Мамлакатимизда ер-мулк масалаларини тартибга солиш, фуқароларнинг ўзларига тегишли бўлган ерларни ҳуқуқий асосда белгилаб олиш ва ҳимоя қилиш бўйича меъёрий ҳужжатлар тасдиқланган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги қарорида асосида шакллантириладиган кадастр паспорти – кўчмас мулк объекти тўғрисидаги умумий маълумотлар ва объектнинг кадастр рақамини ўз ичига олган электрон ҳужжат ҳисобланди. Умуман, кадастр паспортини расмийлаштириш ва бу борада ҳудудларда фуқаролардан келиб тушган аризалар қандай ҳал этилмоқда?
Биргина Сирдарё вилояти мисолида айтадиган бўлсак, кадастр паспортини шакллантириш учун жисмоний ва юридик шахслар томонидан 2024 йилнинг 6 ойи давомида 16 855 та ариза келиб тушган ҳамда уларнинг 9 909 тасига кадастр паспорти расмийлаштирилиб берилган.
– Жами 213 896 та кўчмас мулк бўлган вилоятимизда 151 555 та якка тартибдаги турар жойлар, 39 047 та кўп қаватли уйлардаги квартиралар, 16 369 та нотурар объектлар ва 6 925 та бўш ер майдонлари мавжуд, – дейди Давлат кадастрлари палатаси Сирдарё вилояти бошқармаси бошлиғи Бекзод Ражабов. – Энг кўп кадастр паспортлари расмийлаштириш эса вилоятнинг Гулистон шаҳрига тўғри келмоқда – 1 656 та, Сирдарё туманида 1 091 та, Боёвут туманида эса 1 001 та. Мурожаатлардан 6 302 тасида камчиликлар мавжудлиги сабабли рад этилган ва 210 тасида аризачилар томонидан кадастр паспорти учун давлат божи тўлов жараёнида бўлса, қолган 434 ариза кўриб чиқилмоқда.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоиз, кадастр паспортини расмийлаштиришда кўчмас мулк объектларининг турар жой фондига оид қисмига кўра кўп квартирали уйдаги квартиралар 3 иш куни мобайнида, якка тартибдаги турар жойлар 5 иш куни мобайнида расмийлаштириб берилади. Кўчмас мулк объектларининг нотурар бино ва иншоотларга оид қисмига кўра умумий майдонидан келиб чиқиб 5 иш кунидан 25 иш куни мобойнида кадастр паспорти расмийлаштирилади.
Шу ўринда савол туғилиши мумкин: кадастр паспорти учун келиб тушган аризалар қандай ҳолларда рад этилади, деган.
– Кадастр паспортини шакллантириш учун сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилганлиги, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмаслиги, ариза берувчи ёки унинг вакили келишилган манзилда бўлмагани, ваколатли орган томонидан кадастр паспортини расмийлаштириш бўйича кўчмас мулк объектига тақиқ ёки хатлов қўйилгани сабабли бино-иншоотларга кадастр паспорти рад этилади, – дейди Бекзод Ражабов.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА