Самарқанд вилоятидаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан коррупцияга қарши курашиш йўналишида ўтказилган тезкор тадбирларда бир қатор қонунбузарлик ҳолатлари қайд этилди.
Жумладан, Давлат кадастрлар палатаси Самарқанд шаҳар филиали ходими Ургут тумани ҳудудида жойлашган 25 сотих ерни 36 минг АҚШ долларига сотишга келишиб, олдиндан фирибгарлик йўли билан 5 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган вақтда Самарқанд вилояти ИИБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, икки кишини олий таълим муассасасига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, ҳар бири учун 500 АҚШ долларидан жами 1000 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олган шахс вилоят ИИБ коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Самарқанд шаҳар бўлими ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида қўлга олинди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири