Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўзи ўткир жониворлар ҳақида нималарни биласиз?
16:30 / 2020-04-06

Инсон қўлига илк бор ўрганиб хонакилаштирилган, вафодор жонивор деб аталувчи ит ниҳоятда кўзлари ўткир жонивор ҳисобланади.


Инсон қўлига илк бор ўрганиб хонакилаштирилган, вафодор жонивор деб аталувчи ит ниҳоятда кўзлари ўткир жонивор ҳисобланади.

Энг кўзи ўткир инсон ҳам тўлин ой ёруғида китоб ҳарфларини ажратолмагани ҳолда итнинг кўзи ой шуъласи ёруғида тариқнинг донини бошқа нарсалардан фарқлай олади. Аммо у ҳам тариқнинг яримтаси ­­­– синиғини кўролмайди – кўзи ўтмайди.

Бўрининг кўзлари эса тариқнинг шу парчасини ҳам кўролади. Итсимонлар оиласига кирувчи бу ёввойи жониворнинг бу қадар кўзи ўткирлиги унга хавф-хатарга тўла ҳаётида доим қўл келади. Табиатнинг бундай сахолигини зийрак боболаримиз ўзларича тадқиқ этиб қизиқ ва асосли хулосага келганлар. Итнинг кўзи бўри кўзларидан бир марта ўтмаслигини шундай баҳолаганлар: Ит тузли овқат ейди, бўри эса тузсиз! Бу ҳолат халқ орасида қуйидаги теран мақолнинг вужудга келишига сабаб бўлган: Итнинг эгаси бўлса, бўрининг Худоси бор!

***

Бойсун маданият уйи қошида “Қуралай” номли этнографик ансанбл бор. Бу ном мени узоқ вақт ҳайратлантириб келди. Кейин бу сўзнинг маъносини билдим. Кийик улоқчасини қуралай дейишаркан. Оғзаки ва ёзма ижодиётимизда гўзал кўзларга “оҳу кўз” деб таъриф берилади. Бу бежиз эмаски, кийикнинг кўзлари чиндан ҳам гўзал. Қуралайнинг кўзлари эса янада латифдир.

Ана шу қуралайнинг дунёга келиши билан боғлиқ табиатнинг ноёб ҳодисаси борки, буни ҳамма ҳам билавермайди. Кийиклар ҳам худди эчки каби ўз ҳомиласини беш ой кўтаради. Бироқ эркак кийик ­­­–такаси билан урғочи кийикнинг қўшилиши одатдаги табиий истакдан ташқари бошқа ёзилмаган қонунга биноан ҳам амалга ошади. Бу қуйидагича: Сомон йўли галактикасида Ҳулкар деб аталувчи бир тўп – ғуж юлдузлар тўдаси мавжуд. Ҳулкар юлдузи қиш чилласи адо бўлмагунича маълум муддат – 40 кун осмонда кўринмай қолади. Сўнг яна кўкда чарақлайверади. Ана шу кўринмаслик палласида така ва урғочи кийиклар қўшилмайди. Бу – қатъий қонун! Мабодо бунга амал қилмай қўшилув содир бўлса, юксак тоғ бағридан қор кетмай кийик боласи – қуралайлар туғилади ва нобуд бўлиб кетишади. Чунки уларнинг қўраси, боқувчи чўпони йўқ-да. Агарда қоидага мувофиқ жуфтлашиш содир бўлса қуралайлар муайян шароит пайдо бўлган пайт – қор кетиб, ўт-ўланлар кўклаб қолган паллада дунёга келади ва яшаб кетади. Қуралайнинг туғилиши ва яшаб кетиши учун шу қадар катта сабаблар мавжуд. Билган сайин лол бўласан киши!

Халқ орасида “Ҳулкарга қараган такадай” деган бироз қўпол эшитилувчи ғаройиб ибора бор. Бунинг мазмуни ҳам шу кийиклар ҳаёти билан боғлиқ. Дейлик бирор киши қаёққадир анграйиб, маъносиз термулиб ўтирган бўлса, унга қарата, ҳа, фалончи, нега ҳулкарга қараган такадай бўлиб ўтирибсан, дейишади. Ҳулкар юлдузининг само сатҳида кўринишини кийик такаси шу қадар интиқлик билан кутарканки, ҳатто бир неча кунлаб ўтламай ҳам қўяркан. Ана шу эркак кийикнинг ҳолатини одамга қиёсан олсангиз нақадар қизиқ ташбеҳ вужудга келади.