Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадрлар малакасини ошириш тизими такомиллашмоқда (+видео)
15:23 / 2023-11-02

Бугунги кунда нафақат Марказий Осиёда, балки бутун дунёда ичимлик суви таъминоти долзарб муаммолардан биридир.

Мамлакатимизда ҳам ушбу масала ўзининг долзарблигини йўқотмаган.

Соҳа мутахассислари томонидан Тошкент шаҳрида ташкил этилган халқаро анжуманда айни шу мавзу муҳокама қилинди. Жумладан, соҳада кадрлар сиёсати, уларнинг малакасини ошириш, халқаро молия институтлари дастурлари асосида ўқитиш масалалари кўриб чиқилди.

Биламиз, ҳар бир соҳа ривожи малакали кадрларга боғлиқ. Қачонки, тизимда етук кадрлар фаолият олиб борар экан, ишлар самарали бўлади.

“Ўзсувтаъминот” АЖ кадрлар сиёсатининг асосий вазифаси – кадрлар тайёрлашда халқаро стандартларга ва илғор хорижий тажрибага асосланган тизимли ёндашувни ташкил қилиш ҳамда корхона ходимларининг малакасини оширишдир. Шунингдек, ташкилотни стратегик ривожлантириш масалаларини ҳал этишга кўмаклашадиган тажрибали ходимлар жамоасини шакллантиришдан иборат.

Ҳозирги кунда “Ўзсувтаъминот” АЖ тизимида жами 23 011 нафар ходим фаолият юритади. Олий маълумотли ходимлар сони 3656 нафар, ўрта махсус маълумотлилар 10384 нафар, ўрта маълумотли ходимлар эса 8971 нафардир.

Ўтган уч йил давомида соҳа кадрларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб иш шароитлари билан таъминлаш мақсадида бир қанча ижобий ишлар амалга оширилди.

Соҳада “KPI” тизими, ходимлар меҳнатини рағбатлантириш ҳамда узоқ муддат ишлаганлик учун қўшимча устамалар бериш жорий этилган. Иш самарадорлигини ошириш ҳамда меҳнат шароитини яхшилаш мақсадида ходимларнинг компьютер техникалари, махсус кийим ва анжомлар билан таъминланиши йўлга қўйилган.

– Жорий йил ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш ишларини янада жадаллаштириш мақсадида тизимда 2023 йилнинг 9 ойида қарийб 5 минг нафар ходимнинг касбий малакаси оширилди ва улар қайта тайёрланди, – дейди "Ўзсувтаъминот" АЖ ходимларни бошқариш бўлими бош мутахассиси Азиза Ғофурова. – Бундан ташқари, уч йил мобайнида жами 315 нафар ходим тавсиялар асосида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларига ўқишга кирди. Аксарият ходимларимиз соҳасидан келиб чиққан ҳолда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Миллий тадқиқот университети, Тошкент архитектура-қурилиш университети ва Тошкент кимё-технология институтларига ўқишга қабул қилинган.

Тадбирда таъкидланишича, Жамият ва унинг тизимидаги корхоналар 10 дан ортиқ олий таълим муассасаси билан ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда. Олий ўқув юрти битирувчиларини тизим корхоналарига ишга жойлаштириш бўйича амалий ишлар йўлга қўйилган.

[gallery-14304]

Жорий йилда ходимларнинг бир гуруҳи халқаро молия институтларининг дастурлари асосида Туркия, Франция, Буюк Британия, Венгрия, Швеция, Россия давлатларида малака оширди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан, Осиё тараққиёт банки ҳамда Корея “Eksimbanki “ техник кўмаги асосида “Ўзбекистонда ичимлик суви йўқотишларини қисқартиришни қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида хорижий илғор тажрибани ўрганиш мақсадида жами 80 нафар “Ўзсувтаъминот” АЖ ва ҳудудий сув таъминоти корхоналари ходими Жанубий Кореяда малака ошириб келди.

Янги иншоотларни қуриб, фойдаланишга топширган хорижий корхоналар мутахассислари Бухоро, Жиззах ва Тошкент вилоятларида маҳаллий ёш кадрларга тажриба ўргатишни амалга оширмоқда.

– Соҳа ходимларининг малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш ишларини доимий ва сифатли амалга ошириб бориш мақсадида ташкилотимиз Корея Республикасининг “K-water” компанияси билан ҳамкорликда илмий марказ ташкил этмоқда, – дейди Коммуникациялар ва жамоатчилик билан алоқалар бўйича Осиё тараққиёт банки эксперти Ирина Саидова. – Илмий марказда соҳамиз учун зарур бўлган иншоот ва тармоқлар эксплуатацияси, GIS, SCADA ва сув йўқотишларини бошқариш, энергосамарадорлик, метрология ва гидравлика, ахборот технологиялари, истеъмолчилар ва жамоатчилик билан ишлаш, молиявий бошқарув ва бошқа мутахассислик йўналишлари бўйича кадрлар малакаси мунтазам равишда ошириб борилади.

Анжуман якунида соҳа мутахассислари томонидан журналист ва блогерларнинг барча саволларига атрофлича жавоб берилди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/kPlXogJFMcY" title="Кадрлар малакасини ошириш тизими такомиллашмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Нилуфар Бозорова,
Ойбек Пардаев (сурат), Ёқуб Мелибоев (видео),
ЎзА мухбирлари