Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув бошланди
10:24 / 2024-12-18

Навоий давлат университетида шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув-амалий семинарлар бошланди.

Тўрт кун давомида ўтказилиши белгиланган тадбир аввалида сўзга чиққанлар ушбу ўқув-амалий семинарнинг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг аҳамияти хусусида алоҳида тўхталди. 

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 18-20 ноябрь кунлари Президентимизнинг янги сайланган парламент палаталари мажлисларида сўзлаган нутқларида мамлакатимиз тараққиётининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Бу эса бошқарув кадрлари зиммасига замонавий билимларни ўрганиб, илғор тажрибалар асосида Янги Ўзбекистон тараққиётини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилиш масъулиятини юклайди. 

Семинарда иштирокчилар аҳоли муаммоларини ҳал этишда эътибор қаратилиши зарур бўлган бир қатор масалалар бўйича тушунчаларга эга бўлади. Жумладан, уларга давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 31 октябрь - 1 ноябрь кунлари Навоий вилоятига ташрифи давомида ҳамда вилоят фаоллари билан бўлган учрашувида эътибор қаратилган ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими бўйича кўрилаётган зарур чоралар ҳақида маълумотлар берилади. Шунингдек, семинарда маҳаллабай ишлаш тизимининг замонавий ва самарали усулларини жорий қилиш орқали инновацион иқтисодиёт, хизматлар соҳаси ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларнинг ижросини ташкил этишда Сайхунобод, Уйчи, Ғиждувон, Зарбдор тажрибаларини амалга ошириш масалалари муҳокама этилади. 

– Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилаётган ҳар бир видеоселектор йиғилишида аҳоли бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Навоий давлат университети Ёшлар билан ишлаш бўйича биринчи проректори Хуршид Қурбонов. – Шу нуқтаи назардан семинар давомида ҳудудларнинг “драйвер” соҳаларини аниқлаш ва йирик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, миграция жараёнларини тартибга солиш, хорижий иш берувчилар талаблари асосида фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларига ўқитиш ишларини тўғри ташкил этиш бўйича тавсиялар берилади. Қолаверса, 4 кунлик семинарда маҳаллалардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда давлат идоралари ҳамда ташкилотларининг маҳаллалардаги вакиллари фаолиятини мувофиқлаштириш, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш, шунингдек, маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳитини яратиш, урф-одатлар ҳамда қадриятларни сақлаб қолиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш режалаштирилган. 

Шунингдек, хотин-қизлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, ёшлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш, аҳоли мурожаатлари ҳамда унда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ва самарали ечиш ҳам бугунги куннинг энг долзарб масалалардан бирига айланиб улгурган. 

Тасдиқланган дастурга мувофиқ ўтаётган ўқув-амалий семинар якунида иштирокчилар олган билимлари юзасидан тест синовларидан ўтказилади. 

А.Бўриев, ЎзА мухбири