Камбағал оилаларнинг солиқ қарздорлиги тўлаб берилди
Жиззах вилояти Арнасой туманидаги 80 та камбағал оиланинг ер ва мулк солиғидан 4 миллион 366 минг сўм қарзи тадбиркор ва фермерлар ҳомийлигида тўлаб берилди.
Жиззах вилояти Арнасой туманидаги 80 та камбағал оиланинг ер ва мулк солиғидан 4 миллион 366 минг сўм қарзи тадбиркор ва фермерлар ҳомийлигида тўлаб берилди.
«Саховат ва кўмак» ҳаракати доирасидаги бу савоб ишда туманидаги «Бўрондаги бўри» фермер хўжалиги 4 та эҳтиёжманд оилага ҳомийлик ёрдамини кўрсатиб келаётир. Фермер бу оилаларни карантин пайтида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашдан ташқари, уларни иш билан таъминлашга ҳам кўмаклашди.
Бундан ташқари, бу олаларнинг ҳар бирга фермер хўжалиги ҳисобидаги ердан 50 сотих экин майдони ажратилди. Ғалла ўримидан сўнг бу майдонларга мош экилади. Экиш харажатлари фермер ҳисобидан, даромад тўлиғича оиланики бўлади.
Эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилишда фаол иштирок этаётган фермерга солиқ енгиллиги берилди. Фермер хўжалиги раҳбари Акбар Қурбонтоев туман ДСИнинг «Энг интизомли солиқ тўловчи» фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Албатта, мурувват, саховат кўрсатишда фермерларнинг, тадбиркорларнинг ҳомийлик ёрдамлари катта бўлаётир. Бироқ камбағалликни қисқартиришнинг энг ишончли йўли – одамларни иш билан таъминлаш эканлиги оддий ҳақиқат.
– Шунинг учун маҳалла масъуллари билан уйма-уй юриб ўрганишлар давомида секторимиз ҳудудидаги камбағал оилаларда ишламаётган меҳнатга лаёқатли фуқароларни ишга жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратаётирмиз, – дейди Арнасой туман ДСИ бошлиғи Ҳусниддин Умиров. – Ҳозиргача секторимиз ҳудудидаги 129 нафар ишсиз фуқаролардан 86 нафари бандлиги таъминланди.
Улардан 18 нафари доимий, қолганлари мавсумий ишларга жалб этилди. Камбағал оилалар сонини камайтириш учун ғалла майдонларига такрорий экин экиш, хонадонларда паррандачилик ва эчкичиликни йўлга қўйиш каби имкониятдан самарали фойдаланишга ҳаракат қиляпмиз.