Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас Трамп маъмуриятидан Эрон-Исроил зиддиятига аралашмасликни сўради. Унинг фикрича, Америка томонидан ҳарбий аралашув можаро бутун Яқин Шарқ бўйлаб тарқалиши, вазият янада хавфли тус олишига олиб келади. Бу огоҳлантириш Дональд Трамп АҚШ можарони тўхтатиш учун амалий ёрдам беришни очиқчасига таклиф қилгандан кейин янгради.
Каллас АҚШ Исроилнинг ашаддий тарафдори эканлигини яхши билади. Кейинроқ Трамп агар Эрон “Америка қўшинига дахл қилса” АҚШ ўйлаб ўтирмасдан жавоб зарбаси йўллашини айтган. Ўз навбатида Кая хоним Қўшма Штатлар урушга кириши Европа Иттифоқи томонидан қўллаб-қувватланмаслигини маълум қилган.
– Агар иш АҚШ аралашувигача бориб етса, бутун минтақа янада кенг кўламда можарога тортилади ва бу ҳеч қайси томон манфаатига тўғри келмайди, – деган Европа ташқи сиёсати раҳбари.
Каллас, шунингдек, Эрон ядро дастуридан бутунлай воз кечиши учун Трамп амалга ошираётган ишлар хусусида ҳам гапирган. Бу ЕИнинг кўп йилдан буён ядро қуроли ишлаб чиқаришга йўл қўймаслик ва шу билан бирга ядровий технологиядан тинч мақсадда фойдаланишга рухсат бериш назарда тутилган Эронга нисбатан позициясига зидлигини ҳам эслатган.
– Биз шунчаки ўт очишни тўхтатишдан кўра кўпроғини хоҳлаяпмиз, – деган Трамп Канададаги саммитни эрта тарк этаркан, “Вашингтон нимани кутяпти, ўзи?” деган саволга жавоб бериб. – Якунни, ҳақиқий якунни.
Афсуски, Трампнинг бу илмоқли гапи замирида қандай маъно борлигини ҳеч ким тушунмаган.
2015 йил келишувига кўра, Эрон санкцияни юмшатиш эвазига амалиётни чеклаш ва ядровий дастурни фақат тинч мақсадда сақлаш ҳамда фойдаланишга рози бўлиши лозим эди. 2018 йил Трампнинг биринчи президентлиги даврида Қўшма Штатлар ўзаро келишувдан чиққач, экспертлар фикрича, Эрон уранни фуқаролик мақсадида фойдаланиш миқдоридан чиқадиган даражада бойита бошлаган. Натижада бутун дунёда хавотир кучайиб, Ислом Республикасига нисбатан танқидий муносабат урчиган.
ЕИ давлатлари ташқи ишлар вазирлари билан кечган мунозарадан сўнг Каллас томонларни иложи борича вазминлик намоён қилишга чақирди. Тузилма “Ғазога эътибор сусайишига йўл қўймаслиги”ни билдириб, Исроил тўсиб қўйган гуманитар ёрдамни “зудлик билан” тиклашга даъват этди. Шу билан бирга ЕИ-Исроил ассоциацияси шартномасини кўриб чиқиш давом этаётганини таъкидлаб, ҳозирги вазият муҳокама жараёнига қандай таъсир қилиши мумкинлигига изоҳ беришдан бош тортган.
Матбуот анжуманида Калласга Яқин Шарқдаги вазият туфайли бозорда юзага келган ва келгуси эҳтимолий ўзгаришлар ҳақида ҳам савол берилган.
– Билсангиз, нархни чеклаш Катта еттилик томонидан Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиётини молиялаштиришга йўналтириладиган асосий манба занжирини қирқиш мақсадида қабул қилинган янги чора эди. Мазкур ташаббус ҳозирча Қўшма Штатлар томонидан қўллаб-қувватланмаган.
– Агар можаро оқибатида жаҳон бўйлаб хом ашё нархи кўтарилиб борса, Россиянинг экспорт даромади ошиши маълум, –деган Каллас. – Яъни РФда ҳарбий амалиётни янада эркин ва кенг кўламда молиялаштириш имкони ортади. Шунинг учун ҳам биз бу масалада олдинга силжишимиз шарт.
Европа дипломатияси раҳбари сўзи якунида Россиянинг Исроил-Эрон низосида воситачи бўлиш имкониятини рад этган:
– Тинчлик тарафдори бўлмаган Россия воситачилик қила олмайди!
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/7Jp0aRpst9I?si=pDZ3dcNDqZtWxRhu" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>К.Бекжонов, ЎзА