Жорий йилда “Камалак” болалар ташкилоти ташкил топганига 20 йил тўлди. Ҳар йили сана муносабати билан ташкилотнинг “Ватан, дўстлик ва бахтли болалик учун” шиори остидаги анжуманларини ўтказиш анъанага айланган.
Бу йил ҳам анъанага содиқ қолган ҳолда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани “Оқтош” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкилотнинг ХХ анжумани бўлиб ўтмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ташкил этилган анжуманнинг очилишида Ёшлар ишлари агентлиги директори Aлишер Саъдуллаев, Ёшлар иттифоқи марказий кенгаши раиси в.в.б Ш.Зайниддинов ҳамда Марказий кенгаш раиси ўринбосари, Республика “Камалак” болалар ташкилоти раиси И.Холдорова сўзга чиқиб, ёшларни байрам билан самимий қутлади.
– Кўплаб ривожланган давлатларда миллионлаб болаларни жамлаган ва уларни лидерликка тайёрлайдиган ташкилотлар фаолияти кузатилмайди, – деди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Бундай ташкилотлар фаолият олиб борса-да, болаларни ўз атрофида жипслаштира олмайди. Бизнинг мамлакатда “Камалак” болалар ташкилоти, Сардорлар кенгаши тизими бор экан, биз кучли жамоамиз билан Учинчи Реннесанс пойдеворини биргаликда барпо этишимизга ишончимиз комил.
Анжуман доирасида “Энг намунали ҳудудий ва маҳаллий сардорлар кенгаши”, “Энг намунали ҳудудий сардорлар кенгаши”, “Йил сардори” республика танловлари ҳамда Республика сардорлар кенгашига сайловлар ўтказилмоқда.
– Севимли анжуманимизни ҳар йили интизорлик билан кутамиз ва бунга катта таёргарлик кўрамиз, – дейди Ёшлар иттифоқи Жиззах вилоят кенгаши бош сардори Диёрбек Тожиев. – Турли семинар-тренинглар, мотивацион дастурлар, спорт, санъат фестиваллари Ўзбекистон сардорларини бир мақсад йўлида бирлаштирмоқда, дўстлик ришталарининг мустаҳкам боғланишига замин яратмоқда.
“Камалак” болалар ташкилотининг “Ватан, дўстлик, бахтли болалик учун” шиори остидаги анжумани давом этмоқда.
Шоҳида Даманова, ЎзА