ФОТОРЕПОРТАЖ
Кадастр агентлиги Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Н. Машрапов бошчилигида масъулларнинг Бағдод тумани “Чўрринди” маҳалла фуқаролар йиғини аҳоли вакиллари билан очиқ мулоқоти ўтказилди.
Учрашувда бошқарма бошлиғи 2024 йил 5 августда қабул қилинган “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни мазмун-моҳиятини тушунтириб берди. Шунингдек, ҳудудда амалга оширилаётган хатлов жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 9 ойи давомида 72 682 та объект хатловдан ўтказилиб, “Хатлов” ахборот тизимига киритилди. Улардан 49 820 та объект “UzKAD” ахборот тизимида фаол ҳолатга ўтказилган. Шунингдек, 35 653 та кўчмас мулк объекти “Эътироф” автоматлаштирилган ахборот тизимига киритилган. Уларнинг 27 651 таси муҳокама жараёнида, 1 501 таси эса тўлов амалга оширилиб ижобий ҳал этилган.
Учрашув давомида ер ва кадастр назоратида жамоатчилик аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ёки уларда ноқонуний қурилиш ишларини амалга ошириш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида маълумот берилди.
[gallery-25797]
Кадастр агентлиги вилоят бошқармаси тизимида ер ва кадастр назорати бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумот тақдим этилди. Жумладан, 2025 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, вилоят бўйича 6 932 та ҳолатда жами 339,15 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланган. Ушбу ҳолатлар юзасидан қонунбузар шахсларга хатти-ҳаракатларни бартараф этиш ҳақида ёзма кўрсатмалар юборилиб, натижада 5 727 та ҳолатда 275 гектар ер майдонида қонунбузарликлар жойида бартараф этилган.
Жиноят аломатлари мавжуд бўлган 96 та ҳолат бўйича ҳужжатлар эса прокуратура органларига қўшма тартибда тақдим этилган.
Бағдод туманида ўтган 9 ой давомида 410 ҳолатда ер майдонларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари аниқланган. Уларнинг 318 тасида ёки 36,01 гектар ер майдонида қонунбузилиш ҳолатлари жойида бартараф этилган.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА