1 июнь куни ўтказилган “Impulse – Follow the Victory” Халқаро хореография санъати ва замонавий рақс фестивалида Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг “Металлург” маданият саройи “Калейдоскоп” халқ рақслари ансамбли ғолиб бўлди.
Танловда Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон республикаларидан 30 дан зиёд жамоалар қатнашди. Жамоанинг энг ёш иштирокчилари атиги 5 ёшли тайёрлов гуруҳи аъзолари “Матрёшка” рақси билан илк маротаба саҳнага чиққан бўлсада профессионал даражадаги ҳаракатлари билан барчани ҳайратда қолдирди. Гран-прини қўлга киритди. Улар, шунингдек, Қирғизистонда ўтказиладиган навбатдаги танловга 50 фоиз чегирмали сертификатга ҳам сазовор бўлди.

Ўрта гуруҳ эса “Пляска” рус рақси билан гран-при билан тақдирланди. Бу рақс ҳам ҳакамлар томонидан алоҳида эътироф этилди ва жамоа Қозоғистондаги халқаро танловга 50 фоиз чегирма йўлланмасини қўлга киритди.
Катта гуруҳ Молдованинг миллий руҳи акс этган “Жок” рақси билан саҳнага чиқиб гран-при совринини ютди.
Албатта, бу ютуқларнинг замирида мураббий ва устозларнинг меҳнати ётади. Ўз навбатида жамоа раҳбари Насиба Мамбетова “Энг яхши хореография” номинацияси билан тақдирланди. Шунингдек, 2024 - 2025 йил мавсумининг энг нуфузли соврини — бош кубок ҳам айнан “Калейдоскоп” халқ рақслари ансамблига насиб этди.
ОКМК Ахборот хизмати