Кўрганда ваҳима қўзғайдиган “шайит” жойларнинг тарихини билавермаймиз...
Сўнгги йилларда мамлакатимиз тарихий обидаларга бойлиги жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз тарихий обидаларга бойлиги жаҳон жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда эътироф этилмоқда. Зеро, ҳар бир ёдгорликда теран тарих яширинган, балки у умуминсоний қимматга ҳам эга бўлиши мумкин. Ўтган тарихда бундай бебаҳо хазинага қандай муносабатда бўлингани ҳаммамизга маълум. Энди қарашлар тубдан ўзгарди, бу юмушга давлат даражасида эътибор берила бошланди. Биргина республика телевидениесида “Ўзбекистон тарихи” канали ташкил этилгани қанчалик ўринли бўлганини қисқа вақтда миллионлаб мухлислар эътироф этмоқда.
Тарих фанининг отаси Ҳеродот “Ҳақиқат — тарихнинг кўзгуси” деган экан. Ҳар қандай обидани ўрганиш чиндан ҳам чанг-ғуборлар ичида кўмилиб ётган ҳаёт ҳақиқатининг тўла юзага чиқишига хизмат қилмоғи шарт. Негаки, одамзод эзгуликка талпиниб, уни эъзозлаб келар экан (чунки дунёни асраб қолишнинг ягона йўли шу), тарих ҳақиқати ҳам ана шу олижаноб мақсадга хизмат қилмоғи жоиз. Бинобарин, ёдгорликлар ана шу эзгуликнинг тимсоллари бўлган, шунинг учун асраб-авайланган. Ҳеч вақтда ёвузликка ҳайкал қўйилмаган, чунки инсоният хотирасида бунга ўрин йўқ.
Одми гап шуки, қишлоқ четида ёғоч панжара билан ўраб қўйилган, кўрганда ваҳима қўзғайдиган “шайит” жойларнинг тарихини билавермаймиз ёки қизиқмаймиз. Ҳолбуки, энг чекка ҳудудларда ҳам шундай масканлар мавжуд ва улар билан боғлиқ ривоятлар, афсоналар оғиздан-оғизга ўтиб юради. Аслида, ўша майда туюлган гап-сўзлар ҳам катта тарихимизнинг бир бўлаги. “Томчида қуёш акс этади” деганларидек, унинг ғиштида ёки бир сиқим тупроғида қанча синоатлар яширинган бўлиши мумкин.
...Гавжум пойтахтимизнинг хилват гўшаларидан бирида тўрт оёғи ерга қадалган ғиштин минорача бор. Унинг барпо этилишига сабаб бўлган воқеа рўй берганига 150 йилдан ошган. “Ёдгорлик”нинг ёши ҳам шунга тенгдир. Уни аҳоли “Часовьня” деб атайди. У пайтларда бу жойлар яйдоқ дала бўлган, негаки шаҳарнинг машҳур дарвозаларидан бири — Камолондан кириб, Ўрдага етгунча масофа анчага чўзилган. Бугун у манзараларни ҳам, бўлиб ўтган гап-сўзларни ҳам айнан тиклаш имкони йўқ, фақат тасаввур қилинади, хотираларга қулоқ тутилади. Биз ҳам жўяли бирор гап билиш мақсадида шу атрофдаги ўт-ўланларни тартибга солиб юрган йигитни суҳбатга чорлаймиз:
— Бу минора нима учун кўтарилган?
— Черняев қурдирган, дейишади. Бошқасини билмайман.
— Кўпдан бери яшайсизларми?
— Нима деганингиз? Биз бош¬қа жойда яшамаганмиз.
Маълум бўладики, Озодбек дунёга келганда ҳам шу кўча, қатор тушган ҳовлилар, жумладан, “Часовьня” ҳам қад ростлаб турган. Ҳаммаси кўзга сингишиб кетган, шу туфайли бу ғиштин иморатнинг нимага тиклангани ҳам ҳеч кимни қизиқтирмай қўйган. Мен эса ўзим билган чала-чулпа маълумотларни тасодифий суҳбатдошим билан баҳам кўраман:
— Ўша Черняев деётганинг чор Россиясининг генерали бўлгани тарихдан маълум. Бир ярим асрча аввал Тошкентни қонга ботириб, таслим қилгач, шаҳар марказига Камолон дарвозасидан кириб бормоқчи бўлган. Мағлуб қавмни ўз кўзи билан кўриш ва уларни баттар хўрлаш мақсадида йўл четида одамларни тиз чўктириб қўйишни буюради, ўзи шу издиҳомдан оқ отда мағрур ўтиб боришни ихтиёр қилади. Аммо ниманидир кўнгли сезадими...
Шу ўринда суҳбатдошим қўшимча қилди:
— Улар ҳам Худо назар қилган одам бўлган-да!
— Нима бўлганда ҳам, — давом этдим мен, — отга адъютантини миндиради. Генералнинг шубҳаланганича бор экан, отлиқ мана шу жойга келганда, дарахт шохида ўрнашиб олган камончи унга пайкон отади. Ўқ совутни ҳам тешиб ўтиб, юракка қадалади. Босқинчи бир бўкириб, отдан қулайди ва жон таслим қилади.
Суҳбатдошим воқеа шиддатидан анграйиб турган эди, охирини эшитиб, ғурури жўшиб кетди чоғи, ҳаяжонланиб:
— Э, азалдан бу жойларда моҳир камончи усталар, исирғадан урадиган мерганлар яшаган-да. “Камолон” дегани ҳам “камон”дан олинган.
— Яшшанг. Бор экансиз-ку. Нега олдин қизиқмагансиз?
— Қайдам. Ўйлаб кўрмаган эканмиз. Қаердансиз, ака?
Менимча, у оғзига тўғри келган гапни айтиб юборганди, мен ҳам оғзимга тўғри келганини айтдим:
— Самарқандданман.
— Самарқанд зўр жой, зиёратгоҳлари кўп.
Бу гапни “Мақбаралар билан қизиқиш сизларнинг ишингиз. Мени безовта қилманг”, деб тушундим. У ўз юмушига, мен ўз йўлимга кетдим.
Нима демоқчи бўлганимизни фаҳмлагандирсиз. Пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида Офтоб кўчаси бор. Равон тушган уйлар қаторида тўрт оёғи ерга қадаб тикланган, бир қаватли уйдан баланд ғиштин минора (суратга қаранг). У ўша ўққа учган адъютантнинг хотирасига кўтарилган. Бу ҳақда матбуотда ёзилган. Жумладан, журналист Бахтиёр Ҳайдаров “Ўзбекчилик” (2012 йил) китобида жўяли фикрларни баён этган. Интернет тармоқларида ҳам маълумотлар етарли экан. Ҳозир гап булар ҳақида эмас. Б. Ҳайдаров масалага муносабатини билдирар экан, бу ҳолни “Унутувчанлик” деб атайди. Изидан шундай савол келади: нега шундай оламшумул қаҳрамонлик унутилиши лозим? Бу ўринда гап ёвқур камончи ҳақида кетаяпти.
Бир пайтлар чўпон Широқ шундай йўл тутган. Уни Ҳеродот “Тарих” китобида муҳрлаб, ватанпарварликнинг олий намунаси сифатида инсониятга туҳфа этди. Ахир, еру осмонни титратиб келган босқинчининг қудратидан тап тортмай, уни йўқотишга жаҳд қилган ватандошимиз — дарахт шохидаги камончи мерган ҳам билиб туриб ўлимга тик бораяпти, ватан озодлиги йўлида жонини тикаяпти. Унинг жасорати моҳияти жиҳатидан Широқдан кам эмас. Бугун унинг кимлигини биламизми?
Шубҳасиз, қасос шафқатсиз бўлган. Уни тилкалаб ташлашгандир, ҳатто бундан ҳам баттар қилишгандир, аммо у ҳаммасига олдиндан руҳан тайёр бўлган. Фавқулодда вазиятларда иложсизликдан баъзан таваккал қилинади, бироқ онгли равишда жасорат кўрсатиш энг юксак қаҳрамонликдир. Қаҳрамонликнинг асл моҳияти шу — ҳеч қандай таъмасиз, бегидир амалга оширилади бу фаолият (қолгани эса шунчаки “сабаби тирикчилик!”).
Ана шу баҳодир билан боғлиқ хотиралар билан қизиқдик. Шубҳасиз, ўша пайтда ўзинигина эмас, бутун авлод-аждодини йўқ қилиб юборганлари, номини қириб ташлаганлари аниқ. Шундай бўлгани рост экан, “Ўша камончи ким бўлган, боболар бирор гап айтишармиди?” деган саволга одамлар елка қисиб, “Наҳот уни эслаш жоиз бўлса?!” дегандек ажабсиниб қарашди. Хуллас, бу буюк қаҳрамонликдан дарак топилмади. Аммо қайсидир йилномаларда бу ҳодиса қайд этилган, ҳеч бўлмаганда мард камончининг исм-шарифи дарж этилгандир. Фақат аниқлаганимиз шу бўлдики, 1992 йилда нашр этилган “Тошкент” энциклопедиясининг шаҳарнинг босиб олиниши ҳақидаги мақола (321-323 бет¬лар)- сида душманнинг асосий кучлари Камолон кўчасидан кириб келгани, хусусан, Абдураҳим ясовул бошчилигидаги Қиёт маҳалласи аҳолиси мардлик кўрсатгани, жасур мудофаачилар орасида Мирюсуф Мирсултон боғбон ўғли, Умархон Тўрахон ўғли, Мирсодиқ Миршоди ўғли, Нормуҳаммад ва Муллашер Мерган (таъкид бизники. Ҳ. С.) каби оддий халқ вакиллари борлиги қайд этилган. Эҳтимол, шу рўйхатнинг охирида (чўчиброқ бўлса керак), бироқ таъкидлаб (“Мерган” сўзи бош ҳарфда ёзилган) кўрсатилган кишининг кимлигига аниқлик киритиш масалани ойдинлаштирар.
Хуллас, ўша издиҳомда ўзини йўқотмай, душманга кимлигини кўрсатиб қўйган мард инсоннинг шахсини аниқлаш, жасорати шарафига муносиб ёдгорлик тиклаш адолатли иш бўлмасми? Шу ўринда мулоҳазаларимизга якун ясаб, гапнинг давомини Сизга қолдирамиз, азиз ватандош! Балки Сизда бирор жўяли таклиф бордир?
Ҳаким САТТОРИЙ
Манба: “Hurriyat” газетаси