French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уй ҳайвонларини кўчада олиб юриш қоидаларини биласизми?
09:00 / 2019-09-29

Тасаввур қилайлик, зотдор ит ёки мушук билан сайрга чиқдик.


Тасаввур қилайлик, зотдор ит ёки мушук билан сайрга чиқдик.

Биз билан яна қандай ҳуқуқ ва мажбуриятлар “сайр”га чиқишини ҳам биламизми?

Қўлимизда арқон борлигини ҳис этгандек, зиммамизда қандай “Street law” яъни кўча ҳуқуқи маданиятига амал қилиш ҳақида ўйлаймизми?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2011 йил 8 июлда “Қаровсиз қолган ҳайвонларни тутиш ва сақлаш билан боғлиқ хизматлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 202-сонли Қарори қабул қилинган.

Мазкур Қарор билан VI бўлим, 26 банддан иборат “Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидалари” тасдиқланган.

Унга кўра, ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикаси аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни (хизмат итлари бундан мустасно) сақлаш тартибини белгилайди ҳамда итлар ва мушукларнинг барча эгалари, шу жумладан юридик шахслар учун ҳам мажбурий ҳисобланади.

Демак, ҳужжатнинг 11-бандига кўра:

итлар ва мушукларни умумий овқатланиш корхоналарига, озиқ-овқат дўконлари ва бошқа дўконларнинг савдо ва ишлаб чиқариш залларига олиб кириш;

итлар ва мушукларни кўпчилик борадиган жойларда (пляж, ҳовуз, фаввораларда ва ҳоказоларда) чўмилтириш ёки ювиш;

итлар ва мушукларни умумий фойдаланиладиган жойлар, зинапоя майдончалари, чердаклар, ертўлаларда, шунингдек ошхоналар, балконлар ва умумфойдаланишдаги пешайвонларда сақлаш;

қўриқчи итларни таълим ва тиббиёт муассасаларида сақлаш;

маст ҳолатдаги шахслар ва 14 ёшдан кичик болаларнинг итларни сайр қилдириши тақиқланади.

Ҳужжатнинг 12-бандига кўра:

Ит бўйинбоғига жетон маҳкамланган ҳолда етовда олиб юриб сайр қилдирилиши керак. Жетонда итнинг лақаби, ит эгасининг манзили, телефон рақами кўрсатилиши керак.

Ит очиқ жойларда сайр қилдирилганда у тумшуқбоғда ва 2 метргача узунликдаги етовда, жамоат жойларида 1 метргача узунликдаги етовда бўлиши керак, тумшуқбоғсиз ва етовсиз фақат махсус ажратилган майдонларда сайр қилдиришга рухсат берилади.

Ҳужжатнинг 19- бандига кўра:

Ит ёки мушук одамларни ёки ҳайвонларни тишлаган тақдирда уни дарҳол текшириш ва 10 кун муддат ажратиб қўйиш учун ветеринария бўлимига олиб келиш ҳамда биринчи ва такрорий ветеринария кўриги ҳақидаги маълумотномани ветеринария бўлимидан олиш ва уни тишлашдан жабрланган шахсга дарҳол топшириш керак.

Унутманг, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларида ит ва мушук боқишнинг қоидаларини бузиш, худди шунингдек мансабдор шахслар томонидан эгасиз ҳайвонларни қутириш чораларини кўрмаганлик —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг ўндан бир қисмидан иккидан бир қисмигача, мансабдор шахсларга эса — иккидан бир қисмидан бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик фуқароларнинг соғлиғи ёки мол-мулкига зарар етишига олиб келса, —

фуқароларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисмидан бир бараваригача, мансабдор шахсларга эса — бир бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тўғри, соя-салқин кўчаларда, сўлим истироҳат боғларида ит етаклаб юрган юртдошларимизга кўзингиз тушади. Майлида, ишдан чарчаб келганда ёки тоза ҳавода айлангиси келганда ҳар ким ўзи хоҳлаганича ҳордиқ чиқаради. Бу ҳар бир инсоннинг шахсий ҳуқуқи.

Аммо, бу шахсий ҳуқуқ бошқа инсонларнинг эркинликларини бузиш, шахсий дахлсизлиги ва саломатлигини хавф остида қолдириш, жамоат тартибини бузиш эвазига амалга ошириш дегани эмас.

Ой-кун санаб минг бир ҳаяжон билан кўчадан ўтаётган ҳомиладор аёлнинг соғлигига хавф солиш дегани эмас.

Умумфойдаланишдаги жойларда итлар ва мушуклар қолдирган экскрементларни дарҳол йиғиштириб олиш махсус анжомни уйда қолдириб чиқса бўлади дегани эмас.

Ота-онасидан қўрқиб, кўчадаги ит ёки мушук тишлагани ҳақида чурқ этмаган болакайнинг қутириш касалига чалинишига сабабчи бўлиб қолиш дегани эмас.

Шундай экан, кўча ҳуқуқи маданиятига риоя қилайлик.

Парваришлаётган ит ёки мушугимизни сайрга олиб чиққанда уларнинг бўйинбоғи, тумшуғбоғи ва жетонини тақиб олишни унутмайлик!!!


photo5411132217540848441.jpg


photo5413327139102632635.jpg


photo5413451478405851991.jpg