Жиззахдаги “Ёшлар инновацион маркази”да “Камалак юлдузлари” республика болалар ижодиёти фестивалининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Ушбу санъат фестивали Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Жиззах вилояти кенгаши қошидаги “Камалак” болалар ташкилоти, Ёшлар ишлари агентлиги, маданият, халқ таълими вилоят бошқармалари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилди.

7 ёшдан 14 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ўртасида маданият, адабиёт ва санъатни тарғиб қилишга йўналтирилган фестивалда иштирок этиш истагини билдириб 11 минг 631 нафар ариза топширган иштирокчилар танловнинг секторлар босқичларида ғолиб бўлган 936 нафар ўғил-қиз маҳаллий босқичларда қатнашди.

Мазкур фестивалнинг қуйи босқичларида муносиб иштирок этиб ғолиб бўлган 234 нафар ўқувчи вилоят босқичида 6 йўналиш ва 8 та номинация бўйича ўз иқтидорларини намойиш этди ҳамда уларнинг 50 нафардан ортиғи ғолиб, деб топилди. Улар республика финал босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Фестивал ғолиб, совриндор ва турли номинациялар соҳиблари ташкилотчиларнинг диплом, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА