Калифорнияда 2035 йилда бензинда юрадиган янги автомобиллар савдоси тақиқланади
Калифорния губернатори Гэвин Ньюсомнинг баёнот беришича, 2035 йилда ички ёнув двигателида ишлайдиган автомобиллар савдосини тақиқланиши нефть маҳсулотларга бўлган эҳтиёжни камайтиради. Ушбу тартиб узоқ давом этган баҳс-мунозаралардан кейин, ниҳоят Калифорния штати кенгаши томонидан маъқулланди. Шундай қилиб, Калифорния мамлакатда бензинда ҳаракатланадиган автомобиллардан воз кечишни эълон қилган биринчи штат бўлди. Губернаторнинг айтишича, энди бошқа штатлар ҳам ундан ўрнак олади.
Янги тартибга кўра, автомобиль ишлаб чиқарувчилар ис газини чиқарувчи автомашиналарни сота олмайди. Ўз навбатида, 2035 йилга қадар сотиб олинган транспорт воситалари ҳаракати чекланмайди.
Калифорния АҚШдаги энг йирик автомобиллар бозорига эга. Шу боис штатда иқлим билан боғлиқ муаммоларни қонун йўли билан ҳал қилишга ҳаракат қилинмоқда. Яна камида бешта штат келаси йил давомида бензин билан ҳаракатланадиган автомобилларга тақиқ эълон қилиши мумкин, дейилади хабарда.
Ҳозирда АҚШда сотилаётган жами автомобилларнинг атиги 6 фоизи электромобиллар ҳисобланади. Автомобиль бозорида электромобиллар улуши бўйича АҚШ Европанинг айрим мамлакатлари ҳамда Хитойдан орқада қолмоқда.