Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадастр хизмати: ҳар қарич ернинг назорати бор
12:54 / 2025-09-14

Фуқароларнинг ер ва мол-мулкка бўлган эгалик ҳуқуқларини тиклашда кадастр идоралари олдида бир қатор масъулиятли вазифалар юклатилган ва бу бугунги кунда ҳам долзарб масала бўлиб келмоқда.

Президентимиз ташаббуси билан 2024 йил 5 августда Олий Мажлис томонидан қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун ҳам ер майдонларига бўлган муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. 

Давлат кадастрлар палатаси Наманган вилояти бошқармаси бошлиғи Музаффар Турсунбоевнинг таъкидлашича, вилоятнинг жами ер майдони 743 минг 293 гектарни ташкил қилиб, шундан 488 минг 752 гектари қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасига киради. Уларда халқимиз дастурхони учун пахта ва ғалла ҳамда сархил мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилади. 

Бироқ, ердан халқ манфаати учун эмас, ўз нафси қондириш мақсадида фойдаланиш ҳолатлари ҳамон учраётганлиги ғоят ачинарлидир. Бундай ўзбошимчаликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш учун вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда ер назорати тадбирлари ўтказилмоқда. 

Жорий йилнинг ўтган даврида 69,3 гектар ер майдонида 1 минг 605 та  қонунбузилиш аниқланиб, шундан 643 таси, яъни 48,5 гектари мажбури

й буздириш юзасидан фуқаролик ишлари бўйича судларга даъво аризалари киритилди. Жумладан, 99 тасида, яъни 10,6 гектари юзасидан даъво аризалари қаноатлантирилган, 189 та ҳужжат ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига юборилган.

Кадастр назорати инспекторларининг бевосита фуқаролар билан олиб борган тушунтириш ва тарғибот ишлари натижасида 20,8 гектардаги қонунбузилишлар, шуни  содир этган шахслар томонидан ихтиёрий бартараф этилиб, ер ўз ҳолига келтирилди.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун юридик ва жисмоний шахслар томонидан жами 73 минг 104 та мурожаат келиб тушган. Хусусан, уларнинг 19 минг 327 таси якка тартибдаги турар-жой, 7003 таси кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, 33 мингдан ортиғи ерга бўлган эгалик ҳуқуқларини эътироф этишга дохилдир. Буларнинг 54 минг 676 таси ижобий ҳал этилиб, давлат рўйхатидан ўтказилди. 3 минг 215 нафар ер эгасига мўлжалланган 364,9 гектар ер автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилди.

Кадастр идоралари ходимлари янги қонунга асосан хатлов жараёнида “Маҳаллабай” ва “Хонадонбай” иш ташкил этиб, ҳар бир кўчмас мулкни ўлчаб, ер участкаларининг амалдаги чегаралари аниқламоқда. Топографлар геодезик ускуналарда объектнинг аниқ географик жойлашувини топиб, электрон хариталар тузилмоқда. Бу юмушга 200 нафар кадастр муҳандиси сафарбар қилинган ва 301 та маҳалладаги 44 минг 812 та кўчмас мулк хатловдан ўтказилди. Жумладан, 35 минг 737 таси “UzKad” тизимига идентификация қилинди ҳамда ҳал этилиши мумкин бўлган 17 минг 824 та кўчмас мулк   йиғмажилдини кўриб чиқиш учун “Etirof” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали тегишли вазирлик ва идораларга юборилди. Ҳозирга қадар 108 кишининг ҳуқуқлари эътироф этилиб, бу бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинди.

Хатлов ишлари бошланганлиги ҳақида барча маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва фаоллари бир неча бор хабардор қилинган бўлса-да, айрим маҳаллаларда кўчмас мулк эгалари манзилида бўлмаслиги жараёнларни ўз муддатида тўлиқ олиб борилишига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яъни, битта объектга бир неча бор такрор бориб, ортиқча вақт йўқотилмоқда. Бинобарин, хатлов ишлари тасдиқланган режа-жадвалга мувофиқ давом этмоқда.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.