Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадрлар учун ўқув-семинар
11:55 / 2024-12-11

Бухоро давлат университетида шаҳар ва туман ҳокимларининг ўринбосарлари, ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбарлари ҳамда миллий кадрлар захирасига киритилган номзодлар учун ўқув-амалий семинар ўтказилмоқда.

Президентимиз томонидан бошқарув кадрлари зиммасига замонавий билимларни ўрганиб, илғор тажрибалар асосида Янги Ўзбекистон тараққиётини юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилиш масъулияти юклатилди. Айниқса, 20 ноябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазири номзодини кўриб чиқишга бағишланган мажлисида Президентимизнинг чуқур таҳлилга асосланган нутқида Ўзбекистон тараққиётининг навбатдаги босқичида олдимизга турган стратегик вазифалар бирма-бир кўрсатиб берилди.  

Янги Ўзбекистон ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида бугунги замон раҳбарларидан ҳалоллик, фидойилик, масъулият ва жавобгарликни ҳис қилиш, одамларни тинглай олиш, ҳар бир масалага илмий ёндашиш, қатъиятлилик, талабчанлик, юкланган ҳар қандай топшириқни охиригача сифатли бажариш, аҳоли билан мунтазам сайёр қабуллар ўтказиш ва муаммоларни ечиш чораларини кўриш ҳамда энг асосийси ватанпарварлик талаб этилади.  

Шундан келиб чиқиб, семинарга республикадаги олий ўқув юртлари ректорлари, профессор-ўқитувчилари ва тажрибали мутахассислар жалб этилиб, йўналишлар бўйича бўлаётган янги ишлар, аҳоли муаммоларини ҳал этишда эътибор қаратилиши зарур бўлган ишлар бўйича тушунчалар бериш режа қилинган.  

Жумладан, давлатимиз раҳбарининг ҳудудларга, шу жумладан, маҳаллаларга ташрифлари давомида ҳамда аҳоли билан учрашувларда эътибор қаратилаётган ижтимоий-иқтисодий масалалар ҳамда уларнинг ечими бўйича кўрилаётган зарур чоралар, маҳаллабай ишлаш тизимининг замонавий ва самарали усулларини жорий қилиш орқали инновацион иқтисодиёт, хизматлар соҳаси ва тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларнинг ижросини ташкил этишда Сайхунобод, Уйчи, Ғиждувон, Зарбдор тажрибаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинади.  

Маҳаллалардаги муаммоларни ўз вақтида ва самарали ҳал этишда давлат идоралари ва ташкилотларининг маҳаллалардаги вакиллари фаолиятини мувофиқлаштириш, маҳаллаларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, маҳалла ва кўчаларнинг хавфсиз бўлишини таъминлаш, “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” мезонларининг мазмун ва моҳиятини тушунтириш, шунингдек, “Ўз уйингни ўзинг асра!” шиори асосида маҳаллалардаги ҳамжиҳатлик ва аҳиллик муҳитини яратиш, урф-одатлар ҳамда қадриятларни сақлаб қолиш тушунтирилади.  

Ҳудудларнинг “драйвер” соҳаларини аниқлаш ва йирик ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича илғор хорижий тажрибалар ўрганилади. Миграция жараёнларини тартибга солиш, хорижий иш берувчилар талаблари асосида фуқароларни касб-ҳунар ва чет тилларга ўқитиш ишларини тўғри ташкил этиш йўллари кўрсатилади.  

Хотин-қизлар учун яратилаётган шарт-шароитлар, гендер тенглиги, ёшлар муаммоларини аниқлаш ва уларни ҳал этиш, аҳолига ижтимоий хизмат ва ёрдамларни янги механизмлар асосида кўрсатилишини ташкил этиш, ҳудудларда урбанизация жараёнларини жадаллаштириш, туман марказлари, ишлаб чиқариш, транспорт ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш мисоллар орқали тушунтирилади.  

Аҳолига хизмат кўрсатишда коррупция ҳолатларининг олдини олиш, ҳудудий ҳокимлик ҳамда идора ва ташкилотларда коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини жорий этиш, аҳоли мурожаатлари ва унда кўтарилган масалаларни ўз вақтида ва самарали ечилишида ҳокимлик ҳамда идора ва ташкилотларнинг маҳаллалардаги вакиллари саъй-ҳаракатларини бирлаштириш бўйича тушунчалар берилади.  

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, “яшил” технологияларни жорий этиш, сувни тежаш, кўкаламзор ҳудудларни кескин кўпайтириш, чиқиндилар муаммосини ҳал этиш, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнида ҳамда ер ажратиш масалаларида қонунийликни мустаҳкамлаш, ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш масалалари муҳокама қилинади.  

Мазкур семинар тўрт кун давом этади.  

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.