French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадрлар салоҳиятини ошириш – давр талаби
13:17 / 2022-02-21

Янги Ўзбекистонда кучли, билимли ва жисмонан етук кадрларни тайёрлаш, уларга кенг имкониятлар яратиш ва қўллаб-қувватлаш Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳам асосий вазифаларидан.

Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 10 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. 

Бунга кўра, Ички ишлар вазирлиги Ёнғин хавфсизлиги институти Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилиб, “Академия” мақоми берилди ҳамда ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг олий таълим ташкилотларига ўқувчиларнинг ўқишга кириши учун тайёргарлигини таъминловчи ихтисослаштирилган лицей ташкил этилиши белгилаб берилди.  
 
Соҳадаги ўзгаришлар, кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича белгиланган вазифалар ҳамда амалга оширилаётган ишлар хусусида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси бошлиғи ўринбосари, полковник Чориёр Хўжанов ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди. 

– Ҳозирги кунда Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Бу борада академиямизда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятини янада ошириш, аҳоли ва ҳудудларнинг муҳандислик муҳофазасини такомиллатириш, авария қутқарув ишларини ташкиллаштириш, оловга чидамли қурилиш материаллари ва матоларининг янги турларини яратиш борасида илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш устувор вазифа этиб белгиланган. 

Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Илм-фан ва илмий фаолият тўғрисида”ги қонуни ҳамда тегишли низом ва қарорларга асосан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузурида техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш тузилди ва у бугунги кунда ўз фаолиятини самарали амалга оширмоқда. 

Мазкур қарорга асосан ФВВ академияси ҳузурида тузилган техника фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи илмий кенгаш “Фавқулодда ҳолатларда хавфсизлик: Ёнғин, саноат, ядро ва радиация хавфсизлиги” ва “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва инсон фаолияти хавфсизлиги” (техника фанлари) ихтисосликлари бўйича докторлик диссертацияларини илмий семинарда муҳокама қилиш ва ҳимояни ўтказиш ваколатига эга бўлди. 

Шунга кўра, ФВВ академиясининг профессор-ўқитувчилари томонидан олиб борилган илмий ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги интеллектуал мулк агентлигидан ихтиролар учун  патентлар олинди. 

Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, академияда давлат илмий-техник дастурлари доирасида бажарилиши икки йилга мўлжалланган иккита давлат гранти BV-Atex-2018 “Маҳаллий минерал хом ашёлар асосида қийин ёнувчан иссиқдан сақловчи таркиблар олиш технологиясини яратиш” ҳамда BV-Atex-2018-58 “Янги авлод металлорганик олигомер қўшимчали оловбардош, иссиқлик изоляцияловчи қурилиш материалларини тадқиқ этиш ва технологиясини яратиш” лойиҳалари устида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. 

Республика миқёсидаги фан олимпиадаларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг иқтидорли курсантлари муносиб иштирок этиб, совринли ўринларга эга бўлишди. Жумладан, “Гидравлика” фанидан 4 курс курсанти Равшанбек Жалилов биринчи ўринни, “Автомобил тайёргарлиги” фанидан 1 курс курсанти Фаёзбек Мамасолиев иккинчи ўринни ҳамда “Миллий ғоя, ҳуқуқшунослик, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси” фанларидан 5 курс курсанти Султанбек Уразимбетов учинчи ўринни эгалладилар. Ўзбекистон терма жамоаси таркибида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси ҳарбий хизматчилари Осиё ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирок этиб, совринли ўринларни эгаллаб келмоқда. 

Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2019 йил 28 июндаги “Ўсмирларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ва давлат хизмати учун кадрлар заҳирасини тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Шаҳрисабз “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ташкил этилди. Ушбу “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи ўқув-услубий ишларини амалга оширишда академиянинг профессор-ўқитувчилари билан яқиндан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.  
 
Мухтасар қилиб айтганда янги Ўзбекистонда илм-фанни янада равнақ топтириш, ёшларимизни чуқур билим, юксак маънавият ва маданият эгаси этиб тарбиялаш борасидаги муҳим амалий ишларни давом эттиришимиз зарур. Зеро, ёшлар эртанги кунимизнинг эгалари ҳисобланади. Уларни биз бугун қанчалик илмий, маънавий, руҳий жиҳатдан қўллаб-қувватласак, келажагимиз шунчалик ёрқин бўлади.  

Гулноза Бобоева, ЎзА