Миллий матбуот марказида Кадастр агентлигининг Республика аэрогеодезия маркази раҳбарияти иштирокида “2025 йил давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар, тизимдаги янгиликлар ҳамда истиқболдаги устувор режалар” юзасидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда Республика аэрогеодезия маркази ва унинг ҳудудлараро бўлинмалари томонидан 2025 йил давомида Ўзбекистоннинг геодезия ва картография соҳасини ривожлантиришда амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот берилди.
Қайд этилишича, ўтган йилда аэрокосмик суратга олиш, топография, геодезия ва картография тадқиқотлари, ерларни масофадан зондлаш, давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш, маъмурий‑ҳудудий бирликлар чегараларини белгилаш, давлат реестри ва электрон қишлоқ хўжалиги хариталари яратиш каби вазифалар бажарилган.
Шунингдек, 2025 йилда Қорақалпоғистон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ва Хоразм вилоятида 1 877 та GPS пунктлар ўрнатилди ва маълумотлари янгиланди.
[gallery-27387]
Самарқанд шаҳри, Чўпон ота тепалигида Миллий координаталар тизими учун бош референс геодезия нуқтаси (O нуқта) барпо этилди. Шунингдек, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё ва Хоразмнинг 369 та аҳоли пунктларида маҳаллий координатлар тизими тадқиқ қилинди.
Ҳозирда аҳоли пунктларида 50 та доимий ишловчи GNSS CORS станциялари фаолият кўрсатмоқда, қўшимча 80 та станция ўрнатиш ишлари режалаштирилган. Бу тадбиркорлар ва геодезия ташкилотларига GPS маълумотларидан реал вақтда фойдаланиш имконини беради.
Кадастр агентлиги ва марказнинг бошқа бўлинмалари 2025 йилда 131 200 км² майдонда аэрокосмик суратга олиш ишларини амалга оширди. Ҳудудлар бўйича энг катта майдонлар Қорақалпоғистон Республикаси (61 200 км²) ва Сурхондарё (10 100 км²) вилоятида ташкил этди.
Шу орқали 121 000 км² майдонда рақамли ортофотопланлар яратилди. Улар давлат кадастри, маъмурий-ҳудудий бирликлар чегаралари, ер ресурслари ҳисобини юритиш ва қишлоқ хўжалиги ишлари учун асосий манба бўлиб хизмат қилади.
Ўзбекистон‑Тожикистон, Ўзбекистон‑Туркманистон ва Ўзбекистон‑Қирғизистон чегараларини делимитация ва демаркация қилиш ишлари давом эттирилди. 6 800 км² майдон аэрокосмик суратга олинди, 300 дан ортиқ ортофотоплан варақлари яратилди. Чегара яқинида 700 дан ортиқ геодезия пунктлари қамраб олинган махсус тармоқ барпо этилди.
2025 йил 31 мартда уч давлат раҳбари иштирокида Фарғона водийсида “Дўстлик стелласи” очилди ва координаталари аниқ белгиланди.
2025 йилда 28 та туманда 433 та маъмурий бирлик чегаралари белгиланди, бунга 12 та шаҳар, 160 та шаҳарча, 244 та қишлоқ ва 17 та овул киради. Умумий ер майдони 6 121 327 гектарни ташкил қилди. Шундан қишлоқ хўжалиги ерлари – 1 959 998 гектар, сувли экин ерлари – 576 189 гектар.
Ер қонун бузилишлари 10 697 та контурда аниқланди, умумий майдони 12 503 гектарни ташкил қилди. Электрон қишлоқ хўжалиги хариталари ва геоахборот базаси Milliy geoaxborot порталида фойдаланиш учун жойлаштирилди. 297 та маъмурий бирликнинг маълумотлари давлат реестрида шакллантирилди. Шунингдек, Орол ва қишлоқ хўжалиги ерлари, ортофотопланлар, геодезия пунктлари ва топографик хариталар миллий геоахборот тизимига интеграция қилинди.
Матбуот анжуманида қайд этилишича, 2025 йилда 33 349 та янги геодезия пунктлари маълумотлари базага киритилиб, 283 та янги давлат геодезия тармоғи пунктлари рўйхатга олинди.
Шаҳноза Маматуропова, Ўктам Ҳайитов (сурат), ЎзА