Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кафолатли ичимлик суви захираси кўпайтирилади
11:54 / 2021-09-14

Тошкент халқаро бизнес марказида сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Ўзбек-Туркман қўшма комиссиясининг Ўзбекистон томони раиси Ш.Ғаниев очди.    

Мажлисда Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ривожланишида давлат раҳбарларининг яқин дўстлиги муҳим асос бўлаётгани, икки томонлама муносабатлар сифат жиҳатдан янги стратегик шериклик даражасига олиб чиқилгани алоҳида таъкидланди.  

Хусусан, пандемия билан боғлиқ ноқулай эпидемиологик вазиятга қарамай, томонлар сув муаммолари бўйича фаол мулоқотни давом эттириб, амалдаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш ҳамда бу йўналишда долзарб муаммоларни ҳал қилишга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда. Расмий Тошкент ва Ашхобод Марказий Осиёдаги трансчегаравий дарёларнинг сув-энергетика ресурсларидан оқилона ва комплекс фойдаланишни таъминлашдан тенг манфаатдордир.  

 Айни пайтда сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг тузилганлиги соҳада икки томонлама муносабатларни янгича босқичга олиб чиқиш имконини беради.  

 Туркманистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси ўринбосари, Ўзбек-Туркман қўшма комиссиясининг Туркманистон томони раиси Э.Оразгелдиев Ўзбекистон ва Туркманистонни нафақат жуғрофий яқинлик, балки икки мамлакат халқларининг муштарак илдизлари, узоқ асрларга бориб тақаладиган маданий-тарихий ришталар ҳам боғлаб туришини таъкидлади.  

 Мажлисда бугунги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг натижаси ўлароқ трансчегаравий сув ресурслари ҳамда чегара ҳудудларида жойлашган гидротехника иншоотлари, жумладан, Қарши магистрал канали, Аму-Бухоро машина канали ва “Туямўйин” сув омборларидан фойдаланиш ишлари муваффақиятли амалга оширилаётганлиги қайд этилди.  

 Жорий йилда Амударёнинг суви ўртача 85 фоизни ташкил қилишига қарамасдан, томонларнинг ҳамкорликда жипслашиб ишлаши натижасида вегетация мавсуми муваффақиятли амалга оширилгани айтилди.  

 Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 26 майида ердан ҳақ тўлаш эвазига фойдаланиш бўйича битимга қўшимча келишув имзоланган бўлиб, унга биноан “Туямўйин” сув омборининг “Султонсанжар” тўғони қурилиши олиб борилиши натижасида қўшимча равишда 1,0 миллиард м3 сув тўпланишига эришилади ҳамда 1,2 миллион гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланади, кафолатли ичимлик суви захираси оширилади.  

 Қолаверса, икки давлат сув хўжалиги масалалари шу кунгача имзоланган бир нечта келишув ва битимларга асосан ижобий ҳал қилиниб келинаётганлигини айтиб ўтиш жоиз.    

 Томонлар мамлакатларимиз ўртасидаги сув хўжалигига оид алоқалар Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида ҳам изчил ривожланиб бораётганлигини қайд этди.  

 Йиғилиш сўнгида сув хўжалиги масалалари бўйича Ўзбек-Туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг биринчи йиғилиши тўғрисида қўшма баён имзоланди.  

 

ЎзА