Маълумки, кадастр соҳасида хизматларни сифатли ва шаффоф кўрсатишнинг муҳим шартларидан бири — архив ҳужжатларидан самарали фойдаланишдир. Чунки ҳар бир сўровнинг ўз вақтида ва аниқ ижросини таъминлашда айнан кадастр йиғмажилдлари асосий манба вазифасини ўтайди.
Шу боис Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ҳудудий филиалларда архив тизимини такомиллаштириш ва уни замонавий талабларга мослаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилмоқда.

— Бу саъй-ҳаракатлар нафақат ҳужжатларнинг хавфсиз сақланишини кафолатлайди, балки фуқароларнинг уй-жой ва ер мулкларига оид маълумотлари ҳимояси ҳамда хизмат кўрсатиш сифатини оширишга хизмат қилади, — дейди Давлат кадастрлари палатаси Тошкент шаҳар бошқармаси архив иши бўйича бош мутахассиси Аида Муслимова. — Хусусан, Тошкент шаҳрида “Намунавий идоравий архив” лойиҳаси доирасида филиал архивларининг моддий-техник базаси замонавий жиҳозлар билан таъминланмоқда. Дастлаб Сергели ва Янгиҳаёт туманларидаги филиал архивлари тубдан янгиланган бўлса, эндиликда Чилонзор тумани филиали ҳам ана шу намунали архивлар қаторига қўшилди.

Мазкур архивда қулай ва хавфсиз муҳит яратиш мақсадида бир қатор инновацион ечимлар татбиқ этилди. Хусусан, бинода тўлиқ таъмирлаш ишлари амалга оширилди, мобил стеллажлар, ёнғин хавфсизлиги ва замонавий вентиляция тизимлари, видеокузатув камералари ўрнатилди. Ҳароратни электрон ўлчаш воситалари ҳамда тутун датчиклари ҳужжатларнинг узоқ йиллар давомида сифатли сақланишини таъминлайди.
Шунингдек, архив хонасига кириш икки босқичли биометрик тизим — бармоқ изи ва юзни таниш (Face ID) орқали амалга оширилади. Бу орқали архивга фақат махсус рухсатга эга мутахассисларгина кира олади. Шу билан бирга, ёнғинга чидамли темир стеллажлар ва ҳужжатларни тез эвакуация қилиш имконияти ҳам яратилган.

Бу нафақат ҳужжатларнинг хавфсизлигини таъминлайди, балки архивдаги жойдан самарали фойдаланишга ҳам замин яратади. Мобил жавонлар орқали 30–35 фоизгача қўшимча ҳужжат жойлаштириш имконияти пайдо бўлган.
Рақамлаштириш жараёни хизмат самарадорлигини янада оширди. Ҳозирда Чилонзор тумани филиали архивида 86 мингдан ортиқ кўчмас мулкка оид ҳужжатлар сақланмоқда. Улар орасида турар жойлар, кўп қаватли уйлар, квартиралар ва нотурар жой объектларига тегишли кадастр йиғмажилдлари мавжуд.

Энг муҳим янгилик шундаки, барча ҳужжатлар босқичма-босқич рақамлаштирилмоқда. Бу эса ҳужжатларни излаш ва фойдаланиш жараёнини анча тезлаштирган. Ҳар бир ҳужжатнинг аниқ манзили — стеллаж, жавон ва қути рақами белгилангани боис мутахассислар сўровларга жавоб беришда вақт тежамоқда.
Ҳозирда Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларидаги архив хоналарини ҳам замонавий кўринишга келтириш ишлари жадал давом этмоқда.
Бир сўз билан айтганда, “Намунавий идоравий архив” лойиҳасининг амалга оширилиши натижасида аҳолига хизмат кўрсатиш самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Агар аввал маълумот излаш ёки ҳужжат топишга кўп вақт сарфланган бўлса, эндиликда жараён тез, аниқ ва хавфсиз тарзда амалга оширилмоқда.
Гулноза Бобоева, ЎзА