Камбағалликдан чиқишнинг муҳим йўллари
Жиззах вилоятида фойдаланилмай турган захирадаги 644,1 гектар ер майдонида 12 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилаётир.
Жиззах вилоятида фойдаланилмай турган захирадаги 644,1 гектар ер майдонида 12 та қишлоқ хўжалиги кооперативлари ташкил этилаётир. Уларга мингга яқин ишсиз оилалардаги ёшлар бирлашмоқда.
Президентимиз 22 апрель куни глобал инқироз ва пандемия шароитида мамлакатимиз аҳолиси бандлиги масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши халқимизни озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар билан кафолатланган ҳолда таъминлаш, фуқаролар даромадларининг пасайиб кетишига йўл қўймаслик, ёрдам ва кўмакка муҳтож юртдошларимизни қўллаб-қувватлаш бўйича қўйган вазифалар ижросини таъминлашда вилоятда изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, бўш фойдаланилмай етган ерлар ўзлаштирилиб, ташкил этилаётган қишлоқ хўжалик кооперативларига камбағал оилалардаги ишсиз ёшлар жалб этилаётир.
Янгиобод туманида ташкил этилган коопертивда 35 гектар ер майдони 69 нафар ишсиз ёшларга 50 сотихдан бўлиб берилди. Кооператив раҳбари – тадбиркор Ўткиржон Муллажоновга ҳам 50 сотих ер ажратилди.
Кооперативнинг майдонига 4 хил навли 17,5 минг туп эртаки гилос кўчати экилди. Қудуқ қазиб, сув чиқариш, томчилатиб суғориш тизимини ўрнатиш ишлари амалга оширилмоқда.
Гилос тўрт йилда ҳосилга киради. Ҳар тупидан ўртача 40 килограммдан, 50 сотихдан ўртача 10 тонна гилос олиш мумкин. Гилос ҳосилининг барчаси кооператив томонидан экспорт қилинади, даромад эса кооператив пайчилари ўртасида тенг тақсимланади.
Кўчатлар ҳосилга киргунга қадар қатор ораларига бошқа экинлар экиб, даромад олиш кўзда тутилган.
– Хорижга чиқиб ишлаб юргандим, пандемия боис мутлақо ишсиз қолдим, – дейди Жамшид Ҳаитов. – Энди 50 сотих ерда 250 тупли гилосзор эгаси бўлди. Ишсизлик туфайли менга ўхшаб қийналиб юрган ёшлар учун коопертивлар ташкил қилиб ер берилиши давлатимизнинг жуда катта ғамхўрлиги бўлди. Энди ҳаётим албатта изга тушиб кетади.
Худди шундай туманнинг “Шодлик” маҳалласидаги 35 гектар ерда ташкил қилинган “Пучуғой ниҳоли” кооперативида ҳам ишсиз юрган ёшлардан 70 нафари 50 сотихдан ерга эга бўлди. Бу кооперативда ҳам жами 17,8 минг туп эртаки гилос экилди.
Эндиликда бундай кооперативлар вилоятнинг барча туманларида тузилмоқда. Бу бирлашмаларни тузиб, экиладиган зироат турларини и танлашда ҳар бир ҳудуднинг ер, сув, иқлим шароитлар, одамларнинг истак ва таклифлари ҳисобга олинмоқда.
Ушбу кооперативлар қандай самара беради, камбағалликдан чиқишнинг йўлими? Бу — жамоа аъзоларининг меҳнатига, ҳаракатига боғлиқ.