFЕRA” МЧЖга ишга жойлаштирилди. Бошқа оилаларнинг муаммолари ҳам атрофлича ўрганилиб, уларни доимий иш ўринлари билан таъминлаш, доимий даромад манбаларини шакллантириш ва шу асосда камбағаликдан чиқариш борасида чора-тадбирлар белгиланиб, амалий ишлар олиб борилмоқда.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари