Тақдирнинг синови сабаб, уч яшарлик Ким Ка Ёнгнинг оёқлари ишламай қолади. Умри ногиронлик аравачасида ўтаётган қизалоқ бошқалардай чопқиллаб юришни, мириқиб рақс тушишни истайди.
Шу боис у йигирма ёшида ўзига баланд пошнали туфли сотиб олади. У ўша оёқ кийимини соғлом одамларга ўхшаб кийиб юришни жуда-жуда хоҳлайди. Бир кун келиб бу орзуси амалга ошишига ишонади ҳам.
Бундан бир ярим йил аввал унинг хаёлида янги ғоя туғилди. Яъни, Корея Республикасига “Мен келажакда ёзувчи бўлмоқчиман, китоб ёзмоқчиман” дея хат ёзади.
Ушбу хатни кўрган корейс ижодкорлари, ноширлари у билан алоқани йўлга қўяди. Икки оёғи ишламайдиган, фақат икки бош бармоғигина ишлайдиган ўттиз ёшли Ким Ка Ёнг шу ёшгача кўрган қийинчиликлар ва юксалишларини, кўнглидаги кечинмаларини қоғозга тўка бошлайди.
Мана, орадан бир ярим йил ўтиб эзгу ниятлар амалга ошди. Кореялик ёзувчи ва ноширлар Чо Чол Хён, Чхве Хи Ёнг Ким Ка Ёнгнинг орзу ва армонларга тўла эсселарини чоп этади. Китобга “Ка Ёнгнинг китоб жавонидаги туфлиси” дея ном қўйишади.
Куни кеча Ким Ка Ёнгнинг Қибрай туманида жойлашган хонадонида ушбу китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда кореялик меҳмонлар, Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, Ўзбекистонда ишлаётган ва яшаётган корейс миллати, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Тадбирда сўзга чиққанлар китобнинг ёзилиш жараёнлари, ундаги эзгу ғоялар, Ким Ка Ёнгнинг табиатга, жониворларга муҳаббати ҳақида батафсил маълумотлар берди.
Тадбир давомида кореялик ноширлар муаллифга 1500 вон миқдоридаги қалам ҳақи сертификатини топширди.
Корейс ёзувчи ва ноширлари ўзга юртда яшаётган миллатдошининг бир парча мактубини эътиборсиз қолдирмагани, унинг истагини тўла-тўкис амалга оширгани, бир сўз билан айтганда, орзулари осмон бўлган қизалоқнинг кўнглини осмон қадар юксалтиргани тақдимотда барчани ҳайратлантирди ва хурсанд қилди.
Тадбир ўтказилаётган давранинг ўртасига китоб жавони, унинг юқори қисмида тақдимоти бўлаётган китоб ҳамда қуйи қисмида Ким Ка Ёнгнинг туфлиси қўйилган эди. Китобга мавзу бўлган ушбу туфли чиндан қадрли эди.
Тадбир сўнггида йиғилганлар Ким Ка Ёнгнинг китобларидан сотиб олишди ва муаллиф уларнинг ҳар бирига қўлхат қўйиб берди. Иштирокчилар бир пиёла чой устида китоб ҳақида ширин суҳбатлар қуришди.
Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси вакили сифатида менга ҳам сўз беришди. “Ким Ка Ёнг бу туфлини кия олмадим деб ҳечам ўксинмасин, унинг орзулари ушбу китоби орқали амалга ошди” деб сўзимни якунладим. Ҳа, чиндан ҳам ижодкорнинг ҳаётда амалга ошмаган орзу-ниятлари китобларида бўй кўрсатади, рўёбга чиқади.
Фозил Фарҳод,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Ахборот хизмати бўлими бошлиғи