Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
11:49 / 2025-12-22

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси “Ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали камбағал аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди.

Унга мувофиқ: 

ҳудудларда “маҳалла еттилиги” томонидан ўрмон фонди ерларида саноатбоп, манзарали ва мевали дарахт турларидан иборат ўрмонлар барпо этиш, кўчатхоналар ташкил этиш ва доривор ўсимликлар етиштириш лойиҳаларини амалга ошириш орқали даромад топиш истагини билдирган камбағал оила аъзолари аниқланади; 

ўрмон фонди ерларида лойиҳаларни амалга ошириш истагини билдирган камбағал оила аъзолари оилавий пудрат шартномаси асосида жалб этилади. Бунда оилавий пудрат шартномасида белгиланган миқдорда экиладиган дарахт кўчатлари сони субсидия тўлаш учун асос бўлган миқдордан кам экилганда ёки кўчатлар экилгандан кейин уларнинг 50 фоизидан ками кўкариб чиқмаганда, камбағал оила аъзоси томонидан дарахт кўчатлари қайтадан экилади; 

лойиҳалар доирасида экиладиган кўчатлар давлат ўрмон хўжаликлари ташкилотлари томонидан камбағал оила аъзоларига бепул етказиб берилади. 

Қарор билан Камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси билан биргаликда “маҳалла еттилиги” томонидан ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромад топиш истагини билдирган камбағал оила аъзолари рўйхати ҳар йили январь ва август ойларида шакллантирилиб, тегишли давлат ўрмон хўжалиги ташкилотларига тақдим этиб борилади. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда шакллантирилган рўйхатга мувофиқ камбағал оила аъзоларини ўрмон фонди ерларида лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда дарахт кўчатларини экиш ва парваришлаш ишларига жалб этиш чоралари кўрилади. 

Қарорга мувофиқ “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги маблағлар ҳисобидан камбағал оила аъзоларига субсидиялар ажратилади. 

Мазкур Низом камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ва парваришланган ҳар 100 та дарахт учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида субсидия ажратиш тартибини белгилайди.

ЎзА