Қашқадарё вилоятида Кадастр агентлиги бошқармаси ташаббуси билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда агентлик ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Анжуман давомида 2025 йилда Қашқадарёда ер ва кадастр назорати соҳасида амалга оширилган ишлар ҳақида ахборот берилди. Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ва уларда қурилган иморатларга оид ҳуқуқбузарликлар ҳолатлари мониторинг қилингани маълум қилинди.
Кўрсатилган даврда 4 минг 906 та ҳолатда 575 гектар ер участкаларида ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, уларнинг 1 минг 538 таси жойида бартараф этилди. Шунингдек, 144,8 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилишларни бартараф этиш мақсадида судларга 2 минг 469 та даъво аризаси киритилди.
Матбуот анжуманида кўчмас мулкка кадастр паспортлари тайёрлаш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. 2025 йилда Давлат хизматлари марказлари ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали 72 мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилинган бўлиб, 40 минг 460 нафарга тегишли ҳужжатлар тақдим этилди.
[gallery-27366]
Шунингдек, Президентимизнинг 2024 йил 5 августдаги 937-сонли қонунига асосан Қашқадарёда ялпи хатлов ишлари олиб борилмоқда. Қарийб 200 нафар кадастр ходимлари сафарбар қилинган ҳолда, 85 мингдан зиёд кўчмас мулк объектлари хатловдан ўтказилди ва 5 минг 244 нафар фуқарога уй-жойга нисбатан мулк ва ижара ҳуқуқлари расман эътироф этилди.
Анжуман иштирокчилари Кадастр агентлиги томонидан олиб борилаётган назорат ва профилактик чоралар ер ва кўчмас мулк соҳасида ҳуқуқбузарликларни камайтириш ҳамда мулкдорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши ҳақида фикр билдирди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари