Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағал оилалар фаровонлиги учун
08:43 / 2025-04-24

Мамлакатимиз раҳбарининг “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури ижросини таъминлашда Президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан жойларда салмоқли ишлар қилинмоқда.

Агентликнинг Наманган вилояти бошқармаси ташаббуси билан Тўрақўрғон туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида ўтказилаётган “Фаровон оила” мавзусидаги ўқув-амалий семинарлар ҳам айни шу мақсадга қаратилди.

Хусусан, туманнинг Исвахон, Қўшқайрағоч, Ермасжид, Бураматут, Паросмон ва Дукат маҳаллаларида бўлиб ўтган  мулоқотларда “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази психологлари, “Маҳалла еттилиги”, шу жумладан, ижтимоий ходимлар, камбағал оила тоифасидаги “Ижтимоий ҳимоя” реестрига киритилган оилалар вакиллари иштирок этди.

Семинар иштирокчилари мақсадларни тўғри қўйиш, ижобий хислатларни шакллантириш, жамоа билан ишлаш, фарзанд тарбияси каби муҳим мавзулардаги тренингларда манфаатли маърузаларни тинглади.

Айниқса, шахснинг соғлом муносабатларни йўлга қўйиш, улардаги ёлғизлик, стресс, депрессия, ўзига ишончсизлик, ўзига паст баҳо бериш билан боғлиқ ҳолатларни енгиш, ўз имкониятларини чеклашга мойиллик, жабрдийдаликдан чиқариш кўникмаларини ривожлантиришга оид суҳбатлар манзур бўлди. 

Қолаверса, ноанъанавий ёндашув асосида ташкил этилган ўқувларда шахснинг ҳаётга бўлган қизиқиши, шижоатини, ўзига бўлган ишончини ошириш, оилавий муносабатларни тўғри йўлга қўйиш ҳамда мустаҳкамлаш, оилада боланинг тарбия ва келажаги учун ота-онанинг роли муҳимлиги мавзуларида қизғин баҳс мунозараларга киришилди.

Эътиборлиси, анжуманларда ҳар бир қатнашчи билан шахсий ривожланиш ҳамда ўз қобиғидан чиқиш бўйича иш олиб борилади. Бу эса ўз навбатида аёл-қизларга керакли мотивацияларни тақдим этиб, янги мақсадлар белгилаб олишлари ва унга эришиш механизмларини ишлаб чиқишларида яқиндан ёрдам беради. 

Бу каби семинарлар битта маҳаллада бир ой давомида ташкил этилади ва иштирокчилар режа асосида фаровонликка эришиш бўйича зарурий кўникмаларга эга бўлади.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА