Бугунги кунда республикамизнинг аксарият қишлоқларида яшовчи фуқаролар хонадонларининг кадастр ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ эмас. Вақтида хонадонларига тегишли кадастр ҳужжатларини расмийлаштирмагани боис хонадонларга тегишли ёки ерга тегишли ҳужжатлар ҳам йўқолиб кетган.
Турар жой кадастри масаласидаги муаммолар хусусида Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси бошлиғи Алимжон Махаров қуйидагиларни сўзлаб берди.
– Турар жой кадастри масаласидаги муаммолар ҳамма жойда ҳам учраб турибди, – деди Алимджан Махаров. – Устига-устак Кадастр ҳужжатига эга бўлмаган фуқаролар имтиёз ва имкониятларидан фойдаланиб томорқа учун кредит, қурилиш ишларига субсидия, уй-жойини кенгайтиришга ипотека кредитларини ололмаяпти. Оқибатда Президентимизнинг жойлардаги Халқ қабулхоналари, маҳаллий ҳокимликлар, дахлдор муассасаларда жуда кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Яна шуни таъкидлаш жоизки кадастр ҳужжати бўлмаган учун ер солиғи 3 карра оширилган миқдорда тўлашди. Ҳозирги ижтимоий тармоқларда ҳам “оҳ-у воҳ” қилаётганлар хам йўқ эмас.
Кадастр агентлиги Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан 2022 йилнинг ўтган 8 ойи давомида 774 та ҳолатда 26,63 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ва кадастр ҳужжатига эга эмаслиги аниқланди. Шу билан бир қаторда қонун бузилиш ҳолатларини содир этган ҳуқуқбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг тегишли моддалари билан 2500 та ишлар юритилиб уларга нисбатан 3 миллиардга яқин жарима қўлланилди.
Хонадонларининг ҳануз кадастр ҳужжатини расмийлаштирмаган аҳоли ўртасида ўрганишлар шуни кўрсатадики, ноқонуний равишда ерни эгаллаган иморат қурган айрим шахслар қонунчиликда белгиланмаган “ҳаққи”ни талаб қилишга уринмоқда. Ҳолбуки уларда на ерга на мулкка нисбатан ҳуқуқни белгиловчи ҳужжат бор. Бу эса фуқарога шу ерни тассаруф этиш ёки бошқача тарзда мерос қилиб қолдириш ҳуқуқини бермайди.
Кадастр ҳужжатларининг афзаллик томонлари шундаки, Кадастр ҳужжати аҳолига давлат ташкилотлари билан ўзаро алоқалар учун керак бўлади. Жумладан, хонадонларга ижарага бериш, банкдан кредит олиш, уй-жой олди-сотдиси, ноқонуний ер эгаллаб олиш ҳолатларини бартараф этиш, доимий ва вақтинчалик пропискага қўйиш ҳамда коммунал хизматлар соҳасида тўловлар учун кадастр паспортини ўрни жуда муҳим.
Жорий йилнинг 18 июль куни Президентмиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам ушбу муаммога тўхталиб ўтилди. Таъкидланишича республикамиз бўйича 2 миллион 600 мингта аҳоли хонадонларининг кадастр ҳужжати мавжуд эмас. Ушбу видеоселектрдан сўнг Кадастр ҳодимлари томонидан маҳаллабай кадастр ҳужжати бўлмаган хонадонларнинг электрон рўйхатини шакллантириш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича ишчи гуруҳлари ташкиллаштирилиб, амалий ишга киришилган. Ишчи гуруҳ жорий йилнинг 1 октябрига қадар уйма-уй юриб, Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқларини эътироф этишга асос бўлувчи ҳужжатларни тўплаб, махсус электрон базага киритиш ишларини олиб бормоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳлар зиммасига масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда жойларда ер ҳисоби ва давлат кадастрларини шакллантиришдаги муаммоларни аниқлаш, батафсил ўрганиш, натижаларини умумлаштириш ҳамда уларнинг қонуний ечимларини топиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Тан олиш керак мамлакатимиздаги мавжуд қонунчилик доирасида ерга мулк сифатида қарашга эҳтиёж пайдо бўлди. Бу нма дегани? Илгари ерни сотиш учун аввал бино қурилиши, атрофини девор билан ўраши кейин сотиши керак бўлган. Эндиликда давлат томонидан фуқароларга яна бир имконият яратилди. яъни қонунда кўрсатилган ҳолларда айрим турдаги ер участкаларини ҳусусийлаштиришга рухсат берилди. Белгиланган тартибда ҳусусийлаштириладиган ерлар мулк сифатида эътироф этилади ва уни объект сифатида сотиш мумкин бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА