English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Камтарлиги камолга етказган инсон
11:27 / 2020-04-18

Ҳаёт бўлганида, 18 апрель куни таниқли сухандон, моҳир телебошловчи Абдумўмин Ўтбосаров 60 ёшга тўлган бўлар эди.


Хотира 
Ҳаёт бўлганида, 18 апрель куни таниқли сухандон, моҳир телебошловчи Абдумўмин Ўтбосаров 60 ёшга тўлган бўлар эди. 

Абдумўминга узоқ умр кўриш насиб этмади, аммо телевидение муҳитини, ижодни ҳаётининг мазмунли бир қисми деб билган оддий, камсуқум йигит ўзининг меҳнаткаш, интилувчанлиги, касбга фидойилиги, энг муҳими, камтарлиги билан жамоада, айниқса, мухлислари орасида катта обрў қозонди. Абдумўмин ўз устида астойдил ишлайдиган, доимо янгиликка интилувчан, бағрикенг, самимияти ўзига ярашиб турадиган, ички маданияти юксак инсонлар сирасига кирар эди. Мухлислари уни ҳар бир кўрсатувни ўзига хос тарзда олиб бориши-ю, катта байрам тадбирлари, санъат саройларида уюштириладиган концертлардаги чиқишларини ҳали-ҳануз завқ-шавқ билан эслашади.

Ўтган асрнинг 80-йиллари эди. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетининг 70-80 кишилик каттагина аудиториясида ёш ҳамда меҳнатда бир мунча суяги қотган йигит-қизлар ўтиришибди. Биз ўша кезлари ёш ўқитувчимиз, шу боисдан бўлса керак, кечки бўлимда ўқийдиган талабаларга сабоқ бериш кўпроқ бизнинг чекимизга тушган эди.

Аудиторияда новча, озғин, очиқ юзли, кўзлари тийрак боқадиган бир йигитча ўтирибди. Бу – Абдумўмин Ўтбосаров. Абдумўмин ҳам ишлаб, ҳам ўқиди. Одатда, кечки бўлимда ўқийдиган талабалар анча меҳнаткаш, ҳаётга теранроқ назар ташлайдиган ва бирмунча ҳаракатчан бўлишади. Кузатишлардан, тажрибада ҳам кўрдик, кундузи ишлаб, кечқурун ўқийдиган ёшлар очиғи, ўқишнинг қадрига кўпроқ етишади.

Абдумўмин бошқа тенгдошлари сингари яхши ўқиди. Оғир, вазмин, камгап талаба, кейин унинг бошқалардан ажралиб турадиган жиҳати ҳам йўқ эди. Ҳамма қатори дарсга келади, устозлари маърузасини тинглайди, биров билан иши йўқ. Ким билсин, ўша талабалик йилларида табиатан оғир, вазмин бу йигитчанинг ичида ҳам қанчадан-қанча орзу-армонлари, келажакдаги режалари бўлгандир.

Менимча, Абдумўминни яхши мутахассис, диктор, таниқли бошловчи бўлиб етишиши, элнинг назарига тушишига унинг астойдил меҳнати, ўз устида ишлаши натижалари бўлди. У меҳнат қилишга ўрганди, қолаверса, катта даргоҳ – радио, телевидениедаги тажрибали, ўз касбининг фидойи инсонларнинг этагидан тутиб, улардан кўп нарсаларни ўрганди. Ана шу жиҳатлар уни униб, ўсиши, танилишига омил бўлди, десак тўғри бўлади.

Яна бир томони, Абдумўмин қанча танилмасин, томошабинлар, мухлисларнинг назарига тушмасин, ҳаволаниб кетиб, ўзини йўқотмади. Иродаси, кучига ишониб, ўз устида ҳар куни ишлади, меҳнат, ижод қилишни ҳаётининг мазмуни деб билди.

Биз – устозлар талабаларни гоҳи-гоҳида радио, телевидениега амалиётга олиб борганмиз, эшиттириш, кўрсатувларда ҳам қатнашиб турардик. Бизни телевидение остонасида кўрган Абдумўмин пешвоз чиқиб кўришар, “Сизлардан кўп нарсаларни ўргандик, мана, ўша билимларингизнинг самараси, озми, кўпми, кўрсатувларга ҳиссамизни қўшяпмиз, раҳмат сизларга устозлар!” – дерди, камтарлик билан. У бу гапларларни шунчаки кўнгил учун эмас, самимий айтарди. Ҳа, ундаги самимият, очиқ кўнгиллик, ҳаётга, ўз вазифасига жиддий қараш каби хислатлар обрўсини кўтарса кўтардики, асло кам қилмади. Фақат ёзғириш маъносида эмас, ҳозирда икки, уч марта эфирга чиқиб-чиқмай, босар-тусарини билмай қоладиган, ўзини салкам “телеюлдуз” санайдиган ёшлар афсуски, телевидениеда кам эмас.

Абдумўмин Ўтбосаров астойдил меҳнатлари, касбининг фидойилиги самараси сифатида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, кейин Ўзбекистон халқ артисти каби юксак унвонларга эришди. Аммо ўша камтар, камсуқум Абдумўминлигича қолаверди. Унинг ана шу ажойиб, бошқаларга ўхшамайдиган хислатлари, олижаноб, яхши инсон, таниқли мутахассис сифатида элга, яқинларига танитди. Кўп ажойиб адиблар, иқтидорли санъатколар билан ҳамсуҳбат бўлганмиз, улар ҳақида эшитганмиз, асарларини севиб мутолаа қилиб, ашулаларидан баҳраманд бўлганмиз. Аммо ҳам таниқли адиб, санъаткор, ҳам яхши инсон бўлиш жуда қийин. Бу ҳаммага ҳам насиб қилмайдиган ноёб хислат. Абдумўминга келадиган бўлсак, у аввало яхши инсон эди, кейин ўзига хос овоз, ўзига хос кўринишга эга, кўпчиликнинг ҳурматини қозона олган, ўз соҳасининг ажойиб мутахассиси эди.

Аввало, Аллоҳнинг иродаси, бандаси ожиз, аммо ҳалигача Абдумўминнинг орамиздан бевақт кетиб қолганига ишонгим келмайди. Мана, ҳозир, бир пастдан кейин ўша чеҳраси майин табассумларга лиммо-лим тўла самимий Инсон – Абдумўмин Ўтбосаров – “Ассалому алайкум, қадрли дўстлар!” – дея, зангори экранда гапираётган, майин, ёқимли, ўзига тортадиган овози билан телетомошабинлар қалбига нур олиб кираётгандек, гўё.

Ҳамма инсонлар ҳақида ҳам ана шундай самимий, чин дилдан чиқадиган фикрларни билдириш насиб этсин...

Юсуфжон ҲАМДАМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети доценти,
филология фанлари номзоди.