Оқолтин туманида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази фаолияти ҳамда аҳолининг давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизмат ва ёрдамлардан самарали фойдаланишига кўмаклашиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан кенг жамоатчиликни таништириш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбир доирасида иштирокчилар марказ биносида яратилган шарт-шароитлар, кўрсатилаётган хизмат турлари, шунингдек, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан аҳолига таклиф этилаётган янги ташаббус ва имкониятлар билан танишди.
Маълумотларга кўра, тумандаги “Инсон” маркази ҳамда 13 нафар ижтимоий ходим орқали маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига давлат томонидан кафолатланган хизмат ва ёрдамлар кўрсатилмоқда.

Жумладан, 2024 йил давомида 5 438 нафар фуқарога ижтимоий хизматлар кўрсатилган бўлса, жорий йилнинг беш ойи мобайнида бу кўрсаткич 5 209 нафарни ташкил этди. “Ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар” реестрида 51 нафар фуқаро рўйхатга олинган бўлиб, уларга 5 нафар ижтимоий ходим-ассистент томонидан ижтимоий-маиший хизматлар кўрсатилмоқда.
Бундан ташқари, 230 нафар эҳтиёжманд фуқаро протез-ортопедия воситалари ва реабилитация техник жиҳозлари билан таъминланди ва бунинг учун жами 398 миллион сўмлик маҳсулот етказиб берилди. Шунингдек, 71 нафар ногиронлиги бўлган фуқаро таълим, спорт ва меҳнат фаолиятига жалб этилди. Шунингдек, 17 нафар етим боладан 3 нафари 2025 йилда уй-жой билан таъминланиши белгиланган.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 1 658 та оила сўровномадан ўтказилиб, шундан 1 007 таси реестрга киритилган. Улардан 824 таси учун индивидуал режалар ишлаб чиқилиб, жами 1 003 та ижтимоий хизмат кўрсатилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири.