Кўчмас мулкни ижарага беришда даромад солиғи бекор қилинадими?
Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.
Президентимизнинг 2020 йил 20 июлдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун аҳоли, тадбиркорлик субъектлари, умумий овқатланиш, савдо ва хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида кўзда тутилган имтиёзлар ҳақида Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари Музаффар НАЗАРОВ ЎзА мухбирига қуйидагиларни сўзлаб берди.
— Фармонга мувофиқ 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар жисмоний шахслар кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлар бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўлашдан озод этилади.
Ҳужжатга асосан, 2020 йил 1 июлдан 2020 йил 31 декабрга қадар ДСҚ дастурий маҳсулоти ёрдамида жисмоний шахсларнинг кўчмас мулкни ижарага беришдан олинган даромадлари бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи автоматик равишда тўхтатилади.
Aгар юридик шахс мол-мулкни жисмоний шахсдан ижарага олган бўлса, кўрсатилган давр учун ижарага берувчидан тўлов ушлаб қолинмайди ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ ҳисоботида солиқ миқдори имтиёз бўлимида тўлдирилиши керак.
Мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага берувчи жисмоний шахсларга солиқ мақсадида ижара тўловларининг энг кам ставкаларини қўллаш тартиби тўхтатиб турилади.
Ижара тўловларининг энг кам ставкалари (Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 9 декабрдаги Қонунининг 12-иловаси) асосида ижара шартномаларини тузиш мажбурияти 2020 йил 31 декабрга қадар бекор қилинди.
Ижарага берувчиларга 2020 йил учун ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида, шу жумладан, тақдим этилаётган солиқ имтиёзларини инобатга олган ҳолда ижара тўловини қайта кўриб чиқиш тавсия этилди.
Бунда жисмоний шахс билан жисмоний шахс, шунингдек, жисмоний шахс билан юридик шахс ўртасида тузилган кўчмас мулк ижара шартномалари бўйича ижара тўлови миқдорини пасайтириш мақсадида ижара шартномаларини қайта кўриб чиқиши мумкин. Юридик шахс жисмоний шахсдан мол-мулкини (бинолар ва автомобиль транспорти) ижарага олган тақдирда, Солиқ кодексининг 388-моддасига асосан солиқ агентлари солиқ ҳисобининг регистрларида жисмоний шахсларнинг улардан солиқ даврида олган даромадлари, жисмоний шахсларга тўлов манбаида қўлланилган солиқ имтиёзлари, ҳисоблаб чиқарилган ва ушлаб қолинган солиқлар ҳисобини юритади.
Қайта тузилган ижара шартномаларини шахсий кабинет орқали электрон тарзда ёки карантин талабларига риоя қилган ҳолда ДСИга ташриф буюрган ҳолда рўйхатдан ўтказиши мумкин. Қайта тузилган шартномалар асосида даромад солиғидан ҳисобланган ортиқча тўлов жисмоний шасхнинг аризасига кўра унинг ҳисобрақамига қайтарилиши ёки унга жорий йил учун ҳисобланган ер ва мол-мулк солиқлари тўловига йўналтирилиши мумкин.