Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Камбағалликни қисқартириш борасидаги ишларнинг ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ҳамда Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитаси томонидан ўтказилган кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг “Камбағал оилалар фарзандларининг мактабгача таълим муассасаларида ва умумтаълим мактабларида сифатли таълим олишини ташкил этиш ҳамда уларга ҳар томонлама кўмаклашиш соҳасида амалга оширилган ишлар тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Вазирлик ахборотида келтирилганидек, камбағал oила фарзандларини мактабгача таълим билан қамраб олинишини янада яхшилаш мақсадида ҳудудий ҳокимликлар билан биргаликда камбағаллик юқори бўлган 1000 та маҳалла рўйхати шакллантирилди. Уларда тадбиркорларни жалб қилган ҳолда нодавлат оилавий мактабгача таълим ташкилотлари ташкил этилмоқда.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даврида 1 минг 187 та оилавий мактабгача таълим ташкилотини ташкил этиш бўйича битимлар имзоланиб, 50 минг 40 та бола ўрни яратилишига эришилди.
50 та туманда “Илк ривожланиш марказлари”ташкил этилди. 2026-2028 йилларда қолган туман ва шаҳарларда марказлар ташкил этилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда “Илк ривожланиш марказлари”да жами 5 минг 366 нафар болалар қабул қилинган бўлиб, шундан 1 минг 657 нафари камбағал оилалар фарзандлари ҳисобланади.

Шу билан бирга, Президентимизнинг “Ёшларни хорижий тилларга ўқитиш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча
чoра-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан ўқув марказлари, маҳаллий ҳунарманд ва репетиторлар билан текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида 910 та ижара шартномаси имзоланган. Мазкур ўқув марказларига хорижий тилларни ўқитиш мақсадида 23 минг 476 нафар ўқувчи жалб қилинган бўлиб, уларнинг 3 минг 762 нафарини камбағал оилаларнинг фарзандлари ташкил этади.
Муҳокамаларда айрим ҳудудларда мактабгача таълимга қамров даражаси пастлиги, имтиёзлар ҳақида ота-оналарнинг хабардорлиги етарли эмаслиги, чекка ҳудудларда қўшимча таълим хизматлари ва тўгараклар имконияти чеклангани танқид остига олинди. Ажратилаётган маблағлар самарадорлигини ошириш бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА