Компания жорий йил 7 минг 200 та ариза бўйича 42 миллиард сўмдан ортиқ суғурта қопламаларини тўлади. Бу ўрта ҳисобда кунига 27-28 та суғурта қопламалари амалга оширилганлигидан далолат бермоқда. Суғурта даъволарини кўриб чиқиш муддатлари қисқартирилиб, 2 кундан 15 кунгачани ташкил этмоқда.
Бу ҳақда "Kафолат суғурта компанияси" АЖ томонидан аҳолига тақдим этилган суғурта хизматларига оид ташкил этилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Таъкидланишича, 2020 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, компания томонидан юридик ва жисмоний шахслар билан 620 мингдан ортиқ суғурта шартномалари имзоланган. Умумий суғурта тармоғида суғурта мукофотлари ҳажми бўйича республикадаги 30 дан ортиқ суғурталовчилар ўртасида кучли бешталикдан жой олди.
Жумладан, Сардоба сув омбори ўпирилиши билан боғлиқ ҳодисадан талафот кўрган 43 мижозга компания томонидан 257 миллион сўм суғурта қопламаси тўлаб берилди.
Бухоро вилоятида шу йилнинг 27 апрелида юзага келган кучли шамол ва ёғингарчилик натижасида компаниянинг зарар кўрган объектлар бўйича жавобгарлиги 21,9 миллиард сўмни ташкил этиб, ушбу ҳолат бўйича компания томонидан 31 та зарар кўрган объектга 340 миллион сўм миқдорида суғурта қопламаси амалга оширилди.
Шубхасиз, суғурта даъволари сонининг ошиши аҳолининг суғуртага ишончи ортаётгани ҳамда компания томонидан таклиф этилаётган суғурта маҳсулотларининг мижоз учун қулайлигидан далолат беради.
Бугунги кунда мазкур суғурта компанияси томонидан аҳоли ҳамда тадбиркорларга юк, экспорт, мол-мулк ва гаровга қўйилаётган мол-мулк суғуртаси, лизингга олинган мулкларни, автотранспорт воситаларини ва гаровга қўйилаётган транспорт воситаларини, баҳтсиз ходисалардан жамоавий суғурта қилиш, шунингдек, мол-мулк суғуртаси, аҳолини бахтсиз ҳодисалардан ва юқумли касалликлардан суғурта қилиш ва автосуғурта каби суғурта турлари таклиф этилмоқда.
Рейтингнинг қайта тасдиқланиши компания учун янги маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, халқаро молия институтлари билан истиқболли ҳамкорлик алоқалари кўламини янада кенгайтиришга имкон яратади.
Матбуот анжуманида мутахассислар томонидан келгусида компания томонидан аҳолига кўрсатиладиган хизматлар, амалга оширилиши режалаштирилган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА