Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўзи ожизлар учун ҳам норматив-ҳуқуқий китоблар чоп этилади
17:08 / 2019-11-14

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази” давлат муассасасида “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури доирасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.


Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази” давлат муассасасида “Очиқ адлия” (“Open Justice”) дастури доирасида “Очиқ эшиклар куни” бўлиб ўтди.

Унда давлат ва жамоат ташкилоти вакиллари, жисмоний ва юридик шахслар, ўқувчи-ёшлар, мутахассислар иштирок этди.

Тадбирда марказ фаолияти ва вазифалари, Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидаги (Lex.uz) ўзгариш, янгилик ва қулайликлар, “Адолат” нашр белгиси билан чоп этилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди.

Маълумки, “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази мамлакатимиздаги қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасини юритиш, қонун ҳужжатларини миллий базада расмий нашр этиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва тегишли ахборот-таҳлилий материалларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича барча давлат органлари ва ташкилотларга электрон шаклда етказиш билан шуғулланади.

Шунингдек, юридик ва жисмоний шахсларнинг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасидан белгиланган тартибда фойдаланиши, аутсорсинг шартларида юридик адабиётлар ва расмий нашрларнинг расман чоп этилишини таъминлаш ҳам марказ вазифасига киради.

Тадбирда таъкидланганидек, марказ базаси – Lex.uzда ҳозирга қадар 75 минг 913 норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар жойлаштирилган. Бугунги кунда бу базани бутун дунёда туриб кузатиб бориш мумкин. Жумладан, АҚШ, Германия, Англия, Жанубий Корея, Беларусь, Россия, Украина каби давлатларда ҳам фойдаланувчилар бор. Биргина октябрь ойида сайтни дунёнинг 115 га яқин мамлакатидан қарийб 670 мингдан ортиқ фойдаланувчи кузатган. Сайтдаги қонун ҳужжатлари нафақат давлат тилида, балки, рус, инглиз ва қорақалпоқ тилларида ҳам эълон қилинмоқда.

– Бугунгача “Адолат” нашр белгиси билан мамлакатимизда қонун ижодкорлиги ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мақсадида 900 га яқин номда қарийб 10 миллион нусха адабиётлар нашр этилиб, аҳолига етказилди, – деди “Адолат” ҳуқуқий ахборот маркази директори Алижон Очилов. – Нашр этилган ижтимоий аҳамиятга эга, оммабоп адабиётлар ҳақида “Адолат” ҳуқуқий ахборот марказининг telegram, facebook, instagram ижтимоий тармоқларидаги каналларига мунтазам равишда ахборот киритиб борилмоқда. Бу эса ҳар бир қабул қилинаётган фармон, қарор, норматив-хуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, аҳамиятини фуқароларга тезкорлик билан етказиш, уларни қизиқтирган саволлар, масалалар бўйича тушунтиришлар бериш имконини соддалаштирмоқда. Шунингдек, жорий йилда 1519 та қабул қилинган қонун ҳужжати 142 давлат органи ва ташкилотига ҳимояланган алоқа каналлари орқали етказиб берилди.

Марказда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси кодекслари, қонунлари, юридик ва бошқа турдаги адабиётларни китобхонлар www.adolatmarkazi.uz интернет дўконидан сотиб олмоқда.

Тадбир иштирокчилари марказ томонидан нашр этилаётган китоблар нархини арзонлаштириш кераклигини айтди. Марказ мутахассислари бу ҳолатни ўрганиб чиқишни, кўзи ожизлар учун ҳам махсус китоблар чоп этилиши кўзда тутилаётганини маълум қилди.