Кўмир брикети: самарадор ва тежамкор
Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб ошиб борар экан, мавжуд манбалардан оқилона фойдаланиш, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар саноатни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омиллардан бўлиб қолмоқда.
Иқтисодиётнинг жадал ривожланиши натижасида энергия ресурсларига бўлган талаб ошиб борар экан, мавжуд манбалардан оқилона фойдаланиш, уларнинг самарадорлигини оширишга қаратилган лойиҳалар саноатни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришда муҳим омиллардан бўлиб қолмоқда.Бу борада кўмир қазиб олиш саноатида амалга оширилаётган ишлар наинки табиий ресурсдан оқилона фойдаланиш, балки аҳолини янги турдаги қаттиқ ёқилғи билан таъминлаш, атроф-муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятидан маълум қилишларича, мамлакатимизда аниқланган кўмир захиралари 1,9 миллиард тонна, башорат қилинаётган ресурслар миқдори эса 5,7 миллиард тоннани ташкил этади. Ҳар йили 4 миллион тонна қаттиқ ёқилғи қазиб олинаётган бўлса, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, техник ва технологик янгилашлар самарасида 2018 йилга бориб бу кўрсаткични 11 миллион тоннага етказиш режалаштирилган.
Кўмир қазиб олиш жараёнида қарийб 30 фоиз қаттиқ ёқилғи майдаланиб кетиши оқибатида чиқитга чиқарилади. Юртимизда ишлаб чиқариш, хусусан, замонавий технологияларга асосланган янги саноат корхоналарини ташкил қилишнинг ҳар томонлама рағбатлантирилиши самарасида мазкур хомашёни қайта ишлаб, янги турдаги маҳсулот – кўмир брикетини ишлаб чиқарувчилар ортиб бораётир.
Ҳозирги пайтда мамлакатимизда кўмир брикети ишлаб чиқаришга ихтисослашган олтмишга яқин корхона фаолият кўрсатаётган бўлса, уларнинг қирқдан зиёдини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ташкил қилади. “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида хорижлик сармоядорлар томонидан кўмир брикети ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Jun Long Industrial”, “Bricket Coal Standart” ҳамда “Ангрен кўмир брикет” корхоналари ташкил қилингани бу турдаги тадбиркорликка чет эллик ишбилармонларда ҳам қизиқиш ортаётганидан далолат беради.
Кўмир брикетининг ихчам шаклга эгалиги уни ташиш, сақлаш ва фойдаланишда қулайлик яратади. Қолаверса, оддий кўмир ва бошқа қаттиқ ёқилғига нисбатан узоқ ёниши, таркибида зарарли моддалар камлиги, ёниб бўлгандан кейин ҳам ўзининг бирламчи шаклини йўқотмаслиги ва бошқа афзалликлари кўмир брикетининг аҳоли ўртасида тобора оммалашишига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 2 июлдаги “Республикада кўмир брикетларини ишлаб чиқариш ва сотишни комплекс ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори мазкур маҳсулотнинг аҳоли ва бюджет ташкилотларига сифатли ва мақбул нархда етказиб берилишида муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Эндиликда “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятининг вилоятлар ва Қорақалпоғистон Республикасида ташкил қилинган 14 ҳудудий дистрибьюторлик маркази ҳамда уларнинг 72 филиалида аҳоли ва бюджет ташкилотларига кўмир билан бирга кўмир брикетини сотиш йўлга қўйилди.
Марказларга кўмир брикети етказиб бераётган ишлаб чиқарувчилар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган махсус ишчи комиссиялар томонидан танлов асосида саралаб олинган бўлиб, уларга қатор имтиёз ва қулайликлар яратилган. Хусусан, мазкур корхоналар хомашёни одатдагидек биржа орқали эмас, балки “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти билан тузилган тўғридан-тўғри шартнома асосида харид қилиш имкониятига эга. Қарорга мувофиқ “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамиятига хомашёни зарур миқдорда етказиб бериш мажбурияти юклатилган.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти бош директори ўринбосари Носиржон Умаровнинг таъкидлашича, ҳудудий дистрибьюторлик марказлари орқали аҳоли ва ташкилотларга етказиб берилаётган кўмир брикетининг сифати доимий назоратга олинган. Бунинг учун танлов жараёнида корхонадаги мавжуд ишлаб чиқариш технологиялари, тайёр маҳсулотнинг тегишли сифат сертификатига эгалигига эътибор қаратилади. Қадоқлаш жиҳозларида ишлаб чиқарувчи тўғрисида маълумотлар кўрсатилиши истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим кафолати ҳисобланади.
Президентимизнинг жорий йил 7 июлдаги Республика иқтисодиёти ва ижтимоий тармоқларини 2015-2016 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш комплекс чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорига мувофиқ аҳоли ва бюджет ташкилотларига етказиб берилиши кўзда тутилган 1 миллион 220 минг тонна кўмир маҳсулотининг 240 минг тоннасини айнан кўмир брикети ташкил этади. Хусусан, Андижон, Навоий, Самарқанд, Сурхондарё, Тошкент ҳамда Хоразм вилоятлари аҳолиси учун 100 минг тонна кўмир брикети етказиб берилиши белгиланган бўлса, 140 минг тонна маҳсулот Қорақалпоғистон Республикаси, Наманган, Тошкент, Фарғона, Хоразм вилоятларидаги ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик билан таъминлаш учун мўлжалланган.
“Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти маълумотларига кўра, ҳозирги кунгача халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва соғлиқни сақлаш муассасаларига қарийб 30 минг тонна, аҳолига 17 минг тоннадан зиёд кўмир брикети етказиб берилган.
Кўмир брикети ишлаб чиқаришни янада такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирлар мамлакатимизда энергия ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳолини янада сифатли қаттиқ ёқилғи билан таъминлашга хизмат қилмоқда.