Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўришда нуқсони бор ўқувчиларни нима қийнайди?
16:02 / 2020-08-24

Халқ таълими бевосита келажакка дахлдор соҳа. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқувчиларни сифатли ва самарали таълимга қамраб олиш– энг муҳим вазифа.

Махсус таълим

Халқ таълими бевосита келажакка дахлдор соҳа. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ўқувчиларни сифатли ва самарали таълимга қамраб олиш– энг муҳим вазифа. 

Умумтаълим бўйича дарсларнинг малакали ўқитувчилар томонидан телевидение орқали олиб борилиши ва “тескари алоқа” сифатида берилган топшириқларни ўқувчилар ижтимоий тармоқлар воситасида ўз устозлари билан боғланиб, вақтида амалга ошириши кўзланган натижани берди. Бироқ шуни таъкидлаш зарурки, ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида ўқийдиган болалар учун юқоридаги усул мақсадга эришишда баъзи муаммоларнинг юзага чиқишига сабаб бўлди. Албатта, кўриш бўйича имконияти чекланган болаларнинг ҳам манфаатларини ҳисобга олиб, уларга сифатли таълимни амалга оширишда ўзига хос ёндашувларни қўллаш керак.

Кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларида болаларни ўқитиш тифлопедагог ўқитувчилар томонидан олиб борилади. Бунда дарс машғулотлари жараёнини ташкил этиш болаларнинг жисмоний, руҳий имкониятларидан келиб чиқиб, амалга оширилади. Кўзи ожиз ўқувчилар, асосан, икки хил: мутлақо кўрмайдиганлар ва қисман кўрувчилар – заиф кўрувчилар сифатида фарқланади. Мутлақо кўрмайдиган болалар визуал ахборотларни идрок эта олмайди. Қисман ва заиф кўрувчиларнинг телевизор ёки смартфон экранига узоқ тикилиб ўтириши эса уларнинг соғлигига зиён етказади. Шунинг учун ҳам улар телевидение орқали намойиш этилаётган дарсларни, аксар ҳолларда, эшитиш орқали ўзлаштириш билан чекланмоқда. Бинобарин, ўзлаштирилаётган ахборотлар нотўкис бўлиб қолаяпти.

“Тескари алоқа”ни амалга оширишда ҳам баъзи муаммолар юзага келаётир. Кўзи ожизлар махсус бўртма-нуқтали брайл ёзувидан фойдаланишади. Брайл ёзувини расмга олиб, уни ижтимоий тармоқлар орқали юбориш ноқулай, чунки бундай тасвирни кўришда нуқсони бўлган болалар етарли даражада идрок этиш имкониятидан маҳрум. Шу боисдан ҳам улар топшириқларни кўпинча оғзаки амалга оширишга интилади. Бу эса таълим натижадорлигининг сифатига путур етказади. Ихтисослаштирилган таълим муассасаларида ўқиётган болаларнинг ўқув қуроллари: китоб, дафтар, ёзув матрицаси ва грифеллар муассасанинг ўзида сақланади. Болаларнинг ўз шахсий ўқув қуроллари бўлмайди. Чунки бундай ўқув қуроллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайди, уларни сотувчи савдо муассасаси йўқ. Натижада ўқувчилар уйларида брайл ёзувида ўқиш ва ёзиш имкониятига эга бўлмайди. Мазкур муаммолар кўзи ожиз болаларнинг масофадан туриб сифатли таълим олишини чеклайди. Айниқса, умумтаълим ва махсус таълим бўйича синфлар кесимида дарс мавзуларининг бир хил эмаслиги ёки фарқли ўринлар борлиги муаммолар кўламини янада кенгайтиради.

Кўзи ожиз болалар билан масофадан туриб сифатли таълимни амалга ошириш учун қуйидаги энг зарур вазифаларни бажариш мақсадга мувофиқдир:

Телефон орқали конференс алоқа шаклида дарс машғулотларини уюштириш. Бундай шаклда дарс машғулотларини олиб бориш орқали фан ўқитувчилари ўқувчилар билан бевосита боғланиб, мавзуни болаларга коррекцион педагогика талабларига мувофиқ тушунтириб бера олади. Ўқувчиларга вербал усулларни қўллаган ҳолда зарурий билим, кўникма ва малакаларнинг ўзлаштирилишига эришилади. Бу жараёнда ўқитувчи мавзу бўйича ўқувчилар билимини оғзаки савол-жавоблар орқали синайди. Бироқ бу ўринда таълим олувчида ҳам конференс алоқада иштирок этиш шароити бўлиши керак. Афсуски, кўпчилик ногирон болалар вояга етаётган оилалар кам таъминланганлар сирасига киради. 

Замонавий почта алоқа хизматлари кўмагида масофадан туриб ўқитишни ташкил қилиш. Ўқув қуролларини почта алоқа тизими орқали ўқувчиларнинг уйларига етказиб бериш орқали муаммони ечиш мумкин. Бу кўзи ожиз ўқувчиларга уйларида брайл ёзувида ёзиш ва ўқиш имкониятини беради, албатта. Ёзма иш, диктант ва тест каби назорат ишлари ўқитувчи томонидан текширилиши, баҳолаб борилишига шароит туғилади. Почта алоқа хизматларини имконияти чекланган болалар масофавий таълими учун бепул ёки энг арзон нархларда тақдим этиш бундай таълим сифати ва самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Шахсий ўқув қуроллари таъминотини йўлга қўйиш орқали масофавий таълим жараёнларини амалга ошириш. Кўзи ожизлар учун мўлжалланган махсус ўқув қуроллари нархи жуда қиммат бўлиб, бундай қуроллар бошқа ривожланган давлатлардан олиб келинади. Бизнинг ўрганишимизга кўра, кўзи ожиз болалар асосан кам таъминланган оилаларда вояга етмоқда. Уларнинг ота-оналари фарзандлари учун шундай қиммат ўқув қуролларини сотиб олиб беришга қурби етмайди. Махсус реабилитация воситалари савдосига мослаштирилган махсус дўкон ташкил этилиши ўзига тўқ оилада яшайдиган болаларга махсус ўқув қуролларини ота-оналари сотиб олиб бериши учун ҳам имкон туғдиради.

Таълим дастурлари ва ўқув режаларидаги фарқларни бартараф этиш. Ҳозирги кунда махсус таълим, умумтаълим ўқув дастурларида фарқлар мавжуд. Махсус таълимда умумтаълимдаги мавзулар нисбатан кечроқ ўрганилади. Бу кўзи ожизлар таълимида муҳим ҳисобланган тактил сезгининг кетма-кетлиги, кўрув сезгисига нисбатан суръатда сустлигини инобатга олиш натижасидир. Бундай ҳар хиллик телевизион дарслар ўзлаштирилиши жараёнида ўзини яққол намоён қилди, бир синф ўқувчиларига мўлжалланган дарслар махсус таълим синфлари кесимида мутаносиб бўлмади. 90-йилларнинг охирларида Қашқадарё вилоятида таълим дастурларининг мазкур номутаносиблигини бартараф этишга эришилган эди. Мен ва тенгдошларим худди шундай мутаносиб дастурлар бўйича таълим олганмиз ва бунда бирон-бир қийинчиликни сезмаганмиз. Гап шундаки, кўзи ожиз болани мактабга тайёрлаш ва у билан коррекцион ишлар олиб бориш бўйича жиддий шуғулланилса, соғлом ҳамда кўзи ожиз болаларнинг таълим дастурларини ўзлаштиришида тафовут бўлмайди. Бундай бир хиллик ўз навбатида келгусидаги интегратив ва инклюзив таълим самарадорлигига замин яратади.

Дунё ранг-баранг. Одамлар турфа. Тақдир-у қисматлар, демакки, имкониятлар ҳам турлича. Ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз заифларга ёрдам қўлини чўзиш. Бу башар фарзандлари учун бирламчи масъулият бўлса, муҳтожларнинг тўкислар даражасига ўз илми билан етишишига кўмаклашиш икки карра масъулият дегани. Бу масъулият ўта долзарб бўлиб турибди. 

Ҳамро МУРОТОВ,
Қашқадарё вилоят 18-сонли
кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун
ихтисослаштирилган давлат таълим муассасасининг
она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси