Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камбағалликни қандай қилиб камайтирса бўлади?
20:40 / 2020-04-09

Халқнинг меҳрини қозониш билан бирга бундан 13 йил муқаддам ноҳақ айбланиб, умрининг ўн йилини панжара ортида ўтказган.


Бухоролик Аскар Нозимов кўплаб йиллар самарали меҳнат қилиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида кўплаб ижобий ишларни амалга оширган. Халқнинг меҳрини қозониш билан бирга бундан 13 йил муқаддам ноҳақ айбланиб, умрининг ўн йилини панжара ортида ўтказган.

– Шукрки, кеч бўлса-да ҳақиқат қарор топди, – дейди биз билан суҳбатда Аскар Нозимов ўша йилларни эсга олиб. – Панжара ортида ўтириб, Ўзбекистонда бўлаётган ислоҳотларни эшитардим. Давлат раҳбари томонидан олиб борилаётган сиёсатнинг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши, яратилаётган имкониятлар, юртимиздаги ўзгариш ва бунёдкорликлар мени ислоҳотларга ҳисса қўшишга ундарди. Афсуски, орзуларим панжара ортида қолиб кетишидан қўрқардим. Ниятим холис эди. Адолат эгилади, букилади лекин асло синмаслигига амин бўлдим. Юртимизда олиб борилаётган туб ўзгаришлар мени оқланиб чиқишимга сабаб бўлди. Кўп йиллик самарали меҳнатим, халқимнинг ишончи мени ҳаётга қайтарди.

Аскар Нозимов Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Бухоро вилояти кенгаши раиси лавозимига сайланди.

Дастлаб у ишчи-ходимларнинг янада самарали ишлаши учун шароит яратишга алоҳида эътибор қаратди. Вилоятда кейинчалик ҳар бир туманда “Томорқа хизмати” МЧЖ ташкилотига асос солди. Ҳудудларда ташкил этилган субъектларнинг фондини шакллантиришга киришди. Аҳоли уйларига товуқ, қуён, қўй-қўзи, эчки етказиб беришни бошлади. Бандлик ташкилотида субсидия ажратиш имконияти бор эди, улар билан шартнома тузиб, кўчат етиштиришни йўлга қўйди. Аҳолига бепул кўчат етказиб берди. Иссиқхоналар қуриб, уларда харидоргир қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш бўйича ишларни амалга оширди. Аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланган ҳолда қулупнай ниҳолларидан тайёр маҳсулот етказишгача бўлган ишларда бош-қош бўлди.

– Президентимизнинг парламентга йўллаган мурожаатномасидаги “Ҳудудларда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги сир эмас. Ҳар қандай мамлакатда бўлгани каби бизда ҳам кам таъминланган аҳоли қатламлари мавжуд. Турли ҳисоб-китобларга кўра, улар тахминан 12-15 фоизни ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда”, деган сўзлари мени изланишга, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишга ундади. Ўзини юртга дахлдор ҳисоблаган инсон борки, виждони қийналади, ҳаловати йўқолади. Фақат давлат раҳбаригина эмас, бошқа амалдорлар ҳам, бой-бадавлат кишилар ҳам камбағалликни камайтиришга ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини англаб етади, — дейди Аскар Нозимов.

photo_2020-04-09_20-42-18.jpg

Айни кунларда Аскар ака бошчилигидаги кенгаш аҳоли хонадонларига 3 сотихли иссиқхона қуриб беришни бошлаган.

– Кредит асосида қурилаётган 3 сотихли иссиқхоналар 8 миллион сўмга тушмоқда, — дейди Аскар ака Нозимов. — Агар шу ерда қулупнай экиб, эрта баҳорда уни бозорга олиб чиқса, бир йилда 90 миллион сўм соф фойда олиш имконини беради. Бундан ташқари, бугунги кунда помидор, бодринг, булғор қалампири, бақлажон каби кўплаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиш имкони ҳам бор. Таъкидлаш жоизки, бугун аҳолининг аксарият қисмида боқимандалик кайфияти ҳукм сурмоқда. Шундай оилалар борки, томорқаси мавжуд бўла туриб, ундан унумли фойдаланмасдан келмоқда. Мана шундай оилалар билан алоҳида иш олиб бориш натижасида уларни боқимандалик кайфиятидан чиқариш бизнинг устивор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Шу ўринда яна бир гапни айтишни жоиз топдим. Жаҳонда ҳукм сураётган коронавирус пандемияси барча халқлар қатори бизни ҳам четлаб ўтмади. Лекин пандемияни олдини олиш, унга қарши курашиш мақсадида давлат раҳбари юртдошларимизга мурожаат йўллаб, ҳар бир фуқародан ўзини эҳтиёт қилишни сўради. Мамлакатда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилаётганлигини таъкидлади. Шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз кераклигини уқтирди. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъул бўлишимизни айтиб ўтди. Шу ўринда кенгаш томонидан ҳам дастур тайёрланиб, ижрога қаратилди. Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида аҳоли хонадонларида тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Экилмай қолган томорқаларда кенгаш ҳузуридаги “Томорқа хизмати” МЧЖ томонидан иссиқхоналар, токзорлар яратиб берилмоқда.

Дарҳақиқат, бугун вилоятнинг ҳар бир хонадонида баҳорги экиш ишлари авжида.

Вилоятнинг Жондор тумани, Пўлоти маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи фуқаро Санжар Саъдуллаевнинг таъкидлашича, 2 сотихли иссиқхона қуриш учун унга банкдан имтиёзли кредит расмийлаштирилган. Бодринг кўчатларини бепул ўтқазиб беришда кенгаш ходимлари жонбозлик кўрсатмоқда. У мазкур иссиқхонада 4 нафар оила аъзолари билан ишлаб, етиштирган маҳсулотларни бозорга чиқаришни режалаштирмоқда.

Худди шундай жондорлик Зилола Нарзиева ҳам кенгаш томонидан яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, 16 миллион сўм эвазига иссиқхона қурдириб, унга 500 та помидор ниҳоллари ўтқазган. Дастлабки ҳисоб-китобларга асосан, томорқачи бир йилда помидорнинг ўзидан 5,5 миллион сўм соф фойда олиб, яна 3 йил ичида олинган кредитни ёпиш чораларини кўрмоқда. Шу билан бирга оила аъзоларининг иш билан бандлиги уни янада қувонтирмоқда.

Бу йил кенгаш ташаббуси билан ҳар бир туманда 1 гектардан иссиқхоналар қурилиб, тарвуз экилди. Буни Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманидан ўрганиб келган тиниб-тинчимас Аскар ака ҳосилнинг яхши бўлишига умид қилмоқда. 4 ойда ҳосил тайёр бўлади. Даромади ҳам зўр. Шу билан бирга экспортбоп маҳсулот ҳисобланади.

Миришкор деҳқон Аскар Нозимов яна бир ташаббусга қўл урди. Бу ҳам бўлса ҳудудлардаги кам таъминланган оилаларга Суғдиёна навли узум ниҳолларини келтириб, ўтқазиб бермоқда. Яна бир гап. Ниҳол кўчатлари ўтқазишда фақатгина экспортбоп навлар танланаётир.

Лойиҳаларни амалга оширишда “Бир маҳалла — бир маҳсулот” тамойилига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

— Кенгаш томонидан қилинаётган хайрли тадбирларни эшитиб, мазкур ташкилотга мурожаат қилдим, — дейди Жондор тумани, Ибн Сино МФЙ, Беклар қишлоғида яшовчи Азамат Турсунов. — 2 сотих ерим бўш турган эди. Мазкур ерга экспортбоп Суғдиёна навли 55 та кафолатланган узум ниҳоллари ўтқазиб беришди. 2 миллион 400 минг сўм миқдорида кредит ажратилди. Ниҳоллар 3 йилдан сўнг ҳосилга кириб, савдога чиққандан сўнг тўланиши бўйича шартномалар расмийлаштирилди. Бу билан мен ва оила аъзоларимиз ишлик ҳам бўлдик.

Шу қишлоқда яшовчи Рустам Халилов хонадонида ҳам 3 сотих томорқада 80 та Сўғдиёна навли узум ниҳолларини ўтқазилганлигига гувоҳ бўлдик. Мазкур лойиҳани амалга оширишда 3,3 миллион сўм имтиёзли кредит маблағлари расмийлаштирилган. Хонадон эгасининг ҳисоб-китобига кўра, 1 та токдан 80 килограмгача узум олиш имкони борлиги айтилди. Хонадон бекаси Санобар опанинг таъкидлашича, у яқин келажакда кенгаш ҳузурида ташкил этилган “Муҳаммадали томорқа хизмати” МЧЖдан жўжа олиб парваришлашни режалаштирмоқда.

Биз Аскар Нозимов билан бўлган суҳбатимиз жараёнида аҳоли орасида камбағалликни камайтириш борасида қилинаётган ишлар статистикасига тўхталмадик. Давлат раҳбари томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган Кенгаш раисининг ташаббуси билан амалга оширилаётган айрим лойиҳаларгагина назар солдик. Билдирилган ишонч, яратилган имконият ҳамда ўринли ташаббус ҳамма вақт ҳам ўз самарасини беради. Бунга Аскар Нозимов ҳаёти, фаолияти мисолида амин бўлдик.