Жиззахда энг фаол “маҳалла еттилиги” аъзолари орасидан салоҳиятли кадрлар захирасини шакллантириш мақсадида ўтказилаётган билим тест синовларининг иккинчи босқичи ўтказилмоқда.
Бошқарув самарадорлиги агентлиги вилоят филиали томонидан ташкил этилган тадбир Президентимизнинг жорий йил 19 июндаги “Давлат фуқаролик хизматини янги ёндашувлар асосида ташкил этиш ҳамда профессионал ва натижадорликка йўналтирилган давлат хизматчилари корпусини шакллантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони 6-банди ижросига қаратилган. Унга кўра, Жиззах вилоятининг маҳаллаларида фаолият кўрсатиб, сўнгги икки йиллик иш фаолиятида ижобий натижаларга эришган маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторларидан иборат салоҳиятли кадрлар захираси шакллантирилмоқда.

Тест синовларининг дастлабки босқичида маҳаллаларда фаолият юритиб келаётган “маҳалла еттилиги” аъзолари (профилактика инспекторидан ташқари) орасидан туман ва шаҳар ҳокимликларининг хулосалари асосида 160 нафар номзод саралаб олинган эди. Ана шу танлов асосида захирани шакллантиришнинг иккинчи босқичи доирасида номзодлар билими тест синовидан ўтказилмоқда.
Давлатмиз раҳбарининг юқорида номи зикр этилган фармонига мувофиқ, келгусида мазкур захирадаги номзодлар Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамда унинг ҳудудий филиаллари тавсиясига асосан масъул лавозимларга танловсиз тайинланиши белгиланган.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири