Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Кўчмас мулк жуда кўп ҳолларда хиёнат объекти бўлиб келган
17:57 / 2020-02-27

Тарих гувоҳки, муқаддас каломларда айтилган ҳамда олимларнинг илмий тажрибасида исботланган инкор этиш қийин бўлган шундай факт бор.


“Ер очиқчасига сотилган, қалбаки ҳужжатлар тайёрланган.

Бу ҳолатга йўл қўйган у ким бўлишидан

қатъий назар давлатга хиёнат қилган деб, ҳисоблайман”

Ш.Мирзиёев

Тарих гувоҳки, муқаддас каломларда айтилган ҳамда олимларнинг илмий тажрибасида исботланган инкор этиш қийин бўлган шундай факт бор. Яъни, кўпчилик инсонлар кам миқдордаги мол-мулкка хиёнат қилмасликлари ва ишончли бўлишлари мумкин, аммо тажриба синови субъекти бўлган шахсларнинг асосий қисми катта миқдордаги мол-мулк ва қимматли омонатларнинг тақдири уларга топшириб қўйилганда ўзларининг хиёнатларини ошкор этишган.

Катта миқдордаги мол-мулк — кўчмас мулк жуда кўп ҳолларда хиёнат объекти бўлиб келган.

Шунинг учун ҳам “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон Декларацияси”нинг 17-моддаси 2-қисмига кўра, ҳеч ким зўравонлик билан ўз мулкидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга, шунингдек унинг ҳуқуқларини чеклашга фақат қонунларда назарда тутилган ҳоллардагина йўл қўйилади дейилади.

Мавзуни ўқишимиз билан кўпчилигимизда мулк ҳуқуқи, мулк ҳуқуқи бўлганда ҳам айнан кўчмас мулк ҳақида гап кетаётганда, бу мавзуга дарахтни кесиш масаласини нима алоқаси бор? Дарахтни ноқонуний кесиш бошқа мавзу эмасмикан, деган ҳақли фикр келиши ҳам мумкин. Албатта дарахт табиатнинг ажралмас қисми, ўсимлик дунёсининг энг катта бойлигидир. Шу билан бирга дарахт мулк, мулк бўлганда ҳам жуда қимматли кўчмас мулк саналади. Асоски, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 83-моддасида кўчмас мулк жумласига ер участкалари, ер ости бойликлари, бинолар, иншоотлар, билан бир қаторда кўп йиллик дов-дарахтлар киради деб қатъий белгиланган.

“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 19-моддасида эса,мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини олиб қўйишда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилади ва у кўрган бошқа зарарларнинг ўрни қопланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни тўла ҳажмда қопланади деб кўрсатилгани ҳам бежиз эмас.

Шунингдек, ушбу норма доирасида, олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда (имзо қўйдириб) хабардор қилиши шарт. Олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Лекин, амалда айрим ҳолларда нафақат инсон қўли билан барпо этилган кўчмас мулклар, балки дарахтлар ҳам ноқонуний “снос”га тушиб қолмоқда.

Айнан шу асосда ҳам дарахтларнинг сносга бевосита алоқаси бор. Бошқа кўчмас мулклар снос қилинганда унинг бозор нархидаги зарар ўрни тўлов қилинса, дарахтларнинг бошига ёғилган сносда зарар ўрни 3 баравар қопланиши белгиланганида ҳам ҳикмат бор. Бу ҳикматки, кўчмас мулк сифатида дарахтни кесдик, тирик жон сифатидаги ўсимлик дунёси вакилини яшашдан маҳрум этдинг деган маъно мужассам бунда. Шу ҳикматга амал қилмаганлардан биргина мисолида куни кеча, “Юнус Ражабий” маҳалласи ҳудудидан “Building And Supplies” МЧЖга ажратилган ер майдонидаги кўп йиллик 81 та дарахтлар қонунга зид равишда кесилганлиги ва Яккасарой тумани ҳокимлиги ва “Building And Supplies” МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилганлиги, зарарни ўрнини уч баробар қоплаганлигидан ҳам барчамиз хабардормиз.

Шу ўринда бир фикр келди, “Тошкент сити” ва бошқа ситилар каби ҳамда юзлаб ҳудудларда ноқонуний кесилган дарахтлар, кўчмас мулк сифатида баҳоланмай, зарарларини ўрни қопланмай, қўпориб ташланган дарахтлар учун ҳам қонун талаби бажарилгандами эҳ-е-ее... давлат ғазнасига қанча миқдордаги маблағ тушишини тасаввур-ку қилаяпман. Бироқ, асосийси ўсимлик дунёсига ҳам етказилган улкан зарарни камайтириш борасида мисли кўринмаган миқёсдаги профилактика бўларди ёки бу борада анчадан бери кутаётганимиз – адолат ўрнатилармиди дейман-да. Бунинг натижаси ўлароқ, қурилиш ва ободонлаштириш ишларида ҳам ақл ва илм билан ёндашиш биринчи навбатга чиқармиди. Тағин билмадим.

Лекин, мазкур фикрларни ёзишимга асосий қонунимизнинг конституция ва қонуннинг устунлиги деб номланган 15-моддасидаги, “Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади. Давлат, унинг органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, фуқаролар Конституция ва қонунларга мувофиқ иш кўрадилар дейилганлиги ҳамда 18-моддасидаги Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар деб кўрсатилгани омил бўлди.

Энди снос масаласида, бугун яна снос масаласи “бренд”да десак бўлади, чунки, ер участкаларини ҳужжатсиз ёки асоссиз эгаллаб олиш ҳолатларига нисбатан кураш акцияси бошланди. Бир сўз билан айтганда, давлат ўз мулки бўлган ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахсларнинг ноқонуний эгалигидан ҳимоя қилиш ва ҳуқуқбузарларга нисбатан чора кўришни бошлади.

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ерга қурилган ноқонуний иморатларни бузиб ташлаш эса, айнан снос деган тушунчани ичида ўтиради. Янги йўл, Чиноз, Қибрай, Бўстонлиқ, Зангиота, Сариосиё (қисман), Олтинсой, Жарқўрғон, Шовот, Жиззах ва бошқа деярли барча қишлоқ туманларидаги ҳолатлар бунга мисолдир. Бу мисоллар ноқонуний ва ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига нисбатан давлатнинг мулк ҳуқуқини абгор кафолатлари билан боғлиқ эди. Давлатимиз раҳбари томонидан охирги бир ярим ой давомида ўтказилган хатлов натижасида республика бўйича 20 минг гектарга яқин майдон ноқонуний эгаллаб олингани, аслида бундан анча кўп ер ўзлаштириб олинганига ҳам аминман деб таъкидланганлари чуқур мушоҳада юритишимизга чорловчи таъкиддир.

Кейинги ҳолатлар эса, эгаликка қонуний олинган яъни белгиланган тартиб-таомиллар асосида тадбиркорлар ва фуқароларнинг кўчмас мулкларига нисбатан снос эса, фуқаро ва тадбиркорга қонуний ажратилган ерни давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиби асосида амалга оширилади. Ер эгасининг розилиги билан компенcация тўлиқ берилганидан сўнг олиб қўйилишидир. Ушбу тартиб бузилаётганлиги акс этган ижтимоий тармоқлардаги қатор ҳолатлар ва мулкдорларнинг кўчмас мулк ҳуқуқи бузилаётганлиги ҳақидаги тегишли идора ва оммавий ахборот воситаларига қилаётган тизимли мурожаатлари – хусусий мулк бўлган кўчмас мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминланишининг ҳали ҳануз абгор ҳолатини намоён этмоқда.

Яна бир ҳолатда эса, аҳолининг хусусий мулк ва унга эгалик ҳуқуқини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан бузилиши, қонун номувофиқ тарзда чекланишидир. Мазкур важимизнинг исботини учун 2019 йилда биргина маҳаллий ҳокимликларнинг 1255 та қарорларини судлар томонидан ҳақиқий эмас деб топилганлигини келтиришнинг ўзи-ёқ етарли бўлади.

Шунингдек, айтайлик давлат ва хусусий мулкдор низоли ер участкасига тегишли бўлган ҳуқуқ юзасидан тортишмоқда. Бу низо аксарият ҳолатларда давлат, яъни маъмурий тизим фойдасига ҳал этилаётганлигини ҳам ортиқча изоҳлаш шарт эмас. Ушбу ҳолатлар ҳам хусусий мулкни кафолатлари тўла таъминланмоқда деб катта-катта гапириб юбораётган кунимизда ҳали бу кафолатлар ҳам кемтик эканлиги бор гап. Хусусий мулкнинг амалда кемтик кафолатларини эса, аввало тадбиркорлик, бизнес муҳитига, инвестициявий жозибадорликка, солиқ юкига салбий таъсир этувчи, ислоҳотларга ишончни ичидан емириб борувчи, иқтисодий тараққиётга ғовдек, маҳкам ёпишиб олган зулукка қиёслаш мумкин.

Айтиш жоизки, бугун мулк ҳуқуқи кафолатларини таъминлаш юзасидан кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, шу соҳада биргина 2017 йилнинг ўзида давлатимиз раҳбарининг 6 та ҳужжати қабул қилинди, кейинги икки йилда эса, 20 га яқин қонун ҳужжатларига тузатишлар, йўлга қўйилаётган дастурлар ва чора-тадбирлар бу ислоҳотларнинг шиддати ва кўламини, бугунгача бу борада эришаётган натижаларимизни ҳам ҳеч ким инкор этмаслигига асос бўлади ҳамда айтиш ўринлики, эришган натижаларимизни биздан ҳеч ким тортиб олмайди. Шундай экан, бу борадаги қилинган ишларга тўхталишнинг зарурати йўқ. Ёки, бошқача қилиб айтганда ҳамма билиб, кўриб турган воқеликка урғу бериш, номма-ном санаб ўтиш ортиқчадир.

Шу билан бир қаторда, соҳадаги муаммо ва камчиликлар хусусида жуда кўпчилик ўз фикрини айта олади, шунингдек, оғиз тўлдириб танқид ҳам қилиш, ижтимоий тармоқларда ўз савиямиз даражасида постлар ёки шарҳлар қолдиришимиз ҳам мумкин. Бу кўп қийин масала эмас. Аммо, мулк ҳуқуқининг абгор ҳолатдан олиб чиқишнинг ечими қандай? Аниқ таклифларингиз? Жўяли тавсияларингиз? Ушбу муаммоларни ечимини белгилаб берувчи чора-тадбирларингиз? Таклиф этадиган дастурларингиз? Деган саволлар барчамизни бирдек ўйлантириш лозим.

НИМА ҚИЛИШ КЕРАК?

Биринчидан, кучли ижро механизмига эга бўлган қонунчилик базасини яратиш лозим. Нега? Чунки, бугун амалдаги Фуқаролик, Ер, Шаҳарсозлик кодексидаги, “Мулкчилик тўғрисида”ги,“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, Фермер хўжаликлари, Деҳқон хўжаликлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг мулк ҳуқуқи кафолатларини тўғридан-тўғри таъминлаш кучи чамалаб айтганимизда 50-60 фоизга тенг бўлса, кўплаб қабул қилинган қонундан кейин турувчи ёки қонунларнинг ижроси учун хизмат қилувчи қонун ости ҳужжатларидаги давлат ҳокимияти органларининг ортиқча ва айрим ҳолларда қонунларда бўлмаган нормаларни ҳам уларни ижро этиш тартибини ўз ҳужжатларида белгилаб олганлик ҳолатларини кенг илдиз отган амалиёти қонунларимизнинг ижро механизмини, ижро самарадорлигини янада пасайтирмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Жиноят, Маъмурий жавобгарлик ва Фуқаролик кодексларида мулк ҳуқуқини бузганлик билан боғлиқ зарарни тўла ундириш, жумладан, олиниши мумкин бўлган олинмай қолган даромад, бой берилган фойдани ундириш механизмларининг самарасизлиги, жиноий, маъмурий ва молиявий жавобгарлик санкцияларини зарарга нисбатан мақбул эмаслиги каби омиллар ҳам таъсир этмоқда.

Шу маънода, юқорида кўрсатилган кодекс ва қонунларда ҳуқуқбузар шахс ва мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган тузатишлар киритиш ҳамда бу соҳадаги қонун ости ҳужжатларини яхлит қонунларга ўтказиш орқали имкон қадар бекор қилиш, қисқартиб, соддалаштириб, асосий нормаларини айниқса, снос, компенсация ва олиб қўйиш тартиби, уни амалга оширишнинг кетма-кетлик босқичлари ва тартибга оид номларини ҳам айнан қайд этилган қонунларга имплементация қилиш бугуннинг кечиктириб бўлмас талабидир.

Ушбу мақсадда, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 15-19-боблари асосида, “Давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти учун ер участкасини ажратиш тартиби тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш даркор. Катта эҳтимол билан бугун мулк соҳасида олиб борилаётган шиддатли ислоҳотлар санаб ўтилган қонун ва қонунлар лойиҳалари келажакда мулк кодексини ишлаб чиқишга асос ҳозирласа ҳам ажабланмайман.

Иккинчидан, ер ажратиш, кўчмас мулкни сноси ва давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаси ва бино-иншоотни олиб қўйишда ҳар қандай маъмурий тизим ва воситадан, айниқса оғзаки топшириқ ва кўрсатмадан, айниқса, йиғилиш ва мажлисларда, турли Ишчи гуруҳ баённомаларида мулк ҳуқуқига дахлдор меъёрлар белгилаш амалиётидан бутунлай воз кечиш долзарб масала ҳамда энг оғриқли ҳақиқатдир. Демак, аввало давлат хизматчиларининг мулк ҳуқуқига ва уни кафолатловчи қонун ҳужжатларига ҳурмат ва оғишмай амал қилишларига эришиш мулк ҳуқуқи кафолатларининг абгор ҳолатдан чиқиб кетишида асосий ўрин тутувчи омил десак ҳам адашмаймиз.

Учинчидан, аҳоли ҳуқуқий маданиятини ошириш, соҳада қонун устуворлигини аҳоли томонидан сўзсиз тан олишнинг, одамлар онгида мулк ҳуқуқи табиий ҳуқуқларимизнинг ажралмас бир қисмини ташкил этишини сингдириш каби таъсирли комплекс тарғибот Концепциясини ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Хулоса ўрнида шундай фикрларни келтириш мумкинки, биринчидан, бугун ер-мулк, ер участкаси энг бозори чаққон ва даромадли товарга айланиб улгурган бўлса, иккинчидан аҳолининг ўсиши шаҳар ҳудудидаги мақбул ер участкаларига эҳтиёжни жадал суратлар билан ошираётган бўлса, қишлоқ жойларида ҳам сувли ерларга талаб шу даражада ошиб бораверади. Тошкент шаҳри ва Зангиота, Қибрай тумани, вилоятлар пойтахт шаҳарларининг маълум ҳудудлари, Ургут, Сариосиё ёки Денов туманида (суғориладиган ер) бир сотих ер участкасининг нархида деярли фарқ йўқ. Албатта бу талабдан келиб чиқувчи табиий жараёндир. Ана шу табиий жараёнда, бозори чаққон товар бўлган ер участкаси атрофида қонуний ва ноқонуний ишлар кузатилади. Чунки, бир тарафда давлат ва унинг ваколатли органлари (таклиф берувчилар), иккинчи тарафда аҳоли (таклифдан кўра жуда юқори талаб) бунда ким бўлишимиздан қатъий назар ер-мулк масаласида 34 миллион аҳолининг манфаати — бир оила манфаати деб қарашимиз, барчамиз бир оила сифатида аравани қонун устуворлиги, умумхалқ, давлат ва жамият манфаати сари етаклашимиз лозим бўлади.

Нуриддин Муродов,

ҳуқуқшунос