АҚШ Калифорния штати Сан-Диего шаҳрида “Cessna-550” русумли енгил самолёт турар-жой ҳудудига қулаши оқибатида 2 киши ҳалок бўлди, 8 киши жароҳатланди.
Сан-Диего полицияси департаменти маълумотига кўра, воқеа содир бўлган вақт ҳудудда ноқулай об-ҳаво шароити кузатилган – табиий офат сабаби қуюқ туман бўлиши мумкин. Маҳаллий ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи ёрдамчиси Дэн Эдди айтишича, учоқ саҳнидаги йўловчиларнинг аниқ сони номаълум. Ҳодиса маҳаллий вақт билан 03:45 атрофида кечган. Зарба натижасида чиққан ёнғин 15 га яқин турар-жой биноси ва бир неча автомобилга зарар етказган. Манзилдаги бир неча кўча аҳолиси кўчирилган. Ижтимоий тармоқда тарқалган, фожиа жойида олинган суратларда кенг кўламли қутқарув ишларини олиб бораётган ўт ўчирувчилар, қутқарув хизмати вакиллари, самолёт қолдиқлари кўринади.

АҚШ Федерал авиация бошқармаси воқеани тасдиқлаб, ҳолат ўрганилаётганини айтди. Саиолётдаги одамлар сони аниқланяпти, ҳалокатининг эҳтимолий сабаби таҳлил қилинмоқда.
Маҳаллий ҳокимият фуқароларни ҳудуддан узоқлашишга чақириб, ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун барча зарур чоралар кўрилишига ишонтирди.