Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кадастр соҳасидаги мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда
11:00 / 2022-11-07

Ҳабиба Наврўзова Бухоро вилояти Қоракўл тумани Чекирчи маҳалласида узоқ йиллардан буён яшаб келади. У яқинда ўзи яшаб турган ҳовлисида янги қурилишлар қилди. Бироқ турмуш ташвишлари билан овора бўлиб уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштиришга имкони бўлмади. Яна ҳам аниқроғи, бу ишга анча-мунча вақт кетиб қолади деб, астойдил киришмади ҳам. Идорама-идора юришга ҳафсала қилмади. Бироқ давлат хизматлари маркази орқали кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун мурожаат қолдиргач, ҳаммаси ўзи ўйлаганчалик вақт олмаслигини тушуниб етди.

– Икки кун аввал ўзим яшаб турган хонадоннинг кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштириш мақсадида мурожаат қилдим, –дейди Ҳабиба Наврўзова. – Бугун эса кадастр ходимлари уйимга келиб, ўлчов ишларини амалга оширди. Кадастр ҳужжатларимни беш кун ичида тўлиқ расмийлаштириб беришларини айтишганда, тўғриси, ишонмадим. Чунки, авваллари бу ишлар ҳафталаб, ойлаб чўзилар эди.

Вилоятнинг олис ҳудуди ҳисобланмиш Қоракўлда, ислоҳотлар самараси ўлароқ Ҳабиба опага ўхшаган кўплаб фуқароларнинг кадастрга оид мурожаатлари  тез ва сифатли ҳал қилинмоқда. Биргина, жорий йилнинг ўтган даврида Давлат хизматлари маркази ва ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўчмас мулк объектларига кадастр паспортини шакллантириш бўйича аҳолидан 1 минг 300 та мурожаат келиб тушган.

Ушбу мурожаатларга асосан, 730 та якка тартибдаги уй-жойларга, 197 та кўп қаватли уйлардаги хонадонларга, 332 та нотурар жой тоифасидаги мулкларга ва 41 та ер участкаларига кадастр паспортлари шакллантириб берилган.  

Айни пайтда туманда кадастр ҳужжати мавжуд бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатларини шакллантириш бўйича хатлов ишлари давом этмоқда.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА