Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўкламни соғиниб яшайдиган 120 ёшли бобо
16:43 / 2020-03-10

Фарғона табиати баҳорда худди зебо келинчак сингари ороланиб, нафақат борлиқда, балки инсон руҳиятида айнан ана шу фаслга мос гўзаллик ва латофат тантана қилади.

Фарғона табиати баҳорда худди зебо келинчак сингари ороланиб, нафақат борлиқда, балки инсон руҳиятида айнан ана шу фаслга мос гўзаллик ва латофат тантана қилади. Бундай оромбахш туйғу ёшу нуронийлар қалбига яна бир олам орзу-умидлар бахш этади.

Фарғонанинг мунис қучоғида жойлашган ва асрларни қаритган Чимён қишлоғи эрта кўкламда қизғалдоғу чучмомаларга бурканадиган пурвиқор қир-адирлари, зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган ялпиз ифорли анҳорлари билан машҳур. Баҳор қишлоқнинг шарқона ҳовлиларидаги сумалак сайиллари, ўлану лапарлар, файзли дастурхонни тўлдирадиган тансиқ таомлар билан ҳам файзли ва тароватлидир.

Чимён қишлоғининг "Баҳор” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи 120 ёшли Бойдада Хўжаев бугунги дориломон кунларга шукрона айтиб, ялангоёқ, лекин кўнгли подшо бўлган олис болалик баҳорларини хотирлайди.

9-faqat saytga.jpg

– Қаҳратон совуқ ва йўқчилик даври бўлган қишдан эсон-омон чиққан кайвони момоларимиз ҳалим ва сумалаклар пиширишарди, –дейди кўзлари анча хира тортган бўлса-да, кўкламни қалбан ҳис этган икки аср билан юзлашган отахон. – Нуронийлар кўклам гиёҳлари билан бир-бирларига “омонлик-сомонлик” тиларди. Хонадонларда тўкинлик ва деҳқончиликда қут-барака бўлиши учун дарвешона, мушкул кушод тадбирлари ўтказиларди. Маҳалла аҳли жам бўлиб, баҳоли қудрат дастурхон тузалар ва ким нима топса ўртага ташларди. Баҳорий таомлар дастлаб бемор ётган хонадонларга киритилар, меҳр-оқибат жуда кучли эди.

Яқинда 120 баҳорига пешвоз чиққан Бойдада ота қишни торгина уйда ўтказиб, зериккан чоғи кўкламнинг ҳидини юрагидан сезди. Гарчи борлиқдаги тароватни кўра олмаса-да, баҳорни негадир жуда яхши кўради. Отахонни хотирасига ҳам қойил қолиш керак. Телевизордан эшитганми, 8 март – Халқаро хотин-қизлар байрами куни қизи, келини ва бошқаларни табриклашни эсдан чиқармади.

Бу табаррук ҳамюртимизни нафақат Фарғона туманида, балки Фарғона вилоятида ҳам барча яхши билади. 2015 йилда Президентимизнинг фармонига кўра, юз ёшдан ошган отахон “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бойдада Хўжаевнинг хонадони доимо ҳамқишлоқлари билан гавжум. Оила қуриш остонасидаги ёшлар, фермеру тадбиркорлар отахоннинг дуосини олишга интилади.

Икки жаҳон урушига гувоҳ бўлган отахон бутун умр ҳалол меҳнат қилди, ҳамқишлоқларига наф келтириш ҳаракатида бўлди. Турмуш ўртоғи Холниса ая билан олти фарзандни вояга етказди. Айни пайтда 31 набира, 47 чевараю 51 эваранинг суюкли бобожониси бўлган Бойдада ота Катта Фарғона канали, “Фарҳод” ГЭСи қурилишларида ишлади. Кейинчалик узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида меҳнат қилиш баробарида косибчилик билан ҳам шуғулланди. Бугун ҳам Чимёнда отахоннинг косибчилик мактаби анъаналари давом эттирилаётир.

Отахоннинг бир армони бор. У ҳали ҳам Иккинчи жаҳон урушида бедарак кетган икки укасини кутади.

Кўкламнинг қуёш ажиб жилва қилган илк кунларида қишлоқ маҳаллаларида дошқозонларда сумалаклар солинди. Бир сиқим тупроқни сиқимлаб кўриб, ерга амал келганини билган чимёнликлар деҳқончилик ҳаракатига тушиб қолди. Бепоён адирлар бўйлаб чўзилган ва яқин кунларда оппоқ чаманзор бўлиб гуллайдиган мевазор боғларда яна ҳаёт тантанаси, меҳнат симфонияси янграйди. Наврўзи олам яқинлашаркан, унинг шукуҳи янада тароватли.

Табаррук отахон қўлини дуога очаркан, яна кўкламга, Наврўзга етказганига шукроналар айтади. Инсон қанча, қандай умр кўриши ҳалол меҳнат, самимият, ўзинг билан бирга, ўзгаларга ҳам тинчлик-омонлик, бахт-омад тилаб яшашда эканига Бойдада ота билан суҳбатдан сўнг яна бир бор амин бўлдик.