Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадрлар тайёрлаш ислоҳотларидаги янги қадам
12:44 / 2022-10-12

Президент ташаббуси — амалда

Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшувчи истеъдодли ва фидойи мутахассислар тайёрлашга замин яратади

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг яқинда  ўқитувчи ва мураббийларга йўллаган байрам табриги барчамизнинг қалбларимизда ўзгача шукуҳ уйғотди, дилларимизни фахр-ифтихорга тўлдирди. Шуниси аҳамиятлики, давлатимиз раҳбарининг мазкур табригини янги жамоамиз алоҳида масъулиятли ва шарафли мақсадлар билан қабул қилди.

“Барчамизга аёнки,муаллимнинг обрў-эътибори — бу аввало, миллатнинг, бутун халқнинг обрў-эътиборидир. Шу боис, биз кейинги йилларда ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятимиз ҳаё­тидаги ўрни ва таъсирини кучайтириш, таълим тизимини замон талаблари асосида ташкил этиш бўйича улкан ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз”, деди Президентимиз ўз табригида.

Дарҳақиқат, агар сўнгги йилларда Президент назарида бўлган соҳалар мониторинги олиб бориладиган бўлса, давлатимиз раҳбари томонидан энг кўп гапирилган, эътибор қаратилган соҳа таълим тизими эканига шубҳа йўқ. Бир ҳисоблаб кўринг,  беш-олти йил ичида соҳага қаратилган қанча фармону қарорлар қабул қилинди, неча-неча дастурлар ҳаётга тат­биқ этилди. Қанча мактаб ва боғча қурилди, қайта таъмирланди. Янгидан қад ростлаган, иш бошлаган олий таълим даргоҳлари-чи?! 

Албатта, тарих бу бунёдкорликларга, ислоҳотларга ўз баҳосини беради. Ўрни келганда шуни фахр билан айтмоқчиманки, бизнинг Касаба уюшмалари федерацияси қошидаги Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ҳам ана шу инсонпарвар сиё­сатнинг бир меваси, десам асло адашмаган бўламан. Бу ҳеч шубҳасизки, Президентимиз томонидан олға сурилган “Инсон қадри учун” деган эзгу ғоянинг яратувчилик куч-қудратидан бир нишонадир. 

Бугунги ҳаётимиз халқимизнинг узоқ кутган орзу-умидлари рўёби билан ҳам янада қадр топиб, қувончу шодликларга бурканиб бормоқда. Жамия­тимиздаги қайси жабҳани олманг, беихтиёр шундай хулосага келасиз. Биргина одамларга муносиб меҳнат шароити яратиш, ижтимоий муносабатларни тартибга солишнинг янги, илғор ва самарадор механизмларини жорий этиш борасида қилинган ишларни олайлик. Шунда кўз олдимизда Янги Ўзбекистон шароитида шаклланган нодир тажриба намоён бўлади.

Булар, биринчидан, олий таълимнинг ислоҳ қилингани, ёшларимизнинг олий таълим муассасаларида таҳсил олиши учун кенг имкониятлар яратилгани билан изоҳланади. Иккинчидан, ҳар йили муносиб янги иш ўринлари яратилмоқда. Уларда, асосан, ёшлар, аёлларни иш билан қамраб олишга устувор аҳамият қаратилаётир. Учинчидан, меҳнат жамоаларида фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш бош мақсад қилинган.

Бугун бу борадаги ишлар янги босқичда давом этмоқда. Юқорида эслатганимиздай,Президентимизнинг 2021 йил 23 августдаги “Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан жорий ўқув йилидан Тошкентда янги академия иш бошлади.

Табиийки, кўпчилик юртдошларимизни, айниқса, ёшлар ва уларнинг ота-оналарини Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси фаолияти билан боғлиқ саволлар қизиқтиради. Шуни назарда тутган ҳолда бугун академиямизҳақида батафсил сўз юритишни мақсад қилдик.

Инсонпарварлик муҳити фаоллаштирилиб, миллий тараққиётимизнинг 

янги модулига асос солинади

Давлатимиз раҳбари Президентлик вазифасини бажаришга киришган илк кунлардаёқ “Одамлар эртага ёки узоқ келажакда эмас, бугун ҳам бахтли яшаши керак” деган ғояни илгари суриб, юртдош­ларимиз ҳаётига янги шукуҳ бағишлади. Шу тариқа мамлакатимизда мутлақо янги, халқпарвар ижти­моий муҳит пайдо бўлди.

Эндиги вазифа меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида етук кадрлар тайёрлаш, меҳнат муҳофазаси нормаларига амал қилиш бўйича профилактик ишларни тўғри йўлга қўйишдан иборат эди.

Бу оддий одамларга нима беради?

Аввало, меҳнат муҳофазаси нормаларига амал қилмаслик оқибатида ишлаб чиқариш жараёнида рўй бериши мумкин бўлган кўплаб бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Иккинчидан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги қонун бузилиши ҳолатларига барҳам беришда муҳим ўрин тутувчи ихтисослашган мутахассисларга меҳнат бозорида мавжуд талабни қондиришда локомотив вазифасини бажаради. 

Учинчидан, меҳнат шароитларининг санитария ­қоидалари ва гигиена нормативларига жавоб беришини таъминлаб, ходимларнинг касб касалликларига чалиниш даражасини камайтириш имконини беради. 

Тўртинчидан, меҳнат муносабатлари соҳасига оид муаммоли масалаларга оқилона ечим топиш имкониятлари кенгаяди. 

Бешинчидан, меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида халқаро талаблар ва стандартларга мувофиқ малакали кадрлар тайёрлаш, иқтисодиёт тармоқларининг ихтисослашган олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларини қондириш, соҳага оид муаммоларни илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этишда янги давр бошланади. 

Шу беш муҳим масала ўз ечимини топиши жамият­даги инсонпарварлик муҳитини фаоллаштириб, миллий тараққиётимизнинг янги модулига асос солиши ҳам кундек равшан. Боиси, қачонки инсон ўз меҳнат жамоасида қадр топса, ҳақ-ҳуқуқлари, кучли ижтимоий ҳимояси таъминланса, шундагина иш унумдорлиги ошади, фуқароларда ислоҳотларга бўлган ишонч ортади ва дахлдорлик ҳисси кучаяди. 

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси шу каби долзарб масалаларга истиқболли ечим топиш мақсадида ташкил этилди. 

Академия ҳақида сўз кетганида, унинг янги муҳташам биноси, талабалар учун яратилган шароитлар, академик салоҳияти, кадрлар тайёрлаш йўналиши, истиқболдаги халқаро ҳамкорлиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш жоиз.

Академия юртимизда ёшларга қаратилаётган юксак эътибор тимсоли. Бунда мамлакатимиз йигит-қизларини сифатли олий таълимга қамраб олиш, уларнинг келажак орзуларини рўёбга чиқариш йўлида барча ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий асосларни яратиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, муносиб иш ўрни билан таъминлаш каби жиҳатлар амалда ўз ифодасини топган бўлса, барча замонавий қулайликларга эга, дунё ёшлари ҳавас билан қарайдиган муҳташам таълим муассасалари барпо этиш ҳам эътибордан четда қолаётгани йўқ. 

Академиямиз Тошкентнинг энг баҳаво жойида жойлашгани ва замонавий типда қайта қурилгани ҳам сўзимиз исботидир. Бу ерда талабалар учун барча зарур шарт-шароитларга эга бўлган алоҳида ётоқхона ҳам бунёд этилмоқда. Мазкур ётоқхона 2023 йилнинг январь ойидан бошлаб талабаларни қабул қилади. Қолаверса, қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси кўмаги билан “Буюк ипак йўли” метро бекатидан академиягача бўлган масофада талабалар учун махсус транспорт қатновини йўлга қўйиш борасида ҳам иш олиб бормоқдамиз.  Бир сўз билан айтганда, академияда яратилаётган шароитлар юртимизда ёшлар сиёсати энг юқори ўринда эканининг яна бир исботидир.

Бир жиҳатни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекис­тон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси айни пайтда Марказий Осиёда ягона саналади.

Билимли ва малакали кадрларни тайёрлаш ҳар жиҳатдан салоҳиятли ўқитувчиларга боғлиқ. Шу маънода академиянинг педагогик жамоасини шакл­лантиришга жиддий эътибор қаратилди: профессор-ўқитувчилар танлов асосида қабул қилинди.

Олий ва амалий математика, физика, кимё, ишлаб чиқаришда компьютер саводхонлиги, ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли билан ишлаш, инсон ресурсларини бошқариш тарихи ва хорижий тажриба, менежмент ва маркетинг каби 30 дан ортиқ йўналиш бўйича ўқитувчилар белгиланган мезонларга мувофиқ танлов асосида ишга саралаб олинди. Айни пайтда академияда профессор-ўқитувчилар таркибидан иборат илмий жамоа шакллантирилган. Энг муҳими, бу ўқитувчилар замон талаблари асосида фикрлаш ва ёшларга сабоқ бериш кўникмасига эга.

Кадрлар тайёрлаш.

Истиқболдаги халқаро ҳамкорлик

Академия олдида турган энг муҳим вазифалардан бири — меҳнат соҳасида халқаро даражадаги кадрларни етказиб бериш. Шу боис, инновацион, илмий-педагогик технологияларни, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида малакали кадрларни тайёрлаш, илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, ўқув тизимига етакчи хорижий ташкилотлар тажрибасини жорий этишни мақсад қилганмиз. 

Академияда “Меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги”, “Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги”, “Инсон ресурсларини бошқариш”, “Психология”, “Менеж­мент”, “Меҳнат ҳуқуқи” каби таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрланади. Жорий ўқув йилида академияда ўқиш истаги билан 1200 га яқин талабгор ҳужжат топширган бўлса, улардан 250 нафарга яқини талаба бўлди. Улар яқин келажакда меҳнат муҳофазасини таъминлаш, одамлар иш шароитини яхшилаш, психология, меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишга қодир юқори малакали кадрлар бўлиб етишишига ишончимиз комил. Боиси, биз бу соҳаларга илмий асосланган ва марказлашган ҳолда эътибор қаратмоқдамиз.

Бунинг учун академияда таълим янги технологиялар асосида жиҳозланган аудиторияларда олиб борилмоқда.Бу ерда электрон кутубхона, физика ва кимё бўйича зарур жиҳозларга эга замонавий лабораториялар, спорт комплекси, ёпиқ спорт зали мавжуд. Таълим жараёни автоматлаштирилиши бўйича “Платформа” мажмуаси ҳам жорий этилган. Бепул интернет, кутубхонанинг ўқув ва электрон заллари мавжуд бўлиб, талабаларга ахборот-ресурс марказимиз орқали Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси билан масофавий боғланиб, у ерда мавжуд дарсликлар ва адабиётлардан фойдаланиш имконияти яратилган. Асосий машғулотлардан сўнг талабаларнинг фанлар бўйича мустақил шуғулланиши учун компьютер синфлари ва махсус хоналар бор. 

Фаолиятимизда хорижий олий таълим муассасалари билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиб, ўзаро тажриба алмашиш муҳим аҳамият касб этади. Шу боис, ҳозиргача қатор хорижий олий таълим муассасаларининг бу борадаги тажрибаси яқиндан ўрганилди. Шунингдек, Россия, Хитой, Италия, Корея, Озарбайжон, Беларусь каби давлатлардаги институтлар, тегишли миллий ва халқаро тузилмалар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйишни режалаштирганмиз. 

Яна бир янгиликни айтиб ўтишимиз керак. 2022-2023 ўқув йили учун қабул эълон қилганимизда, сиртқи таълим бор-йўқлиги юзасидан ҳам кўплаб саволлар келиб тушди. 

Очиғини айтганда, ҳозир меҳнат ва ижтимоий соҳаларда ўрта махсус маълумотли кадрларнинг ҳам тажрибаси катта. Ана шундай тоифадаги ёшларимиз учун академияда масофавий таълимни йўлга қўйиш мақсадида жорий йилнинг 25 сентябридан сиртқи таълимнинг бакалавр йўналиши бўйича ҳам қабул эълон қилдик. 

Сиртқи таълимга эҳтиёж мавжуд. Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида иш олиб бораётган ўрта махсус маълумотли мутахассисларда ўзлари иш олиб бораётган йўналишда каттагина тажриба тўпланган бўлиб, амалиётда бу муҳим аҳамият касб этади. 

Академиямизда сиртқи таълим йўналиши очилиши ана шундай амалиётчи ёшларимизни олий таълим билан қамраб олиш имконини беради.Яъни назарий жиҳатдан улар малакасини ошириб, замон талабидан келиб чиққан ҳолда ҳам илмий, ҳам амалийбилим ва кўникмаларга эга бўлган етук кадрларни етиштириш имконияти яратилади.

Бизда сиртқи бўлим очилиши яна юзлаб иқтидорли ёшларнинг замонавий кадр бўлиб етишиши, банд­лик ва меҳнат муносабатлари соҳасида самарали тизим яратилишига хизмат қилади.

Сиртқи таълимнинг яна бир муҳим жиҳати борки, бу, аввало, таълим олиш истагидаги юзлаб йигит-қизнинг оиласига фаровонлик олиб келади. Зеро, таълим қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, олий ўқув юртида таҳсил олаётган талабаларнинг оиласида хотиржамлик, фарзандининг келажагидан кўнгил тўқлик муҳити пайдо бўлади.

Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари, меҳнат ҳуқуқи, инсон ҳуқуқлари, меҳнат тиббиёти, ижтимоий ҳимоя ва меҳнат муҳофазаси йўналишлари бўйича олий малакали илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш ҳамда илмий-тадқиқот фаолиятини амалга ошириш масаласи академия олдида турган муҳим вазифалардан бири. Шу боис, келгусида академияда таълимнинг нафақат магистратура, балки докторантура босқичини ҳам очишни мақсад қилганмиз.

Бугунги кунда Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясида кадрлар тайёрлаш бўйича Марказий Осиё давлатлари ҳам қизиқиш билдирмоқда. Бу ҳам олдимизга катта вазифалар қўяди. 

Президентимизнинг “Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академиясини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори аҳамиятини яна қатор ҳаётий жиҳатларда кўришимиз мумкин.Хусусан, бу ерда замонавий инновацион ва илмий-педагогик технологияларни, фан ва техниканинг энг сўнгги ютуқларини қўллаган ҳолда меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасида талаб юқори касблар, йўналишлар ва мутахассислик­лар бўйича малакали кадрлар тайёрланиши белгиланган. 

Академияда таълимнинг тегишли йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича ўқув-методик адабиётлар яратиш, талабалар ва ёш мутахассисларни жалб қилган ҳолда фундаментал ва илмий-амалий тадқиқотлар олиб бориш, таълим тизимига етакчи хорижий таълим ташкилотлари тажрибасини жорий этиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Истиқболли битирувчиларни хорижий олий таълим ташкилотларига ва илмий-тадқиқот марказларига тегишлича бакалавриат, магистратура ҳамда докторантурада ўқишга юбориш орқали академиянинг илмий-педагогик салоҳиятини янадаошириш, педагогик технологиялар ва ўқитиш услубларини такомиллаштириш ҳам галдаги вазифалар сирасидандир. 

Бу ерда ижтимоий-меҳнат муносабатлари мутахассислари, касаба уюшмалари тизими ҳамда тиббий профилактика муассасалари ходимларини замонавий талаблар асосида қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, шунингдек, халқаро ва хорижий ташкилотларда тажриба орттиришини ташкил этиш борасида ҳам зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хорижлик ҳамкасбларимиз фикри

Яқинда академиямизнинг тантанали очилиш маросимида турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотларининг вакиллари билан бирга Хал­қаро меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Миср, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Мўғилистон каби хорижий мамлакатлар касаба уюшмалари ташкилотлари раҳбар ва мутасаддилари ҳам иштирок этдилар.

Улар маросимни юксак баҳолаб, Президентимизнинг ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ташаббуслари амалда ўз исботини топаётгани, Ўзбекистонда “Инсон қадри учун” тамойи­ли ҳаётда муносиб акс этаётганини эътироф қилди.

Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг лойиҳа координатори Анастасия Дубова қуйидаги фикрларни билдирди:

— Ушбу академиянинг таълим соҳасида хал­қаро даражага чиқиш учун жуда яхши имкониятлари мавжуд. Чунки ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида фаолият юритувчи кадрларга катта эҳтиёж бор. Хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Туриндаги ўқув маркази билан ҳамкорликда қўшма ўқув дастурларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган. Бу академияда тайёрланадиган мутахассисларга икки томонлама, яъни меҳнат қонунчилиги борасида ҳам миллий, ҳам халқаро даражада тайёргарликдан ўтиш имконини беради. Шу билан бирга, соҳанинг халқаро нуқтаи назардан истиқболини ҳам белгилаш имконига эга бўлади. 

Академия ўқув дастурлари барча халқаро стандартларга жавоб беради. Шунингдек, академия энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланган. Бир сўз билан айтганда, академия ўз талабалари учун барча зарур шарт-шароитларни яратиб бермоқда, — дея эътироф этди А.Дубова.

Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси вакили Анна Сальникова ҳам Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси очилишини катта тарихий воқеа дея баҳолади: 

— Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси ва Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора ривож топиб бормоқда. Ўзбекистонда ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам катта ислоҳотлар амалга оширилаётгани қувонарли. Айнан мана шу жараён­лар кечаётган бир даврда мазкур академиянинг 

очилиши жуда катта тарихий воқеа бўлди. Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистонда давлат, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ўртасида мустаҳкам ва самарали ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шериклик йўлга қўйилган ва у тобора такомиллашиб, ривож топиб бормоқда. 

Сўзсиз, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳаси ривожида малакали кадрлар ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Мазкур академия ана шундай етук мутахассисларни тайёрлаб берувчи маскан бўлишига шубҳа йўқ.

Миср Араб Республикасининг Коммунал ва газ ташкилотлари касаба уюшмалари бош котиби Муҳаммад Ҳасан: “Миср касаба уюшмалари тизимида ҳам соҳа мутахассислари учун ўқув даргоҳлари мавжуд, аммо улар ҳудудларда ўқув маркази сифатида ишлайди. Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳаси учун олий маълумотли кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаси ташкил этилганини кўриб, тўғриси, ҳайратландик. Бу Ўзбекистонда меҳнат муносабатлари ва ижтимоий соҳага, шунингдек, меҳнат соҳаси учун малакали етук кадрлар тайёрлашга юксак эътибор қаратилаётганидан далолатдир”, — дея фикр билдирди.

Қозоғистон касаба уюшмалари федерацияси раиси Сотиболди Даулеталиннинг эътирофи ҳам ўзига хос бўлди. Унинг фикрича, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси очилиши нафақат Ўзбекис­тонда, балки бутун Марказий Осиё учун ҳам катта воқеа бўлди. 

“Чунки шу пайтгача меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳаси учун олий маълумотга эга ихтисослаштирилган кадрларни етиштириб берувчи олий таълим муассасаси бўлмаган. Шу боис, мазкур академия Марказий Осиё мамлакатлари  учун базавий таянч маркази бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. Ушбу масканга ҳозирданоқ қизиқиш ортиб бормоқда. Хусусан, биз ҳам келгусида бу ерга талаба ва мутахассисларимизни юбориб, ўқитишни режа қилиб қўйдик”, — дейди С.Даулеталин.

Худди шу каби илиқ ва ижобий фикрларни Қирғизистон, Монголия, Тожикистон каби мамлакатлар касаба уюшмалари раҳбарлари ҳам тўла қўллаб-қувватлади.

Ўқишнинг илк кунларидаги манзаралар

Бир вақтнинг ўзида академиямиз талабаси бўлиш бахтига сазовор бўлган она ва унинг қизи қалбидаги қувонч, бахтиёрлик кўз ёшлари хотирамда муҳрланиб қолди. 

Улар хоразмлик Малика Бобожонова ҳамда унинг фарзанди Нодирабегим Отабековадир. 

Буни қарангки, қизининг ҳужжатларини топшириш асносида академиямиздаги мавжуд шарт-шароитлар билан танишган онада ҳам мазкур билим даргоҳида ўқиш истаги туғилади. У ўз танловини мана бундай изоҳлади: 

— Бу ерда мавжуд шароитларни кўриб, қалбимда ўқишга бўлган иштиёқ янгидан туғилди. Менда кун сайин ана шундай гўзал масканда билим олиш хоҳиши ортса орттики, чекинмади. Тест синовларига туну кун тайёргарлик кўрдим, адабиётларни варақлаб, ўзим танлаган йўналиш бўйича кўникмаларимни мустаҳкамлашга астойдил ҳаракат қилдим. Не бахтки, фарзандим Нодирабегим ҳам, ўзим ҳам бир вақтда талаба бўлдик. Ёшлигимда рўёбга чиқмаган орзуларим бугунги дориломон кунларда амалга ошди. Шу боис, ҳалигача қувончим ичимга сиғмаяпти. Айниқса, қизимнинг орзулари ушалаётганидан ниҳоятда бахтиёрман. Ана шундай юртда яшаётганимиз учун шукроналар айтамиз. 

Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистонда барча соҳаларда бирдек кечаётган ислоҳотлар ва уларнинг ижобий самараси ўлароқ, халқимиз турмуш фаровонлиги ошиб бораётгани, ушбу эзгу саъй-ҳаракатлар замирида “Инсон қадри учун” тамойилининг мужассам топгани нафақат юртдошларимиз, балки хорижий мамлакатлар, халқаро ҳамжамият эътирофига ҳам сазовор бўлмоқда. 

Биз ҳам инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилаётган улкан ислоҳотларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида, Президентимиз таъбири билан айтганда, бугун биз яшаётган жамиятга зарур бўлган янги фикр, янги ғоя, энг муҳими, ислоҳотларни амалга оширишга қодир бўлган янги авлод кадрларини тайёрлашга бор куч ва ғайратимизни сафарбар этамиз.

Сайфулла АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг 

Меҳнат ва ижтимоий муносабатлар академияси ректори