Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадастр хизматларидаги янгиликлар нималардан иборат?
17:14 / 2023-08-31

АОКАда ўтказилган брифингда Кадастр агентлиги ахборот хизмати раҳбари Неъматжон Атамуратов янги қабул қилинган ҳужжатларга мувофиқ кадастр хизматларидаги янгиликлар тўғрисида маълумот берди.

Қайд этилишича, эндиликда ушбу тизимда малака ошириш ҳар 3 йилда камида бир марта амалга оширилади. Мутахассислиги бўйича 2 йилдан кам ишлаганлар аттестациядан ўтказилмайди.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 22 августдаги 411-сон қарори билан Кадастр муҳандиси институтини республика миқёсида босқичма-босқич жорий этиш тартиби белгиланмоқда. Унга кўра, кўчмас мулк бўйича Кадастр муҳандиси институтини уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан 2023 йил 1 октябрдан Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида, 2024 йил 1 июлдан республика миқёсида жорий этиш белгиланмоқда.  

Шу билан бирга, кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган мутахассислик йўналишларини кенгайтириш, кадастр муҳандислари томонидан шаҳодатнома олиш учун ариза топширишдан малака имтиҳонигача бўлган вақтни қисқартириш, малака имтиҳони топшириш вақтини узайтириш белгиланмоқда.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 августдаги 424-сон қарори билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматлари кўрсатиш тартибга солинмоқда. Унга кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва ягона ҳужжатга бирлаштириш белгиланади.  

Шу билан бирга, жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили белгиланди.  

Кўчмас мулкни бўлиш, бирлаштириш ва уларнинг янги чегараларини белгилаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили ҳамда ушбу хизматларни кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлар миқдори, давлат рўйхатидан ўтказилади. Бу ҳақда гувоҳнома берилган кўчмас мулкларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва ундан кўчирма бериш, шу жумладан, мазкур хизматларни бепул амалга ошириш бегиланди.  

Шунингдек, “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилингани муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги 1060-сон қарори ўз актуаллигини йўқотди. Ҳамда юқорида келтириб ўтилган маъмурий регламентлар ишлаб чиқилгани муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги 535-сон қарорининг 2, 3, 4 ва 5а-иловалари ўз кучини йўқотган деб эътироф этилмоқда.  

Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 29 августдаги 426-сон қарори билан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби белгиланди. Унга кўра, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш соҳасидаги низолар юзасидан аризалар ва шикоятлар билан мурожаат қилади.  

Ш.Маматуропова, ЎзА